Ғафур Ғулом қачон “Ўзбекистон халқ шоири” бўлган?

18:14 16 Май 2018 Маданият
539 0
Фото: Voice of Tashkent

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Ғафур Ғулом уй-музейи ҳамкорлигида Ғафур Ғулом таваллудининг 115 йиллигига бағишланган илмий-назарий анжуман ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар ижодкор асарлари мазмунан теранлиги, ҳажв  ва фалсафага бойлиги, ўзбек халқининг менталитети, урф-одат ва анъаналари, орзу-армонларини акс эттиргани билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Жумладан, уруш йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа бағишлади, унинг муқаррар ғалабасига ишонч руҳи билан суғорилган шеърлар яратди. “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Вақт”, “Соғиниш” каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди.

Ғафур Ғулом урушдан кейинги йилларда ҳам самарали қалам тебратиб, юксак бадиий асарлар яратди, публицистика ва адабиётшуносликка оид қатор ажойиб мақолаларини эълон қилди. Унинг ижоди халқ ҳаётининг шу даврдаги ўзига хос йилномаси ўлароқ намоён бўлди. Агар Ғафур Ғулом шу даврда шеърий асарлари билан файласуф шоир даражасига кўтарилган бўлса, “Шум бола” қиссаси, “Менинг ўғригина болам” сингари ҳикоялари билан халқ турмуши ва руҳини яхши билувчи моҳир носир эканини ҳам намойиш этди. 

Адиб ўзбек таржима мактабининг майдонга келишига ҳам улкан ҳисса қўшди. У Шекспирнинг “Отелло”, “Қирол Лир” сингари жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига катта маҳорат билан ўгирди. 

Ғафур Ғулом Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1943) эди. Таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, 2000 йилда Ватан олдидаги унутилмас хизматлари учун Ғафур Ғуломга “Буюк хизматлари учун” ордени берилди. Адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан бир жилдлик “Танланган асарлар”и (2003) нашр этилди.

Тадбирда ижодкорнинг китоблари, ҳаёт ва ижод йўли акс этган фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар