Футбол бўйича Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати тақвими маълум. Энди навбат жамоаларга

18:49 16 Июль 2020 Спорт
355 0

Қатарда ўтказиладиган Жаҳон кубоги 2022 тақвими эълон қилинди. Бу ҳақда ФИФА расмий сайтида маълумот берилди.

Хабарингиз бор, футбол бўйича тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига Қатар мамлакати мезбонлик қилиши режалаштирилган. Ниҳоят, ФИФА турнирнинг расмий тақвимини кенг оммага ҳавола қилди. Қизиқарли жиҳатлари кўп. Вақт тақсимотига ҳам бир қанча ўзгартиришлар киритилган бўлиб, мусобақа энди тўлиқ бир ой муддатда давом этмайди. Бундан ташқари, одатий таомилга кўра, ЖЧ ҳар доим ёзги форматда ўтказилган. Бу сафарги беллашувлар эса ноодатий режим —қишки мавсумда, яъни 21 ноябрдан 18 декабргача бўлиб ўтиши белгиланди. Кўпчиликка маълумки, бу каби омилларнинг юзага келишига мезбон мамлакатнинг иқлими сабаб бўлмоқда.

Турнирнинг очилиш маросими 21 ноябрь санасига белгиланган бўлиб, унда Қатар миллий терма жамоаси Ал-Хаур шаҳридаги «Ал-Байт» стадионида ўз рақибларига қарши биринчи ўйинни ўтказишади. Ушбу стадион мамлакатнинг топ ареналари рўйхатида бўлиб, ярим финалнинг бир баҳсини ҳам ўтказиши режалаштирилган.

Мусобақа давомида мухлислар бир кунда гуруҳ босқичининг бир йўла 4 баҳсини кўриш имконига эга бўлишади. Тур ўйинлари 2 декабргача ўз якунига етади. Матчлар оралиғидаги вақт ҳам қулай режимда — 11 соат. Доҳа атрофидаги шаҳар стадионлари бир-бирига яқинлигини ҳисобга олсак, бу ҳолат мухлисларга ортиқча қийинчилик туғдирмайди.

Гуруҳ босқичидан чиққан 16 жамоа 3 декабрь санасидан нимчорак финал баҳсларига киришишади. 9-10 декабрда чорак финал, 13-14 декабрда эса ўз навбатида ярим финал учрашувлари бўлиб ўтади. Ушбу босқичда мағлубиятга учраган жамоалар 3-ўрин номини аниқлаш учун ўзаро 17 декабрда Доҳадаги «Халифа» стадионида саф тортишади. Финал ғолиби эса бир кун ўтиб, Лусаил шаҳрида худди шу номдаги аренада бўлиб ўтади.

Яна бир жиҳат, бугунги кунда жаҳон бўйлаб кечаётган пандемия жараёни туфайли, асосий қуръа маросимлари кейинги йилнинг март ойидан июнь ойигача ҳам чўзилиши мумкин. Бунга кечиктирилган саралаш баҳслари сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё минтақасида ҳам қолдирилган ўйинларнинг аниқ вақтлари белгиланган бўлиб, унда Миллий терма жамоамиз қуйидаги саналарда саралаш баҳсларини якунлаб олади:

8-тур, 13 октябрь

Яман — Ўзбекистон

9-тур, 12 ноябрь

Ўзбекистон — Сингапур

10-тур, 17 ноябрь

Саудия Арабистони — Ўзбекистон

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?