ФВВ иссиқ кунлари тушлик вақтида кўчага чиқмасликни ва кўпроқ душ қабул қилишни тавсия қилмоқда

15:35 22 Июнь 2018 Жамият
501 0
Архив фото

Кучли иссиқ об-ҳаво — бир неча кун давомида об-ҳавонинг ўртача ҳароратидан 10 ва ундан ортиқ градусга кўтарилиши билан тавсифланади.

Бунда хавф инсонлар тана ҳароратини 37,1°Сга ошиши ёки иссиқлик алмашинувини бузилиши – тана ҳароратини 38,8°Сга яқинлашиши. Узоқ вақт ёки кучли иссиқ об-ҳавода бўлиш иссиқ (офтоб, кун) уриши ёки юрак фаолиятини бузилишига олиб келиши мумкин. Терини қизариши, шиллиқ қаватларнинг қуриши ва кучли ташналик иссиқ (офтоб, кун) уриши симптомлари ҳисобланади. Ушбу симптомлар кузатилганда тиббий ёрдам кўрсатилмаса хушдан кетиш, нафас ва юрак тўхташи мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёзнинг жазирама кунларидан сақланиш қоидалари ва офтоб урганда нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот берди. Қуйида вазирлик томонидан тақдим этилган тавсияларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Тамаки маҳсулотларини чекишни, алкоголь ичимликларини ичишни, кучли жисмоний меҳнат қилишни ва овқат истеъмол қилинишини камайтириш лозим.

Олдиндан ичимлик суви захираларини яратинг. Иссиқ об-ҳавога мос кийим-кечак, вентилятор, кондиционерларни тайёрлаб қўйинг. Далада бўлсангиз, чодир (чайла, капа) ҳамда қудуқлар кўриб қўйинг. Иложи борича электр ускуналар ишлаши учун автоном электр манбасини сотиб олинг. Ичимлик сувини тежаб ишлатинг. Ўзингиз ва оила аъзоларингизни иссиқ (офтоб) урганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатинг.

Иссиқ ҳаво таъсиридан сақланинг. Оч (оқ) рангдаги ҳаво ўтказадиган (иложи борича пахтадан тайёрланган) кийим-кечак ва бош кийим кийиб юринг. Эсда тутинг, куйган тери терламайди ва совимайди. Кўчада шошмай юринг, кўпроқ сояда бўлишга ҳаракат қилинг.

Кўпроқ суюқлик (сув) истеъмол қилиш. Суюқликни (сувни) тўғри истеъмол қилиш режими организмни яхши фаолият қилишига шароит яратади. Иссиқ об-ҳаво пайтида истеъмол қилинадиган сув миқдорини кўпайтириш лозим. Бунда ширали ичимлик ёки ширин газланган ичимлик ўрнига оддий сув билан организмдаги сув танқислигини бартараф этиш керак. Пиво ёки бошқа алкоголь ичимликлар истеъмол қилманг, бу организмни умумий ҳолатини ёмонлашишига олиб келади. Иссиқ об-ҳаво пайтида соат 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, айниқса очиқ қуёш тагида юрманг. Ўзингизни ва ишингизни шундай режалаштирингки бу оралиқда сиз уйда ёки иш хонада бўлинг.

Иложи борича кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам тозаланиш терини янада самарали нафас олишига кўмак беради. Сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздай сувда совишга интилиш, ҳароратнинг бирданига алмашиши зотилжам касаллигига қисқа йўлдир.

Иссиқ (офтоб) урганда сояга ёки шабада бор жойга ўтинг, душ қабул қилинг ва аста секин кўп миқдорда сув ичинг. Иссиқ (офтоб, кун) уришини олдини олиш мақсадида ўз танангизни совитишга ҳаракат қилинг.

Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат таркибини ўзгартишга ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида эътиборингизни совуқ овқатлар истеъмол қилишга қаратинг. Мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Овқатларни албатта туз билан истеъмол қилинг. Чунки иссиқ об-ҳаво пайтида инсон кўп терлайди ва шу билан бирга натрий тузини кўп йўқотади.

Синтетик матолардан тайёрланган кийим-кечаклар киймасликка ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида пахтадан тайёрланган кийим-кечак танлаш даркор. Кепка, панама ёки шляпа кийишдан уялманг. Иссиқ (офтоб) уриши кўпинча инсонларнинг боши қизиб кетишидан юз беради.

Кондиционер шамолида ўтирманг. Одатда кондиционерларда кўплаб бактериялар бўлади, уларнинг совуқ ҳаво билан таъсири сурункали бронхит ва зотилжам касалликларини кучайишига сабаб бўлади.

Тана ҳароратини пасайтиришга совуқ сувга оёқ ва кўлларни ботириш йўли билан эришиш мумкин. Иссиқ (офтоб) уриши аломатлари (умумий ҳолсизлик, бош оғриши, юз рангини ўчиши (оқариб) ёки қизариб кетиши, пулснинг меъёрида эмаслиги) пайдо бўлганда мунтазам оз-оздан (80100 мл) сув истеъмол қилиш керак, бунда сувни иложи борича узоқроқ оғизда ушлаб кейин ичиш керак, танани тезда совитиш (сояга, шабада бор жойга ўтиш, душ қабул қилиш) керак.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар