Германия ишбилармонлари Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқмоқда

13:15 25 Январь 2019 Сиёсат
354 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери Ангела Меркелнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф доирасида Берлинда Ўзбекистон — Германия ишбилармонлари бизнес форуми, шунингдек, қатор тадбирлар, тақдимотлар бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган икки мамлакат вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари Ўзбекистон — Германия ҳамкорлиги истиқболлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Экхарт ФРАНЦ, Германия Федератив Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари:

— Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар менда катта таассурот қолдирди. Давлатингиз раҳбари томонидан жадал иқтисодий ислоҳотлар ўтказилаётгани ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда. Ўзбекистон — Германия бизнес форумида 300 дан ортиқ германиялик тадбиркор қатнашгани мамлакатингиз билан савдо алоқаларини ривожлантириш, инвестиция киритиш ва бизнес юритишга катта қизиқиш борлигидан далолат.

Ўзбекистон — Германия ҳукуматлараро ишчи гуруҳи мажлисида иштирок этиш асносида ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан иқтисодий соҳалардаги шерикликнинг устувор йўналишларини таҳлил қилдик. Шуни мамнуният билан қайд этишни истардимки, ушбу йўналишдаги ҳамкорлик учун мамлакатларимизда салоҳият юқори. Юртингизнинг дунё ҳамжамияти учун тобора очилиб бораётгани унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириб, ўзаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Алишер ШОДМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:

— Германия тиббиёти саратон касалликлари билан боғлиқ масалаларни муваффақиятли ечиб келмоқда. Шу боис онкология соҳасида Германия билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Хусусан, бир нечта лойиҳалар бўйича шартномалар имзоладик. Жумладан, Тошкент туманида онкология маркази бунёд этишга келишдик. Бу ерда лойиҳанинг асосий ҳамкорлари — “OPASCA” компанияси ва Маннҳайм университети клиникаси мутахассислари фаолият кўрсатади. Марказ Ўзбекистонда онкологларни тайёрлашга ҳам катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида онкология учун махсус марказ ташкил этиш бўйича “Fresenius Vamed” компанияси билан шартнома имзоланди. Мазкур клиникада ҳам немис мутахассислари иштирокида саратон хасталикларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш бўйича янги мактаб яратилади.

Алишер МИРСОАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси:

— Икки мамлакат ишбилармонлари бизнес форуми доирасида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда Германиянинг учта банки ўртасида 500 миллион евролик шартномалар имзоланди. Ушбу кредит маблағлари мамлакатимизга Европанинг энг замонавий ускуна ва технологияларини олиб келиш имконини беради. Натижада экспортбоп ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми янада кенгаяди.

Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида банклар нафақат маблағ жалб қилиши, балки бизнес ҳамкорлар топиши ҳам зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, форумда германиялик ҳамкорлар билан жами қиймати 100 миллион еврога тенг яна 4 та йирик лойиҳа бўйича келишувга эришдик. Мазкур лойиҳалар тўқимачилик, тиббий анжом ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида бўлиб, мингдан зиёд қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.

Юрген РИХТЕРИН, ЕТТБ вице-президенти:

— Ўзбекистондаги фаолиятимиз 2016 йилдан бошлаб изчил ривожланмоқда. Сўнгги 18 ой мобайнида қиймати 500 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 16 та лойиҳани рўёбга чиқаришга оид ҳужжатлар имзоладик. Бугун газ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган 250 миллион АҚШ долларига тенг шартномага имзо чекдик. Келгусида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда хусусий сектордаги фаолиятимизни янада ривожлантириш ниятидамиз.

Жон ван дер ВЕЛДЕН, “Linde” концерни бошқаруви аъзоси:

— Форум доирасида ўзбекистонлик вакиллар билан Хоразмда газ-кимё мажмуасини ривожлантириш бўйича музокара олиб бордик. Бу лойиҳада қатнашишдан мамнунмиз. Уни амалга ошириш учун олдиндан инвестиция киритишга, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш устида иш олиб боришга тайёрмиз.

Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасидаги салоҳияти юқори. Саноатнинг ушбу тармоғида қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани боис мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Бизнинг келишувимиз газни нафақат экспорт қилиш, балки қайта ишлаш, нефть-газ маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйишни назарда тутади.

Кетлин ГЁБЕЛЬ, “CULTURAL cooperation international” компанияси директори:

— Ташриф арафасида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида юртингиз маданий меросига оид китоб-альбом тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳа мамлакатингиз маданияти ва санъатини ўрганиш, уни тарғиб қилишга бағишлангани билан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашни истардим. Боиси, тақдим этилган китобда Германияда сақланаётган Ўзбекистон маданияти ҳамда санъатига оид ноёб мерос ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Улар орқали Ўзбекистон билан яқиндан танишиш, юртингиз ҳақидаги билимларни ошириш мумкин.

Заша ХЕНДЛЕР, “Textima Export Import” компанияси савдо директори:

— Мамлакатингиз билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги ҳамкорлигимиз самарали кечмоқда. Ўзбекистоннинг қатор банклари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаганмиз. Келгусида ўзаро алоқалар янада ривожланишига ишонамиз. Бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида ўзбекистонлик шериклар билан учрашиш, истиқболли лойиҳалар бўйича мулоқотни йўлга қўйиш имконига эга бўлдик.

Клаус БОНЕМАН, “Wehrhahn” қурилиш компанияси директори:

— Қурилиш соҳаси технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компаниямиз бир йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда мамлакатингизнинг яна бир компанияси билан бетон саноатида ғовак тош ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш бўйича музокара олиб бордик. Ишонамизки, бу ускуналар амалиётда кутилган самарани беради. Бундан ташқари, ўтган йили юртингизда бўлиб ўтган халқаро инвестиция форуми доирасида Тошкент, Самарқанд ва Жиззах шаҳарларидаги саноат корхоналарида компаниямиз технологияларини ўрнатиш тўғрисида меморандум имзолаган эдик. Шу каби келишувларимиз Ўзбекистонни сифатли, замонавий қурилиш материаллари билан таъминлаш имконини беради.

Фальк ПОРШЕ, “Дойче Кабель АГ Тошкент” қўшма корхонаси ижрочи директори:

— Ўзбекистон бозорида 20 йилдан буён фаолият юритиб келяпмиз. Мазкур иқтисодий форумда қатнашиш учун 250 дан ортиқ ўзбекистонлик тадбиркорлар Берлинга ташриф буюрганини эшитиб қувондик. Мазкур йирик анжуман ҳам мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кўплаб ташаббус ва ислоҳотлар натижасидир. Биз ҳам Ўзбекистон энергетика соҳасига инвестициялар киритиш истагидамиз.

Франк ХУБРИХ, “Takraf” компанияси бошқаруви раиси ва бош директори:

— Компаниямиз тоғ-кон саноати соҳасида фаолият юритади. Ҳозирги кунда ичимлик сувини қайта ишлашга мўлжалланган янги технологиялар ишлаб чиқариш бўйича ҳам ўз хизматларимизни таклиф этмоқдамиз. Хусусан, мамлакатингизнинг кимё саноати соҳасига ихтисослаштирилган компаниялари билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз.

Ўзбекистон тоғ-кон саноати корхоналари учун керакли “Ташкура” технологиясини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси фаолиятида қатнашяпмиз. Бугун шериклик муносабатларини кенгайтириш имконияти яратилмоқда. Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар инвесторлар ишончини мустаҳкамлаяпти.

Ўзбекистонда Германия фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Эндиликда бизнес доира вакиллари ёки сайёҳлар юртингизга бемалол сафар уюштириши, Шарқ тамаддунига бешик мамлакатингиз тарихи ва бугунги ривожланиш жараёни билан бевосита танишиши мумкин.

Ханс-Юрген ХЕННЕС, Маннҳайм университети клиникаси раҳбари:

— Клиникамизда, асосан, онкологик соҳада илмий текширувлар олиб борилади. Хорижий тиббий муассасалар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу тўпланган бой тажриба билан ўртоқлашиш имконини беради. Бугун ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон билан ҳам йўлга қўйилаётганидан мамнунмиз. Юртингиз шифокорлари учун турли ўқув амалиётлари, малака ошириш курслари орқали ўз билим ҳамда тажрибамизни ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бўлишиш истагидамиз. Шунингдек, турли лойиҳалар доирасида Германия тиббиёти ютуқларини мамлакатингизда ҳам татбиқ қилиш имкониятларини кўриб чиқамиз.

Карстен ФЮЛЬСТЕР, Халқаро молия корпорацияси минтақавий директори:

— Ўзбекистонда жадал ислоҳотлар юз бераётганидан хабардормиз. Бу жараён германиялик тадбиркорларга мамлакатингизда ўз бизнесини йўлга қўйиш ва у ердан туриб Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўз фаолиятини олиб боришига имкон яратади. Халқаро молия корпорацияси номидан шуни айтишим мумкинки, биз Ўзбекистонда истиқболли ривожланиш жараёнини кузатмоқдамиз. Шу боис, мамлакатингизда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб, иш ўринлари яратилишига кўмаклашамиз.

Мен мамлакатингиздаги ислоҳотлар юксак самаралар беришига ишонаман ва бу йўлда омадлар тилайман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес форуми турли соҳадаги тадбиркорлар ҳамда ҳамкорлар мулоқоти янада ривож топиб боришидан далолат беради.

Маттиас РЕСЛЕР, сиёсатчи, Саксония Ландтаг парламенти президенти:

— Германия билан Ўзбекистон ўртасида маданий-маърифий алоқалар ривожланиб бормоқда. Бизнинг мақсадимиз икки мамлакат олимлари ва талабалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдир. Нафақат тадбиркорлар, балки икки мамлакат ёшлари, олимларининг ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши ўта муҳим. Германиянинг Берлин, Дрезден, Лейпциг, Штутгарт ҳамда бошқа шаҳарларидаги музейларда Ўзбекистон тарихига оид нодир санъат асарлари ва экспонатлар мавжуд. Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи нафақат иқтисодий, балки илм-фан, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга хизмат қилади.

Клаус МАНГОЛЬД, “Mangold” консалтинг гуруҳи раиси:

— Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг дунёга тобора очилиши, Германия, қолаверса, Европа иттифоқи учун ҳамкорлик йўлидаги катта имкониятдир. Мазкур форум ҳам немис ишбилармонларининг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқишидан далолат беради. Бу орқали қишлоқ хўжалиги, кимё, озиқ-овқат, нефть ва газ саноати соҳаларида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш имконияти туғилади. Германия ишбилармонлари бу жараённи жадаллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиш истагида.

Ўзбекистонда айни пайтда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётганига гувоҳман. Мамлакатингиз эндиликда Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ўсишига туртки бўлиши лозим. Бугунги тадбир Германия Президентининг мамлакатингизга ташрифи билан давом этиб қолмай, балки немис ишбилармонлари делегациясининг жорий йил кузидаги ташрифи билан боғланиб кетади.

Штефан ЭККЕРТ, “Ҳумана” корхонаси бошқаруви директори:

— Биз уч ярим йилдан буён Ўзбекистондаги шериклар билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мақсадимиз Ўзбекистон бозорида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳиссамизни қўшишдир. Биз болалар озиқ-овқатлари ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳамизни амалга ошириш баробарида, витаминларга бой маҳсулотларга бўлган талабни ҳам қондириш истагидамиз. Нафақат хом ашёни қайта ишлаш, балки жаҳон стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бордик ва икки томонлама келишувларга эришдик. Галдаги вазифамиз молиявий ҳамда техник масалаларни ҳал қилиб, лойиҳани ишга тушириш.

Стефан ЕНЧ, “Обермайер“ компанияси директори:

— Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро келишув имзолаганимиздан хурсандмиз. Навбатдаги учрашувларда техника соҳасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари тўғрисида келишиб оламиз. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун инфратузилмани ривожлантириш энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Тадбирга 300 га яқин ишбилармонлар ташриф буюргани бизни ҳайратда қолдирди. Бу дастлабки ҳамкорлигимиз учун яхши кўрсаткичдир. Биз нафақат техника соҳасида ҳамкорлик қиламиз, балки мамлакатларимиз ўртасида алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Бу эса биз, ишбилармонлар учун мамлакатингизда лойиҳаларимизни режалаштиришга пухта замин яратади.

Андрей НОВИЦКИЙ, BCG-Бостон консалтинг гуруҳи ҳамкори ва бошқарувчи директори:

— Ўзбекистонда BCG билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар амалга оширилди. Ҳамкорлик Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини тадқиқ этишдан бошланган эди. Унинг доирасида ўнлаб хорижий сармоядорлар ва юзлаб маҳаллий тадбиркорлар ўртасида сўров ўтказилди. Мақсад қайси йўналишларда илғор мамлакатлардан фарқли жиҳатлар мавжудлиги, қайси йўналишларга ўзгартиришлар киритиш кераклигини аниқлашдан иборат эди. Шунга кўра, қонунчиликнинг солиқ, божхона, экспорт-импорт соҳалари бўйича ўзгартишлар киритишга оид таклифлар дастури ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда мана шу ўзгаришларнинг илк самаралари намоён бўлмоқда. Натижада Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш ортиб бормоқда, немис компаниялари ҳам юртингизга инвестиция киритиш юзасидан шартномалар имзолашга тайёр.

Сара БОРЕЛЛА, ГФР Савдо-саноат палаталари ассоциацияси олий кенгаши аъзоси:

— Форум доирасида ГФР Савдо-саноат палаталари ассоциацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим қадамлардан биридир. Савдо-саноат палаталари ассоциацияси ГФРдаги йирик уюшма бўлиб, унинг вазифаси корхоналарни бирлаштириш ва ташқи бозорга чиқишига кўмаклашишдан иборат.

Биз Ўзбекистонга муҳим мамлакатлардан бири сифатида қараймиз. Палатамиз немис корхоналарига инвестиция киритиш ва ўзаро товар айланмасини оширишда кўмаклашади. Келгусида Германия ва Ўзбекистондаги компаниялар ўзаро ҳамкорлик қилиши, янги шериклар топиб, улар билан шартномалар имзолаши, ўзаро товар айланмасини ошириши учун барча имкониятни ишга соламиз.

Стефан ХАЙД, “Roland berger” компанияси вакили:

— Дунёнинг 50 мамлакатидан 2 мингдан зиёд маслаҳатчи фаолият олиб бораётган компаниямиз бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси билан қўшма лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Автомобиль йўллари тармоғи хусусий капитални жалб қилувчи манбадир. Шу боис биз ўз тажрибамизни давлат хусусий шерикчилиги муносабатлари асосида йўлга қўйиш ниятидамиз.

Зузана ФРАНЦ, ODDO BHF (Франция — Германия молиявий хизматлар гуруҳи) минтақалараро бошқаруви директори:

— “Ўзсаноатқурилишбанк” билан 50 миллион евролик лойиҳани молиялаштириш учун битим имзоладик. Ўтган йили савдони молиялаштириш, ғазначилик, мутахассисларни ўқитиш соҳалари бўйича ўзбек корхоналари билан ҳамкорликда ишлаш, сармоядорларни жалб қилиш мақсадида юртингизда бўлдик. Келгусида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги энг ишончли мамлакат. Сўнгги йилларда юртингизда юз бераётган ўзгаришлар кўпчилик сармоядорларни ўзига жалб этмоқда. Хусусан, хусусий сектор соҳаси ҳамда саноат корхоналаридаги кўплаб сармоядорларимиз Марказий Осиёга инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон банклари билан бирга уларнинг режаларини амалга ошириш ва мамлакатингиз иқтисодиётига инвестициялар жалб қилишда кўмак кўрсатамиз, деган умиддамиз.

ЎзА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019