​​​​​​​Газ таъминоти идораси ходимларининг ноқонуний фаолияти фош этилди

14:08 04 Март 2019 Иқтисодиёт
635 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон вилоятида газ таъминоти идораси ходимлари томонидан ноқонуний фаолият амалга оширилганлиги аниқланди.

Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “Андижонгаз” ҳудудий газ таъминоти филиали ходимлари томонидан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг 31 январь кунига қадар 333260 м3 табиий газ ноқонуний етказиб берилиши натижасида жамият манфаатларига 106 миллион 643 минг 74 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Жумладан, Андижон шаҳридаги Ишчилар, Пахтаобод, Маориф, Янги турмуш маҳаллалари ҳамда Андижон туманининг Зангибобо номидаги, Чўққи тепа маҳаллаларида яшовчи 222 нафар фуқаронинг хонадонига уланган газ тармоғи юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Андижон шаҳридаги Пахтаобод кўчасида истиқомат қилувчи 28 нафар фуқародан 20 миллион 910 минг сўм пул йиғиб олинганлигига қарамай, хонадонларга “СГМБ-4” русумли электрон газ ҳисоблаш ускунасига оид ҳужжатлар тайёрлаб берилмаган.

Шунингдек, Найзақайрағоч маҳалласининг Янги шодлик кўчасида яшовчи 20 та хонадоннинг ҳар биридан 480 минг сўмдан — жами 9 миллион 600 минг сўм маблағ йиғиб олинган. Хонадонларга эса газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилиб, янги абонент дафтарчаси, лойиҳа ҳужжати, ҳисоблагич ўрнатилганлиги ҳақидаги далолатнома ҳамда қалбаки қиёслов сертификатлари тайёрлаб берилган. Қолаверса, фуқароларнинг табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан фойдаланишини назорат олмаган ҳолда, уларга шароит яратиб берилган. Натижада 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг 31 январь кунига қадар 198856 м3 ноқонуний табиий газдан фойдаланилганлиги натижасида жамиятга 63 миллион 634 минг 157 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Газ таъминоти идорасининг собиқ назоратчиси Б. А. эса 2016 йилнинг май ойидан 2018 йилнинг август ойига қадар Андижон шаҳрининг Найзақайрағоч маҳалласи ҳудудида истиқомат қилиб келаётган фуқароларга ўзини “Газ идораси назоратчиси” деб таништириб, уларнинг ишончига кириб, алдаб, шу маҳаллада фуқаролар томонидан ноқонуний уланиб олиб, фойдаланиб келаётган ва истеъмол қилинган табиий газ натижасида келиб чиққан қарздорлик учун тўловларни амалга оширишни талаб қилиб келган. Натижада 5 миллион 750 минг сўм ҳамда 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг сентябрь ойида С.О. ва Қ.Э. Найзақайрағоч маҳалласининг Саҳоба кўчасида яшовчи фуқаро Холмирза Назаровнинг яшаш хонадонига келишиб, табиий газ истеъмолидан вужудга келган қарздорликни 2 миллион сўм ҳисоблашиб, ушбу қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига ундан 1 миллион сўм миқдорида пул олишган ва олинган маблағни ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборишган.

Суриштирув ишлари олиб борилаётган ушбу воқеанинг аниқ тафсилотлари ҳамда одил хулосасини эълон қилишга ҳали вақтли. Нима бўлганда ҳам соҳа ходимлари хизмат фаолиятида юзага келган салбий кўринишлар такрорланмаслиги учун тегишли чоралар кўрилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинишига ишонамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019