”Футбол менга ҳамма нарсани берди. Папирос эса қарийб ҳаммасини тортиб олди”, деган инсон ким эди?

10:54 24 Апрель 2020 Спорт
480 0

Йохан Кройф дунё футболи равнақига беҳад катта ҳисса қўшган инсон саналади. Уни “тотал” футболнинг ёрқин вакили дея эътироф этишади. Ўтган асрда гуллаб – яшнаган “Барселона” клубининг қўлга киритган ютуқлари бевосита унинг номи билан боғлиқ.

Табиийки, ҳозирги авлод унинг ўйинларини томоша қилган эмас.Аммо телелавҳалардан ҳам шундоқ кўриниб туради: Йохан Кройфф ўта талантли футболчи эди. Йохан майдон бўйлаб югурмас, гўёки қушдай учар эди. Унинг тўп билан ажойиб муомаласини кўриб, ўзингиз сезмаган ҳолда бу иқтидор соҳибини яхши кўриб қолардингиз. Одатда, йирик жуссали футболчилар тўп билан муомалада қийинчиликларга дуч келишади. Улар бош билан дуруст ўйнашлари мумкин, аммо алдамчи ҳаракатларга келганда кўп ҳолда тўпни йўқотиб қўйишади. Бунинг кичик бир мисоли терма жамоамиз аъзоси Игорь Сергеевдир. 

Биласиз, у бош билан яхши ўйнайди,бироқ рақиб ҳимоячиларини алдаб ўтишга келганда техникаси панд беради. Кройф ҳам баланд бўйли эди. Лекин техникаси шу даражада юқори эдики, унга рақибнинг бир неча ҳимоячисини алдаб ўтиш ҳеч бир муаммо туғдирмасди. Унда романтика прагматика билан уйғунлашиб кетганди. Жуда ақлли футбол намойиш этар, тўпни ўз измига бўйсундириш ҳадисини олганди. Майдоннинг исталган жойида ҳозиру нозир эди.

”Учар голланд” деган ном унга айни шу жиҳатлари учун берилганди. Бу фазилатлар унга шон- шуҳрат олиб келди. Қаҳрамонимиз уч марта “Олтин тўп” соҳиби бўлди. Унинг жамоавий ва индивидуал ютуқларини санасак, эҳтимолки, бир қоғозга сиғмас.

Кройф тўп сурган даврдаги Голландия терма жамоасини ҳатто мағлубиятга учраганидан кейин ҳам олқишлашарди. Шу ўринда 1974 йилда Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини эслаш ўринлидир. Мазкур мундиал финалида немислар Голландия терма командасига қарши майдонга тушгандилар. Мюнхенда ўтган ўта кескин ва ҳаяжонли баҳсда Кройф бошчилигидаги голландлар аламли мағлубиятга учрашди. Лекин майдондаги ишқибозлар, телеэкран қаршисида туриб ўйинни томоша қилган мухлислар уларга тасанно айтдилар. 14-рақам остида тўп сурган Кройф ҳақли тарзда ушбу нуфузли турнирнинг энг кучли футболчиси деб топилди. Аламли мағлубият учун кичик бир товон тўлангандек эди бу. Аммо эътироф қаҳрамонимиз кўнглига тасалли бера олмади. Бера олмасди ҳам. Чунки Кройф ҳеч қачон индивидуал ютуқларни жамоавий муваффақиятлардан устун қўйган эмас. Йохан учун фақат бир поғона — биринчи ўрин мавжуд эди, холос. Қолганларини эса у тан олмасди.

Шунчаки ғалаба қозониш қаҳрамонимиз учун қизиқарли эмасди. У доимо чиройли ва ақлли тарзда ютиб чиқишга интиларди. Мураббийлик фаолиятига ўтганидан кейин ҳам шогирдларидан худди шуни талаб қилганди. Кройф қўли остидаги “Барселона” чинакам санъат намунаси эди. Команданинг жуда чиройли ва мазмунли ўйини замирида Кройфнинг машаққатли меҳнати ётгани шундоқ сезилиб турарди. Бу жамоани шакллантириш учун у атиги бир неча мавсум вақт сарфлади. Ҳозир шу ҳақда ўйларкансан, жанжалкаш Стоичков, феъл – атвори баҳор ҳавосини эслатувчи Ромарио каби инжиқ футболчиларни бир жамоа атрофида жипслаштириш унга осон кечмаганини ҳис этасан, киши. Таркибда характери оғир бошқа футболчилар ҳам топиларди. Унинг футболчилари эҳтимолки, майдон ташқарисида дўст тутинишмагандир, аммо ўйин пайтида яхлит бир жамоага айланишар, бир-бирларини сўзсиз тушуниб, рақибларига ҳеч қандай имконият қолдиришмасди. Айни шу нуқтаи-назардан Кройфнинг тренерлик қобилиятига тан бермасликнинг иложи йўқ.

— Футбол бу жуда оддий ўйин, — дея таъкидларди Кройф. — Тўпни йўқотиш эҳтимолини юзага келтириб, уни 50 метр олисга узатишнинг нима ҳожати бор? Уни ўзингга яқин турган шеригингга узатсанг, бас. У ўз навбатида ёнидаги шеригига оширади. Оддийлик ва тезлик рақибни чалғитиб қўйиши тайин.

Унинг “Барселона”си худди шундай ўйнарди. Енгил ва ишончли. Жамоа майдонда қушдек ҳаракат қиларди. Йўқ, Кройф шогирдларидан майдонда 90 дақиқа давомида югуришни талаб қилмасди. У футболчиларидан тўпни майдон бўйлаб “югуртиришни” сўрарди. Фақат тез – тез. Бу аслида ҳозирги “Барселона”нинг ўйин услубидир. Фақат Кройфнинг садоқатли шогирди Хосеп Гвардьола (ҳозир у “Манчестер Сити” устози) уни янгилаган, бойитган, замонага мослаштирган, холос.

Кройфнинг тренерлик фаолияти футболчилик карьерасига нисбатан қисқа давом этди. У ўн йил ичида иккита йирик клубни бошқарди. ”Аякс” ҳамда “Барселона”ни, албатта. 1990 йилларнинг бошида “Барселона” испан, умуман, Европа футболида гегемонлик қилди, десак, хато бўлмайди. Кройф бошқарган “Барса” тўрт мавсум давомида турнир жадвалида карвонбошилик қилди. Бу айтишгагина осон. Ўша кезларда испан чемпионатида ғалабага даъвогар клублар оз эмасди. Биз ҳозир Каталония клубининг енгилмаслигига кўникиб қолганмиз. Ваҳолонки, ўша кезларда “Барселона” чўққиларни забт этишга чоғланган кўплаб жамоалардан командаларнинг бири саналарди.

Кройф қўли остида “Барселона” саккиз мавсумда 11 та совринни қўлга киритди. Бу эса уни клубнинг ўтган асрдаги энг яхши тренери дея тан олинишига сабабчи бўлди. У чемпионлик шон-шуҳрати билан клубдан кетди. Мураббийлик қилиш унга шунчаки қизиқарли бўлмай қолди. Бир жиҳати уни тушуниш мумкин эди. Қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларга олгач, мураббийлик қилишга қизиқиш сўниши аниқ. Кройфнинг тўсатдан мураббийликдан кетишининг яна бир сабаби бор. У ҳаддан зиёд кўп папирос чекарди. Оқибатда соғлигига жиддий зиён етди. ”Футбол менга ҳамма нарсани берди. Папирос эса қарийб ҳаммасини тортиб олди", — деганди бир интервьюсида Кройф.

1991 йилда у юрагини операция қилдирди. Шундан кейин папирос чекмай қўйди. Кройф бу зарарли одатни ҳам енгиб ўтишнинг уддасидан чиқди. Лекин кашандалик беиз кетмади. 2015 йилнинг октябрида тиббий текширувлардан кейин унинг саратонга чалингани маълум бўлди. Тақдирнинг бу зарбасини ҳам қаҳрамонимиз мардларча қарши олди. Кайфиятини туширмаган ҳолда бу хасталикни ҳам енгиб ўтишга ваъда берди. Бу аслида ўлим билан олишув эди. Афсуски, аёвсиз баҳсда Кройф енгилди. Туғилган кунини нишонлашига бир ой қолганида, 2016 йилнинг 24 мартида буюк футболчи ва мураббий дунёни тарк этди.

Кройф тўп сурган даврдан озми-кўпми телеёзувлар қолган, албатта. Унинг майдондаги ҳаракатлари акс этган лавҳаларни томоша қилишнинг ўзи бир сабоқдир. Бинобарин, тренерларимиз, айниқса, футболчиларимиз бу лавҳаларни такрор-такрор кўришса, фойдадан холи бўлмасди. Зеро, ўрганишнинг ҳеч бир зиёни йўқ.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?