Фуқаролик урушини тўхтатган футболчи

11:06 17 Июнь 2020 Спорт
607 0

Дидье Дрогба Кот-д'Ивуарда туғилган. Аммо беш яшарлигида Францияга, тоғасиникига келган. Тоғаси Мишел Глоба профессионал футболчи эди. Орадан уч йил ўтгач, туғилган юртини, ота-онасини соғинган Дидье ватанига қайтди. Бироқ мамлакатдаги, шунингдек, оиладаги турмуш қийинчиликлари туфайли унинг оиласи буткул Францияга кўчиб келди. Париж яқинидаги Энтони шаҳарчасида яшай бошлаган Дидье футбол билан шуғулланишга киришди.

Маҳаллий ёшлар жамоасида у дастлаб ўнг қанот ҳимоя чизиғида тўп сурди. Кейин тоғасининг маслаҳати билан марказий ҳужумчи позициясида ўйнай бошлади. Бу орада мактабда ўқиди. Ярим профессионал жамоа саналган «Левалуа»да ўйнади.

Лекин бу жамоа бош мураббийи унинг хизматига эҳтиёж сезмади. Мактабни тугатгач, қаҳрамонимиз Ле-Ман шаҳрига кўчиб ўтди. Маҳаллий коллежда ўқий бошлади. Шу билан бирга «Ле-Ман» клубининг ёшлар жамоасида тўп сурди. Дастлабки икки йил Дрогба учун жуда оғир кечди. Жароҳатлар гирдобида қолди. Машғулотлардаги қийинчиликлар уни руҳан енгаёзди. Жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Марк Вестерлопп кейинчалик Дрогбанинг кундалик машғулотларга ҳамда ҳафтада бир марта ўйин ўтказишга мослашиб кетиши учун тўрт йил вақт керак бўлганини айтганди. Бунга турмуш қийинчиликлари ҳам сабаб бўлганди, албатта. Гап шундаки, Дидье футбол билан амалда вояга етиб қолгандан кейингина жиддий шуғулланишга киришганди.

Дрогба 21 ёшга кирганида агар ҳозир катта футболнинг этагидан маҳкам тутмаса, унда профессионал футболчи бўлиш учун имконият деярли қолмаслигини англаб етди. Ўз устида қаттиқ ишлади. Шундан сўнг тез орада «Ле-Ман»нинг асосий таркибида дастлабки ўйинини ўтказди. 1999 йилда ўзининг илк профессионал шартномаси остида имзо қўйди. Бунга унинг шахсий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳам туртки берди. Ўғилли бўлди. Кейинчалик Дидье «Ўғлим Айзекнинг туғилиши ҳаётимда бурилиш ясади. У юрагимга ёруғлик олиб кирди», дея ўша дамларни эслаганди. ”Ле – Ман”да у яхшигина тўпурар эканини исботлай олди. 2002 йилга келиб эса «Генгам» клуби шарафини ҳимоя қилишга киришди. Шу жамоа сафидаги иккинчи мавсумида у 34 та учрашувда 17 та гол киритди. Айнан шу голлар эвазига жамоа ўз тарихида илк бор француз чемпионатида 7-ўринни эгаллади. Дрогба эса тўпурарлар баҳсида 3 – ўнинни банд этди. Натижада унга бўлган қизиқиш кучайди. ”Марсел” клуби 6 миллион евро тўлаб Дидьени сотиб олди.

Инсон тақдирини ўз қўли билан яратади, дейишгани бежиз эмас. ”Марсел”нинг Европа майдонларидаги муваффақиятли ўйинлари, Дрогба томонидан киритилган чиройли голлар унга бўлган қизиқишни тағинда оширди. Жумладан, Европа Чемпионлар лигасида «Порту»га қарши кечган учрашувда португалларнинг ўша пайтдаги устози Жозе Моуриньога Дрогбанинг майдондаги ҳаракатлари шу қадар маъқул тушдики, у «Агар имконият туғилса, бу футболчини албатта жамоам сафига қўшиб оламан», дея рўй-рост айтди.

Яхши ниятга фаришталар ҳам омин, дер экан. Буни қарангки, Моуриньо «Челси»га бош мураббий этиб тайинлангач, клуб хўжайини Роман Абрамович у истаган футболчиларни харид қила бошлади. Бу футболчилар сафида Дрогба ҳам бор эди, албатта. Қаҳрамонимиз ўзига номдор клублар қизиқиш билдираётганига қарамай камтарлигича қолди. ”Гарчи, мен маҳорат борасида катта силжишларга эришган бўлсам ҳам Анри, Роналдо ёки Трезега етишимга ҳали анча бор”, деганди у.

2004 йилнинг ёзида «Челси» бу ҳужумчининг трансфери учун 38 миллион евро тўлади ва қаҳрамонимиз «Марсел»ни тарк этиб, Англияга кўчиб келди. ”Мени «Челси»га ўтгин деб ҳеч ким мажбур қилган эмас. Агар қалбим буюрганига амал қилганимда «Марсел»да қолган бўлур эдим, —деганди Дрогба. — Лекин мен ақл билан иш тутишга одатланганман. Шунақанги таклифлар бўладики, уларни ҳам спорт, ҳам молиявий нуқтаи назардан рад этишнинг иложи йўқ. Гап пулда эмас. Мени яхши танийдиганлар буни билишади. Жозе Моуриньо ўйинимни кўриб, жамоаси сафига қўшилишимни истади. Кежман, Роббен, Муту, Макелеле сингари футболчилар билан ёнма-ён ўйнаш эса мени янги босқичга кўтаради”.

Қаҳрамонимиз ҳақ эди, албатта. Воқеалар ривожи ҳам шуни кўрсатди. Дрогбанинг «Челси»да кечган фаолияти зафарли онларга бой бўлди. У ўзининг ажойиб ўйини, бетакрор голлари билан мухлислар қалбига қувон олиб кирди. Бу ўринда унинг Чемпионлар лигаси финалида «Бавария»дарвозасига йўллаган голини эслашнинг ўзи кифоя. 2012 йилнинг 19 майида бўлиб ўтган бу учрашувнинг 88 – дақиқасида Дрогба ҳисобни тенглаштирди. Бу эса ғолибни қўшимча вақтда аниқлаш имконини яратди. Пенальтилар серийасида эса қаҳрамонимиз ҳал қилувчи голни киритди. Дрогба шу ўйиннинг энг кучли футболчиси деб топилди. Умуман, у «Челси» учун муҳим саналган кўплаб голларни киритди. Шу ўринда унинг бир голини эслаш жоиз. 2012 йилнинг 10 мартида қаҳрамонимиз «Сток Сити» жамоаси дарвозасини ишғол этиб, жамоасига ғалаба келтирди. Бу унинг Англия премьер – лигасидаги 100-голи саналади. Ушбу далилни алоҳида тилга олишимиз боиси шундаки, ўша кунга қадар африкалик бирор бир футболчи премьер-лигада бунақанги натижага эришмаганди.

Энди Дрогбанинг ўз ватани олдидаги унутилмас бир хизмати ҳақида ҳам тўхталамиз. Мақоламиз аввалида айтганимиздек, у Кот-д'Ивуарда туғилган. Африканинг кўплаб давлатларида кузатилгани каби бу мамлакатда ҳам иқтисодий муаммолар кўп. Шу боисдан бўлса керак, Кот –д'​Ивуарда фуқаролик уруши келиб чиққанди. Биласиз, бир кун жанжал келиб чиққан жойдан барака қочади. Шусиз ҳам муаммолар гирдобида қолган ватани тақдири Дрогбани бефарқ қолдирмади. У тиз чўккан ҳолда биродаркушликни тўхтатишни сўраб исёнчиларга видеомурожаат йўллади. Дрогбанинг ҳурмати ҳақи отишмалар тўхтади. Кейинчалик, аниқроғи, 2007 йилда бевосита Дрогбанинг иштирокида томонлар ярашув битими туздилар.

Дрогбанинг кейинги фаолияти Хитой, Туркия ва АҚШ футбол майдонларида кечди. Бу орада бир муддат «Челси»га қайтиб, мазмунли ўйин намойиш этди.

Қаҳрамонимиз яна бир қатор хайрли ишлари билан ҳам танилди. 2007 йилда БМТнинг Ривожланиш дастури бўйича элчи этиб тайинланди. У таъсис қилган «Дидье Дрогба» фонди Кот-д'​Ивуар ва Африкадаги бошқа бир қатор давлатларда аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш,таълим тизимини қўллаб-қувватлаш борасида эзгу ишларни амалга оширяпти.

Дрогба Лалла исмли қизга уйланган. Фарзандлари бор. 2011 йилда Монакода бўлиб ўтган тўй маросимини «Челси» соҳиби, миллионер Роман Абрамович ташкиллаштирган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?