Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартиби белгиланмоқда

17:12 28 Октябр 2020 Сиёсат
235 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ДНК маълумотлари, яъни геном ахбороти маълумотлар базаси бошқа илмий изланишларда қўлланилиши баробарида жиноятчиликка қарши курашишда ҳам самарали воситага айланиб бормоқда. Илғор технологияларга асосланган мазкур маълумотлар жиноятларни фош этишда юқори самара келтиради.

Мажлисда депутатлар томонидан таъкидланганидек, геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши фош этиш мураккаб, ўта оғир бўлган ёки муқаддам очилмаган жиноятларни очишга кўмаклашади, шунингдек, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши бедарак йўқолган шахсларни топиш имконини ҳам беради.

Парламент қуйи палатасининг аввалги мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинган қонун лойиҳасининг айрим моддалари, хусусан, қонун қабул қилинганидан сўнг унинг кучга кириши муддати, биологик қариндошлар ва геном бўйича давлат рўйхатига олиш тушунчалари депутатларнинг асосли саволларига сабаб бўлган эди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари аъзолари билдирган таклифлар асосида қонун лойиҳаси янада маромига етказилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?