Футбол бўйича жаҳон чемпионати Россия иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда?

14:21 06 Июль 2018 Дунё
623 0
Фото: RT

Футбол бўйича жаҳон чемпионати Россияда товар айланмаси ва пуллик хизматлар кўрсатиш кўрсаткичлари ўсишига олиб келди. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт олий мактаби тараққиёт маркази маърузасига асосланиб “Ъ” манбаси хабар берди.

Тараққиёт марказининг баҳолашича, иқтисодиётдаги бундай динамика вақтинчалик бўлиб, у мундиал фонида рўй беряпти, узоқ истиқболда РФ иқтисодиёти яна илгаридаги кўрсаткичларига қайтиб, беқарорлашиши мумкин.

Айни пайтдаги жонланиш эса бир-икки ой давом этиши тахмин қилинаётир. Шу боис, иккинчи чоракда ЯИМ ўсиши 2,5 фоизни ташкил этиши кутиляпти. Ваҳоланки, биринчи чоракда бу рақам 1,3 фоиз бўлганди.

Умуман, ёз ойлари якунида россиялик ва хорижлик футбол мухлислари шарофати билан товар айланмаси ва хизматлар кўрсатиш ҳажми ошгани қайд этилгандан сўнг ўз-ўзидан талабнинг сусайиш даври кириб келади.

Шунинг учун ҳам иқтисодиётни жонлантириш бўйича конъюнктура омиллари нозиклигича қолган ва инвестициянинг барқарор диверсификациялашган суръатлари ҳали шаклланмаган.

Боз устига, 2018 йил биринчи ойларида инвестиция тузилмасида хом-ашё соҳаси устунлиги сақланиб қолгани, бошқа қатор секторларда эса, жумладан, футбол бўйича жаҳон чемпионати учун объектларни тайёрлаш жараёни ниҳоясига етиши муносабати билан салбий динамика кузатилганди.

Жорий йил биринчи чорагидаги даромадларнинг катта қисми хом ашё қазиб чиқариш секторига тўғри келгани ҳам буни яна бир бор тасдиқлади. Бинобарин, Россияда бу борадаги ўсиш иқтисодий сиёсатнинг ижобий ва салбий таъсирлари мувозанатига янада кучлироқ боғланиб қолаверади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар