Германия компанияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида 27 млн долларлик лойиҳаларни амалга оширади

12:07 30 Август 2018 Жамият
384 0

Жиззахда вилоятнинг сармоявий салоҳиятини ошириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга бағишланган халқаро инвестицион форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳамда Германиянинг нуфузли “VAMs GmbH” компанияси раҳбари Исроил Изохов ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдам соҳасида янги инвестиция лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, юқоридаги ҳамкорлик доирасида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимига хусусий инвестицияларни жалб қилиш, нефрология соҳасида дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун саноат комплексини яратиш кўзда тутилмоқда. Натижада, мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида мавжуд гемодиализ қурилмалари модернизация қилинади ва уларнинг замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари амалга оширилади. Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари бўйича гемодиализ хизматини кўрсатувчи 20 га яқин янги тиббий клиникалар ташкил этилади. Бундан ташқари, 2019 йилда Жиззах шаҳрида туманлараро гемодиализ марказини очиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, гемодиализ учун тиббий материалларни ишлаб чиқарувчи завод қурилади.

Ушбу келишув бўйича 2022 йилгача режалаштирилган инвестиция ҳажми 27 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумот учун, Жиззахдаги халқаро форумда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Греция, Испания, Россия, Беларусь, Латвия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония, БАА, Исроил, Қозоғистон, Сингапур сингари 28 мамлакатдан 300 га яқин иштирокчи қатнашмоқда. Шунингдек, чет эл дипломатик миссиялари, қатор халқаро молия институтлари, йирик хорижий компаниялар вакиллари ҳам иштирок этишяпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар