Германияда ҳатто ёмғир сувини ҳам қайта ишлашади

17:29 28 Май 2019 Жамият
418 0

Германияда сув қиммат. Лекин улар буни обиҳаётдан нооқилона фойдаланиш оқибатида одамлар йўқотаётган бойлик олдида арзимас нарх деб ҳисоблашади.

Яқинда Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида Германияга медиа-тур ташкил этилди. Сувни тежаш, оқова сувларни тозалаш ва сув соҳасини бошқаришнинг бошқа йўналишлари бўйича немис тажрибасини ўрганиш мақсадига қаратилган мазкур тадбир “UzWaterAware” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.

Сафар чоғида биринчи эшитганимиз Германияда сув учун юқори нарх белгилангани ҳақида бўлди. Ваҳолонки, мезбон мамлакатда ушбу табиий ресурс танқислиги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ экан. Боиси ёғингарчиликларнинг мўл бўлиши, ер ости сувларининг бой захираси, қолаверса, дарёлар ва кўллар маҳаллий аҳолини ҳали кўп йиллар давомида бебаҳо неъмат билан таъминлай олади.

Буни қарангки, сувга нисбатан юқори нарх белгиланиши Германияда обиҳаётни тежашга йўналтирилган ягона чора эмас экан. Бу ерда кейинчалик қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун оқова сувларни тозалашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, қарийб тўрт миллион киши яшайдиган Берлинда олтита сув тозалаш станцияси бор. Ҳар бири ўзига хос индивидуал асосда ишлайди. Уларнинг ичида энг илғорлари эса кимёвий ва дорилаш воситаларини қўллашдан аллақачон воз кечиб, сувни микроорганизмлар ёрдамида тозалаш усулига ўтгани диққатга сазовор.

Хусусан, бу борада “Berlin Water Works” компаниясининг “Berliner Wasserbetriebe” тозалаш станцияси тажрибаси жуда қизиқ. Айни шу иншоотда тур иштирокчилари, чунончи, Сув хўжалиги вазирлиги (“UzWaterAware” лойиҳаси миллий ҳамкори), қатор ННТ, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг сув тозалаш компанияси мутахассислари билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

— Германияда ёмғир суви канализация тармоғига оқиб тушади ва у ердан тўғридан-тўғри сув тозалаш иншоотига юборилади, — дейди станция раҳбари Арни Кучмера. — Берлинда илк сув тозалаш станцияси 1856 йилда пайдо бўлган. Ўша пайтдан аҳоли илгари барча ахлатлар оқиб келадиган Шпрей дарёсини асраб қолиш ҳақида ўйлай бошлаган. Вақт ўтиши билан шу каби яна бошқа иншоотлар барпо этилган. Станциямизда ишлаш тамойили сувни тозалашнинг бир нечта босқичини ўз ичига олади. Аввалига махсус технологиялар ёрдамида ундан йирик чиқиндиларни ушлаб қоламиз. Сўнгра сув ой давомида туради, тиндирилади. Бу лойқа чўкиши учун керак. Шундан кейин ундаги биологик аралашмаларни йўқотиш учун микроорганизмлар билан бойитамиз. Ва ниҳоят навбат — аэрация (ҳавога тўйинтириш) жараёнига етиб келади. Шундай қилиб, бир кунда қарийб 250 минг куб метр сувни тозалашнинг уддасидан чиқамиз.

Тозалаш станциялари фаолияти шарофати билан шаҳарга туташиб кетган қишлоқ хўжалиги ҳудудлари зарур ҳажмда тоза сув билан тўлиқ таъминланади, дарёга ҳам тозаланган ва хавфсиз сув бориб тушади.

Юқори тўлов ҳақида гап кетганда, нима дейиш мумкин? Германия пойтахти ва Федератив Республиканинг бошқа ерларидаги ҳар бир аҳоли сувдан фойдаланиш учун каттагина пул тўлайди. Ҳатто берлинликлар бунинг учун бошқаларга нисбатан анча кўп маблағ сарфлайди. Бу, албатта, сувни тозалаш учун кетаётган салмоқли харажатлар ва саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ.

Сафар давомидаги кейинги манзил “Berlin Water Works” компаниясининг сув чиқариш станцияси бўлди. У Берлин аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашга масъулдир. Арни Кучмера мазкур завод фаолияти ҳақида сўзлаб берар экан, Германия ер усти ресурсларини асраб-авайлаш учун ер ости сувлари истеъмолига ўтаётганини қайд этди. Боз устига, сув транспорти фаолияти сабаб ер усти сувлари ишлатишга тобора камроқ яроқли бўлиб бораётир. Ер ости қудуқлари чуқурлиги эса 30 метрдан 170 метргача етади, бу сув сифати ҳамда унда зарарли моддалар йўқлигини таъминлайди. Шунга қарамай, аҳолига етказишдан олдин сувга ультрабинафша билан дастлабки ишлов берилади.

Бундай ёндашув боис Берлин ва Германиядаги бошқа қатор ерларда жўмракдан сув ичиш, экспертларнинг фикрича, мутлақо, хавфсиздир. Ваҳолонки, камроқ харажат талаб қиладиган ер усти сувларини истеъмол қилиб келаётган қатор давлатларда эса аянчли оқибатларни келтириб чиқарган ҳолатлар ҳам кузатилгани кўпчиликка аён.

Тўхталиб ўтганимиздек, Берлинда ушбу муаммо тўлалигича ҳал этилган. Биргина “Berliner Wasserbetriebe” заводи йилига шаҳар аҳолиси учун 350 миллион куб метр тоза сув етказиб беради. Шу сингари станциялар, ўз навбатида, обиҳаёт ресурсларидан фойдаланиш ҳажми, тиғиз пайтда зарур сув миқдори мониторингини ҳам олиб боради. Ҳатто сувни барқарор етказиб бериш босимини назорат қилиш учун футбол ўйинлари ўртасидаги танаффуслар ҳам инобатга олинар экан.

Кези келганда холис айтиш лозим, Германиянинг ҳамма ерларида ҳам ер ости сувларидан фойдаланиш принципи жорий этилмаган. Мисол учун, Кёльн шаҳри аҳолиси ҳанузгача Рейн дарёси суви, мюнхенликлар эса шу мақсадда эриган қор-муз сувларини ишлатиб келмоқда.

Атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги вазирлиги вакиллари ҳам сувни тежаш бўйича қизиқарли фактлар ҳамда нуқтаи назарларини меҳмонлар билан ўртоқлашдилар.

— Биз табиатни ҳимоя қилишдан манфаатдормиз, — дейди вазирликнинг ҳамкорлик бўйича бўлими раҳбари Юрген Кейнхорст. — Шу мақсадда турли мамлакатлардаги соҳа вакиллари билан шериклик алоқаларини ўрнатяпмиз. Зеро, сайёрамизнинг кўплаб нуқталарида иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар намоён бўлмоқда. Марказий Осиё ҳам бундан мустасно эмас. Ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада кўтарилиши, оқибатда тоғ музликларининг эриши бунга мисол бўла олади. Шунинг учун ҳам вазирлигимиз ўзбекистонлик мутахассислар билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади, табиатни муҳофазалашга қаратилган улкан лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Ўзбекистоннинг тоғли туманларида тупроқни эрозия (емирилиш)дан сақлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа ана шундай ташаббуслардан биридир. “Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус” минтақавий лойиҳаси ҳам бу борада муҳим ҳисобланади. Қўшма лойиҳа чала чўлларни муҳофаза қилиш ва улардан барқарор фойдаланишга йўналтирилган. Бугунги кунда чала чўллар деградация хавфи остида турибди. Бу табиий ресурслардан сурункали (экстенсив) фойдаланиш, яйлов чорвачилигининг беқарорлиги, қолаверса, йирик инфратузилма лойиҳалари билан боғлиқ. Бундай чўлларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш чорва моллари турлари ва уларнинг яшаш жойларининг ўнглаб бўлмас йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Юрген Кейнхорстнинг сўзларига кўра, айни пайтда Германияда атроф-муҳитни асраб-авайлаш бўйича сезиларли чора-тадбирлар қабул қилиняпти. Атом энергетикаси ва кўмир қазиб олишдан воз кечиш шулар жумласидандир. Бинобарин, бу заминда энергиянинг муқобил манбаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозир зарур энергиянинг қарийб 40 фоизи айнан шундай манбаларга тўғри келаётгани ҳам буни тасдиқлайди. Уларнинг салкам 13 фоизи махсус ажратилган жойларга ўрнатилган шамол қурилмаларидан олиняпти. Айни чоғда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳам лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиниб, янгиларини ишлаб чиқиш давом эттирилмоқда.

Тўғри, қайта тикланувчи энергия манбалари табиий ресурсларга нисбатан қимматга тушади. Аммо табиий ресурсларни беҳуда сарфлаш келажакда инсониятга қанчага тушиши инобатга олинса, бунинг олдида юқоридаги усулни қўллаш арзимас нархга айланади, деб ҳисоблайди германияликлар.

Ер куррасининг учдан икки қисми сув билан қопланган, бироқ унинг 97,5 фоизи фойдаланиш учун яроқсиз. Қолган 2,5 фоизигина чучук сув ҳисобланади. Шундан 79 фоизини абадий музликлар ташкил этса, яна 20 фоизи ер ости сувлари таркибидан жой олган. Сайёрамиздаги сув ресурсларининг бир фоизигина дарё ва кўллар ҳиссасига тўғри келади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, аслида сувларнинг бундай кичик фоизлари ҳам Ерда яшовчи ҳар бир инсон учун етарлидир. Аммо обиҳаётдан нооқилона фойдаланиш, унга нисбатан бефарқ ва беэътибор қараш туфайли турли мамлакатлар аҳолиси тоза ичимлик суви танқислигини бошдан кечирмоқда.

Агар бу борада ҳеч қандай чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб, қарийб беш миллиард киши яхши тозаланмаган сувдан фойдаланишга мажбур бўлади. Бу дунё аҳолисининг салкам 67 фоизи деганидир!

Бугунги кунда ҳар бир ерлик учун йилига тахминан 750 куб метр чучук сув тўғри келади, 2050 йилга бориб бу миқдор 450 куб метргача қисқаради. Дунё мамлакатларининг 80 фоизигача БМТ таснифи бўйича сув ресурслари танқислиги тоифасидаги минтақалар орасидан жой олади. Биргина Африканинг ўзида иқлим ўзгаришлари сабаб 2020 йилга бориб 75 миллиондан 250 миллионгача одам ана шундай вазиятга дучор бўлади.

Дилдора РАУПОВА, “Халқ сўзи”.
Тошкент — Берлин — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019