Фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳужжатларни электрон шаклда топшириш мумкин

10:43 16 Май 2018 Жамият
1304 0
Фото: Sputnik

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида тизимга жорий этилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда уларнинг афзалликларига бағишланган пресс-тур ташкил қилинди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасига оид ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.

Тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилинаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури томонидан ҳаётга татбиқ қилинган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг ўрни юқори. Зеро, у фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштиришдан ташқари, сансалорлик ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этишда қўл келаяпти. Эътиборлиси, бу тизим 2017 йилнинг октябрь ойидан буён фуқаролик ишлари бўйича судларнинг барчасида муваффақиятли қўлланиб келинмоқда.

Тадбирда E-SUD электрон тизими имкониятлари, яъни ишни рўйхатдан ўтказишдан тортиб, суд қарори чиқарилишигача бўлган жараён намойиш қилинди. Эндиликда фуқаролар судга мурожаат этиш учун суд биносига бориш, навбатда туриш, ҳужжатларни қўлда ёзиб, қоғоз шаклида топшириш каби юмушларга вақт ва маблағ сарфлашмайди. Аксинча, фуқаролик ишлари бўйича судларга исталган вақтда, турли масофадан ҳужжатларни электрон кўринишда топширишлари мумкин.

Пресс-тур доирасида журналистлар судда ишларни кўриш жараёнида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида ишга туширилган аудио-видео тасвирга олиш тизими — “SRS Femida” фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Ишга боғлиқ материалларни электрон тарзда шакллантиришнинг бундай тартиби нафақат қўл меҳнати ва ортиқча қоғозбозликни қисқартириш имконини беради, айни чоғда ҳужжатларни сақлаш, уларни юқори инстанция судларига юбориш, материаллар билан тарафларни таништириш, улардан нусха олиш каби процессуал жараённи ҳам сезиларли тарзда соддалаштиради. Шу билан бирга, у судья, прокурор ҳамда адвокатлар, энг асосийси, тарафлар ва ишда қатнашувчи бошқа шахслар учун қулайлик яратади, уларнинг суд мажлисида иштирок этиш маданиятини ҳамда масъулиятини оширади.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг жорий йил биринчи чорагидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланганидек, бу даврда мазкур судлар томонидан жами 56 минг 653 та иш кўриб чиқилган ва 83 миллиард сўмликдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 111 минг 376 та суд буйруғи чиқарилган.

Пресс-турда, шунингдек, бир нечта амалий қўлланма ҳамда рисолаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар