Газ йўқ, аммо қарз бор...

17:22 24 Август 2020 Сиёсат
315 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг видеоконференсалоқа тарзидаги йиғилиши давом этмоқда. Фракция аъзолари «Ўзтрансгаз» АЖнинг табиий газдан бўлган дебитор қарздорлиги масаласини муҳокама қилишмоқда. Таъкидлаш керак, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, «Ўзтрансгаз» АЖ нинг табиий газдан бўлган дебитор қарздорлиги 9,3 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 15,1 фоизга ошиб 10,7 трлн. сўмни ташкил этди, шундан 1,7 трлн. сўм «ИЭС» АЖ муассасаси (йил бошига нисбатан 15,3 % га камайган), 6,5 трлн.сўм аҳоли (15 % га ўсган) ва 1,7 трлн. сўм (41,9 % га ўсган) иссиқлик таъминоти корхоналари ҳиссасига тўғри келганлиги келтирилган.

«Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари» АЖ нинг йил бошига электр энергиясидан дебитор қарздорлиги 2,6 трлн. сўмни ташкил қилиб, шундан аҳоли қарздорлиги 1,8 трлн. сўмга тенг бўлган. Ўтган 6 ой давомида яна 11,0 трлн. сўм қийматдаги 26,7 млрд. КВт электр энергияси етказиб берилди ва ушбу маблағларнинг 10,2 трлн. сўми тўланди. 2020 йил 1 июль ҳолатига дебитор қарздорлик 3,2 трлн. сўмни ташкил этиб, ушбу қарздорликнинг 2,2 трлн. сўми (йил бошига нисбатан 19,4 % га ўсиб) аҳоли ҳиссасига тўғри келган.

Табиий газ ва электр энергиясидан дебитор қарздорликнинг кескин ошиб кетишига олиб келган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда мазкур маблағларни ундириш бўйича аниқ ва самарали чор-тадбирлар ишлаб чиқилганми? Аҳоли ўртасида узоқ йиллардан бери хонадонларга, айниқса, куз- қиш мавсумида газ етказиб берилмаётганлиги бўйича муаммолар доимий равишда кўтарилиб келинаётганлигига қарамасдан, аҳолининг табиий газдан қарздорлиги 6,5 трлн.сўмни ташкил этганлигини қандай тушуниш мумкин? Ушбу қарздорликнинг қанча қисми ортиқча қарздорликни ташкил этишини ўрганиб чиқилганми? Бу рақам ўртача ҳар бир хонадоннинг деярли миллион сўмдан қарздор эканлиги билан бир хил-ку? Шунча қарздорликлар пайдо бўлганча мутасадди ташкилотлар нима чоралар кўришган? Умуман шу каби катта миқдордаги дебитор қарздорликлар қайси омиллар ҳисобига вужудга келмоқда? Бу каби йирик қарздорликлар келиб чиқмаслик учун келгусида қандай аниқ чоралар ёки йўл хариталари ишлаб чиқилган?

Юқоридаги каби туғилган ҳақли саволлар юзасидан мунтазам парламент ва депутатлик назоратини олиб борилиши зарур.

Ботир МАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?