Футбол майдонидаги профессор

19:15 09 Июнь 2020 Спорт
738 0

Хосе касби ҳисобчи бўлган Каталино Чилаверт хонадонидаги тўртинчи фарзанд эди.Тўртала бола ҳам кўчадан бери келмас, тўп ортидан югуришгани югуришган эди. Барчаси Парагвайнинг машҳур клуби «Спортиво Лукенё» мактабида шуғулланарди. Хосенинг акалари майдонда тўп тепишар, унинг ўзи эса дарвозада турарди. Лекин орзуси ҳужум чизиғида ўйнаш, голлар киритиш эди. Отаси бўлмаганида унинг футболни ташлаб, бошқа бир иш этагидан тутиб кетиши ҳеч гап эмасди.

14 ёшли ўғлининг бир сафар майдондан кўзда ёш билан қайтаётганини кўрган ота унга «Сенга жарима тўплари ва пенальти тепишни ҳеч ким таъқиқлаётган эмас-ку. Лекин уларни шунақанги қойилмақом қилиб бажаргинки, кейин бошингни чангаллаганча ортга — ўз дарвозангга қараб югурмагин», деди. Шу сўзлар унинг ҳаётида бурилиш ясади. Хосе стандарт вазиятлардан тўп тепа бошлади. Бўйининг баландлиги, аммо оёқлари ўлчами кичиклиги боис у бу ишни ажойиб тарзда бажарарди. Тинимсиз машғулотлар изсиз кетмади. Унинг 20 – 25 метр масофадан туриб йўллаган ҳар ўнта зарбасининг саккизтаси дарвоза тўридан жой оладиган бўлди.

Қаҳрамонимизнинг тўпурарлик қобилияти расмий даражада нисбатан кеч юзага чиқди. Парагвай терма жамоаси сафидаги дебют ўйинида у колумбияликлар дарвозасини пенальтидан аниқ нишонга олди. Кейинчалик эса турли миллий терма жамоаларнинг дарвозасини яна етти бор ишғол этишнинг уддасидан чиқди. 1978-1979 йилги мавсум унинг фаолиятидаги энг сермаҳсул давр бўлди. Дарвозабон Хосе Чилаверт 10 та голга муаллифлик қилди. Қизиғи, бир учрашувда хет – трик муаллифига айланди. Учта пенальтини аниқ амалга оширди. ”Ривер Плейт” жамоаси дарвозасига жаримадан йўллаган зарбаси эса Аргентина чемпионатидаги энг чиройли гол, дея эътироф қилинди. Бу голнинг ўзига хос тарихи бор. Гап шундаки, «Ривер Плейт» посбони Херман Бургас «Хосе ҳаддан зиёд семиз, дарвозани қўриқлашни билмайди. Шу боисдан ўн бир метрлик жарима тўпини тепади», дея қаҳрамонимизни мазах қилганди. Хосе Чилаверт вазмин йигит эди. Ғазабини ичга ютди. Аммо учрашув чоғида Херман Бургаснинг абжағини чиқарди. Яъни 60 метр масофадан туриб у қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олди. Бунақаси дунё футболида деярли учрамайди.

Умуман, бутун фаолияти давомида Хосе Чилаверт ўттизтадан зиёд гол киритди.

«Спортиво Лукенё» клуби сафида дастлабки ўйинини ўтказганида у 17 ёшда эди. Аммо вақтининг ҳаммасини футболга бағишлашга шошилмади. Футбол билан параллель равишда университетнинг иқтисодиёт факультетида ўқишда давом қилди. Шу боисдан ҳам сафдошлари унга Профессор лақабини беришганди. Сирасини айтганида, у футбол майдонида ҳам чинакам профессор эди.Ўзининг асосий вазифасини рисоладагидек бажаришдан ташқари, жарима тўплари олдига ишонч билан келарди. Хосе қайси жамоада ўйнамасин, дарҳол мухлисларнинг суюмли футболчисига айланарди.”Спортиво Лукенё” сафидаги уч йиллик фаолиятидан кейин у «Гуарани» жамоасига келиб қўшилди. Парагвай чемпиони бўлди.Кейин эса Аргентинанинг «Сан – Лоренсо» клубида тўп сурди. Лекин фаолиятининг кўп қисми – 11 мавсумни «Велес Сарсфилд»да ўтказди. Шу жамоа сафида бир неча бор Аргентина чемпиони, деган номга сазовор бўлди.

Хосе Чилавертнинг Европада ўйнаш нияти ўзи кутганидай бўлиб чиқмади. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Испаниянинг «Сарагоса» клубида тўп сурди. Лекин бу жамоа мураббийлари ундан ўйин интизомига қатъий риоя этишни талаб қилишди. Майдонда ўзини эркин ҳис этишга одатланган Хосе бундай муҳитга кўника билмади. Ортига қайтди ва Аргентина чемпионатида худди аввалгидек ишончли футбол намойиш этишга киришди. Қаҳрамонимизнинг Европада омадини синаб кўриш борасидаги иккинчи уриниши Франциянинг «Страсбур» клуби билан шартнома тузишига олиб келди. Афсуски, бу «саргузашт» ҳам узоқ давом этмади.Бир томондан у бу клуб билан Франция кубогини қўлга киритган бўлса, иккинчи томондан жамоа мамлакат иккинчи дивизионига тушиб кетди. Аксига олгандай, парагвайлик дарвозабоннинг жисмони ҳолати ёмонлашди. Ортиқча вазнга эга бўла борди. Оқибатда клуб раҳбарияти шартномадаги тегишли пунктни важ қилди ва у билан тузилган битим бекор бўлди. Бироқ Хосе бўш келмади. Клуб билан судлашди. 4,4 миллион доллар миқдорида товон пули ундирмоқчи бўлди. Суд ҳам оз эмас, кўп эмас, уч йилга чўзилди. Охирида Хосе тақдим қилган маълумотнома сохта экани аниқланди. Париж суди уни шартли тарзда олти ой муддатга қамоққа ҳукм қилиб, 10 минг евро миқдорида жаримага тортди.

Қизиғи, Чилаверт бу орада ҳеч нима рўй бермаганидек, Уругвайнинг «Пенярол» жамоасида фаолиятини давом эттирди. Бу клуб билан навбатдаги чемпионликни қўлга киритди. Умуман, Чилаверт кутилмаган ишлари билан доимо кўпчиликнинг назарида бўларди. Масалан, бир сафар «Милан»га қарши ўйинга бораётиб, «Пума» компанияси билан келишиб олади. Унга кўра, Хосе шу компания тамғаси туширилган либос билан майдонга тушади.Бунинг эвазига компания уни 14 минг доллар билан тақдирлайди, 60 та қўлқоп ва уч қоп либос совға қилади.Чилаверт бу туҳфаларни она – юрти Парагвайга элтиб, футболчиларга тарқатади.

Мутахассислар Хосе Чилавертнинг ўз устида қаттиқ ишлаганига эътибор қаратишади. У ўзининг асосий вазифасидан ташқари, дарвозага жарима тўпларини йўллаш устида ҳар куни соатлаб вақт сарфларди. Ўз ютуқлари хусусида эса камтарлик билан «Шунчаки, менинг бўйим бир метру 92 сантиметр. Оёғим ўлчами эса 39. Шу боисдан тўпни тепиш мен учун қулай», дерди.

Умуман олганда, у ҳаётда ҳам хушчақчақ, самимий.Бир сафар бразилияликлар устози, «Бунёдкор»ни ҳам бир муддат бошқарган Луис Фелипе Сколари шогирдларига «Дарвозага зарба беринглар. У ерда дарвозабон эмас, 400 килограмм ёғ турибди, ахир», деган экан.Журналистлар унинг бу сўзларини Хосега айтишганида, қаҳрамонимиз кулганича, «Менинг вазним барқарор -250 килограмм» дея жавоб қайтарган эди.

Чилавертнинг шахсий натижаларига ҳар қандай дарвозабон ҳавас қилса арзийди. У 1995, 1997, 1998 йилларда дунёнинг энг кучли дарвозабони деб топилган. Доимо ортиқча вазн муаммосига дуч келган Чилавертнинг бундай натижага эришиши футбол оламида жуда ноёб воқеа саналади. Айтмоқчи, у ўтган асрнинг энг кучли дарвозабонлари рўйхатида Лев Яшин, Гордон Бенкс, Дино Дзофф, Зепп Маер ва Рикардо Самородан сўнг 6 – ўринда турибди.

Катта футболдаги фаолиятига 2003 йилда якун ясаган Хосе Чилаверт махсус фонд таъсис этди. Ёрдамга муҳтож болаларга ёрдам беришдек хайрли юмуш билан шуғулланмоқда. Унинг кўз клиникаси бор. Шунингдек, ўз бренди остида қизил вино ва чой ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.Бошқача айтганда, бизнес оламида ҳам Профессор эканини кўрсатяпти.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?