Гамбург университети профессори: "Мотуридий таълимотини ўрганишга нафақат Ўрта Осиёда, балки дунёнинг барча мусулмон давлатларида қизиқиш жуда юқори"

11:41 05 Март 2020 Жамият
198 0

Муҳаммад Фарид бин Шаҳран, Малайзия Исломни англаш институти шариат, ҳуқуқ ва сиёсат маркази директори:

— Улуғ аллома Имом Абу Мансур Мотуридийнинг киндик қони тўкилган заминни кўриш, унинг қабрини тавоф қилишни кўпдан буён орзу қилардим. Конференциянинг аҳамияти, анжуман давомида қилинган маърузалар, шўъба йиғилишлари, мунозараларнинг нечоғли фойдали бўлгани ҳақида кўп гапирилди. Шахсан мен учун Ўзбекистонда ташкил этилган конференция ҳаётимдаги энг ёрқин воқеа бўлиб қолади. Конференцияда Мотуридий таълимотини тарғиб қилиш, аллома томонидан яратилган асарларни кўплаб тилларга таржима қилиш ва у қолдирган меросни ўрганиш ҳамда янада чуқурроқ тадқиқ қилиш борасидаги мулоҳазалар қўллаб қувватланди. Мен бундан жуда ҳам мамнунман.

Хурейре Кам, Гамбург университети Дунё динлари академияси профессори:

- Мотуридий таълимотини ўрганишга нафақат Ўрта Осиёда, балки дунёнинг барча мусулмон давлатларида қизиқиш жуда юқори. Ўзим Туркияда туғилганман, Берлинда улғайиб, ўша ерда таълим олдим. Бугунги кунда Ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк шахсларнинг меросини ўрганиш бўйича илмий ишлар қиляпман. Самарқандда ўтган нуфузли анжуманда “Ал-Мотуридийнинг дуализмга асосланган билиш назарияси” мавзусида маъруза қилдим. Анжуманда Мисрнинг Ал-Азҳар марказида Мотуридий таълимоти бўйича танлов эълон қилиш ва бу танловда иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритганларни Ўзбекистонга, хусусан Имом Абу Мансур Мотуридийнинг асарларини ўрганаётганлар ва маҳаллий олимлар билан ўзаро тажриба алмашишга ҳамда қадим кентни зиёрат қилишга имкон яратиб берилиши лозимлиги қайд этилди. Иштирокчиларнинг Мотуридий таълимотини бутун дунёга ёйиш бўйича билдирган бу каби таклифларини қўллаб-қувватлайман!

Шайх Муҳаммад Рафиъ Усмоний, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти:

-  Дунёнинг турли мамлакатларидан келган исломшунос олимлар Имом Абу Мансур Мотуридийнинг юрти, дунёга машҳур Самарқандда жам бўлди. Мен ҳам улар сафида эканимдан мамнунман. Конференция кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, анжуман доирасида азим Самарқанд бўйлаб саёҳат қилганимиз, Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганимиз менда катта таассурот қолдирди. Мотуридий мақбараси жойлашган Чокардиза қабристонида бўлиб, улуғларнинг хотирасини ёд олганимиз руҳимизга поклик бағишлади. Бу ерда 400 нафар Муҳаммад исмли азизларнинг қабрлари борлиги бу қадамжонинг қанчалар муқаддаслигини билдириб турибди.

Тадбирда, шунингдек, тадқиқотлар давомида Мотуридийнинг таълим олган устозларини ҳам тадқиқ қилиш зарурлиги алоҳида тилга олинди. Жумладан, Абу Бакир Жузжонийнинг ўрни ва аҳамиятини ҳам ўрганиш лозимлиги қайд этилди. Бу албатта, келгусида ўзининг ижобий самарасини беради.

Ҳамзеҳ ал- Бакри, конференция иштирокчиси(Иордарния):

- Мен мазкур конференцияга таклиф этилганимдан хурсандман. Ўзбекистонга биринчи бор келишим бу ердаги шарт шароитларни кўриб хурсанд бўлдим. Халқингиз меҳмондўст ва самимий экан. Бу конференция бизга, олим ва исломшуносларга тажриба алмашишимизда яхши имкон яратди. Сизнинг юртингиздан чиққан бу алломанинг таълимоти бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Динни ниқоб қилиб, бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчиларнинг ғоялари пуч эканлигини Мотуридий таълимоти аллақачон исботлаб берган. Биз буни ҳар қачон ўрганишимиз, билишимиз керак, деб ўйлайман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?