Футбол тарихига саёҳат: Ахбор Имомхўжаевнинг янги китоби дунё юзини кўрди

18:01 16 Апрель 2019 Спорт
316 0

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ахбор Имомхўжаевнинг “Аср футболидаги асл қадрдонларим” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Таниқли футбол фахрийси, ўзбек футбол шарҳловчилиги мактабининг асосчиларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати, халқ таълим аълочиси Ахбор Имомхўжаев ушбу китобни ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб чоп этди.

Тақдимот маросимида турли йилларда Ўзбекистон футбол федерациясини бошқарган мутассаддилар Гелий Согонов (ХХ аср 80-йиллар), Абдуҳошим Муталов (1992-95 йиллар), Зокиржон Алматов (1995-2005 йиллар) ва бугунги кунда Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, шунингдек, МОҚ ҳамда ЎФА раҳбарияти ва жамоаси, спорт фахрийлари, муаллифнинг яқинлари ҳамда ҳамкасблари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, китоб Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмаги остида нашрдан чиқди. Унга кириш сўзи МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов томонидан ёзилган.

800 саҳифадан иборат ушбу китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, унда футболимиз тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, ҳакам, мутахассис ва спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган машҳур инсонлар ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар учрайди. Бу ҳақида тадбир давомида сўзга чиққан МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов алоҳида тўхталиб ўтди.

“Ўзбекистон футбол ассоциацияси бошқарувига келган дастлабки кунларимданоқ Ахбор ота билан учрашиб, уларнинг 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ўзбек футболи тарихини ўзида мужассам этган катта китоб-энциклопедия ёзганларидан хабар топгандим. Очиғи бундан жуда таъсирлангандим, чунки бутун бир миллат футболи хақида китоб ёзиш, ёш авлодга ўзбек футболига пойдевор қўйган мутахассислар хақида ҳикоя қилиб бериш, улар номини тарихга мухрлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу жуда катта меҳнат, ирода, куч-ғайрат ва албатта вақт талаб қилишини барчамиз яхши тушунамиз. Шукрки, бугун ана шу китоб нашрдан чиқди. Ўзбек футболи тарихида хали бу қадар катта, энциклопедик характерга китоб чоп этилмаганди ва бу борада “Аср футболидаги асл қадрдонларим” китоби биринчи бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, Ахбор отага юртимиз футбол аҳлига ана шундай ноёб адабиёт тортиқ этганликлари, қолаверса қилган машаққатли меҳнатлари, ўтказган уйқусиз тунлари учун Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан чукур ташаккур изҳор қиламан”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Китоб “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, уни футбол энциклопедияси деб ҳам аташ мумкин. Унда сиз ҳеч қаердан тополмайдиган ноёб ва қимматли маълумотларни учратишингиз мумкин. Тадбирда иштирок этган нашриёт бош директори Эркин Абдураҳмонов муаллифнинг 12 йиллик меҳнат маҳсули ўзбек спортининг ривожига улкан хисса қўшишини айтиб ўтди.

“Одатда спорт шарҳловчиларида чиройли нутқ ва сўз бойлиги кўп дейишади. Аммо шундай пайтлар бўладики, ҳаяжон сабаб сўз топа олмайсан. Ҳозир айнан шундай вазиятдаман. Ёшлик йилларимда, бир кун келиб ўзбек футболининг ривожига хисса қўшган инсонларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этган ҳолда уларга дастхатим туширилган китоб совға қилишни орзу қилардим. Бугун мана шу орзуйимга етишмоқдаман. Худо куч-қувват бериб, соғ юрсам, нафақат футбол, балки санъатнинг опера йўналиши ҳақида ҳам китоб ёзмоқчиман. Бугун тақдимоти ўтаётган китобим 1912 йилдан бошланган ўзбек футболи тарихини ўз ичига олади. Унда футболимиз ривожига хисса қўшган 261 нафар шахс тилга олиб ўтилган. Фурсатдан фойдаланиб, унинг чоп этилишида ёрдам берган МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан”, – деди Ахбор Имомхўжаев.

Тақдимот маросимининг сўнгида Ахбор ота ўзбек футболининг ривожига қўшган хиссаси учун бир қатор фахрий инсонларга янги нашрдан чиққан китоби ва ўзи тайёрлаб келган эсдалик совғаларини тақдим қилди. Ана шундай совғалар шунингдек, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов ва Равшан Эрматов каби футболимиз юлдузларига ҳам насиб этди.

“Спортга боғлиқ мана шундай тадбирда иштирок этганимдан мамнунман. Бу ўзбек футболи учун унутилмас кун. Боиси биз билган, биз севган Ахбор ота Имомхўжаев ўзбек футболига оид яна бир катта китобини тақдим қилдилар. Тарихсиз келажак йўқ дейишганларидек, ёш футболчиларимиз ўтмишдаги қаҳрамонлари ҳақида маълумот олишларида ушбу китобнинг ўрни беқиёс. Устоз Ахбор Имомхўжаевга ажойиб совға учун ташаккур айтиб қолмоқчиман. Албатта, бу киши ижоддан тўхтамай, чарчамасдан, соғ-омонликда мана шундай ноёб китоблар устида иш олиб боришларини хоҳлаб қолардим”, – деди Равшан Эрматов.

Таъкидлаш лозимки, Ахбор Рустамович ушбу китоб устида роппа роса 12 йил ишладилар. Ўзбек футболи энциклопедияси, деб аташ ҳам мумкин бўлган мазкур адабиётнинг чоп этилиши нафақат муаллиф ҳаёти, балки ўзбек футболи тарихида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тақдимот якунига етгач, меҳмонлар ушбу дурдона китобни харид қилиб, муаллифнинг ўзидан эсдалик учун дасхат қўйдириб олишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019