Фуқаро: "Ишонасизми, отам билан бир-биримизни кўрган ҳолатда кунда кун ора чегара ҳудудидаги панжара ортидан махбуслардек суҳбатлашардик "

00:55 31 Август 2019 Жамият
279 0

Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва ҚирғизистонРеспубликасининг Баткент вилояти Қадамжой тумани ўртасидаги Риштон ва Тулчегара ўтказиш пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва ҚирғизистонРеспубликаларининг давлат байроқлари билан безатилган ўтказув пунктидаги тантанали тадбирда ҳар иккала томондан вилоят ҳокимликлари, кенг жамоатчилик, чегара ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирок этди.

Карнай-сурнай садолари остида Риштон чегара ўтказиш пунктидаги тўсиқ очилиб, қўшни Қирғизистон делегацияси Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Меҳмонлар ўзбекона меҳмоннавозлик, нон-туз билан кутиб олинди.

Аввалари вилоятнинг анклав ҳудуди Сўх туманидан Фарғона шаҳрига келиш учун Фарғона туманининг Водил қишлоғи орқали 76 километр масофадан йўл босиб келиниши керак эди. Агар аҳоли юмушлар билан Риштон туманига бормоқчи бўлса, бу масофа икки ҳиссага ортиб 200 километрни ташкил қилган.Риштон тумани чегара ўтказиш пунктинг очилиши риштонликлар,қирғиз биродарларимиз ва Сўх тумани аҳлининг борди келди масофасини икки баробарга қисқартирди.

Тадбирда Ўзбекистон ва ҚирғизистонПрезидентларининг саъй-ҳаракати билан тарихи, кечмиши, тақдири бир бўлган икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши буюк дўстлик абадий эканлигининг амалий исботи бўлганлиги таъкидланди. Бу дўстлик иккала мамлакатнинг ҳам ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилиши эътироф этилди.

Риштонлик ота-бола Толибжон ҳамда Дилмурод Шералиевлар мустақилликнинг илк йилларида Риштон туманига чегарадош ҳудуд –Қирғизистондаги Қайтпес (Қайтмас)қишлоғидан каттагина дашт ер олиб боғ яратди, деҳқончилик қилиб оила тебратди. Уй-жой қилиб, ўша ерда оилавий ўрнашиб қолди. Бироқ кўп йиллар аввал сиёсий воқеалар туфайли чегара ҳудуди ёпилгач Шералиевлар хонадонида муаммолар бошланди.

–Чегаралар ёпилгач, бизга анча қийин бўлиб. Пешона терим билан бунёд этган боғларимни, уйларимни ташлаб кетгим келмади, –дейди Толибжон Шералиев. –Бу ёғида Риштон туманига ўтиш муаммо, Фарғона тумани орқали айланиб келиш учун нақд 200 километрдан кўпроқ масофа босиб ўтиш керак. Ерни сотишга кўзим қиймади. Унинг устига, чегараларнинг ёпилиши туфайли ерларимни пўчоқ пулига баҳолашди. Ниҳоят ўғлим Дилшод билан келишиб мен шу ерда –Қайтпес қишлоғида қолишга ва ўғлим Риштон шаҳарчасидага Зарариқ маҳалласига қайтишга қарор қилган эдик. Хуллас оиламни биргина чегараи ккига ажратиб қўйди.

-Ишонасизми, отам билан бир-биримизни кўрган ҳолатда кунда кун ора чегара ҳудудидаги панжара ортидан махбуслардек суҳбатлашардик, -дейди Дилшод Шералиев. Бозор бўладиган кунларни хисобга олмаганда 10 йиллардан ортиқ деярли бир дастурхон бошида ўтирмадик. Ҳайрият давлатимиз, ҳукуматимиз олиб бораётган дўстлик ва меҳр оқибат сиёсати туфайли бир оила бирлашди, бағримиз тўлди. Қирғизистон ва Риштон чегара ҳудудларида биз каби оилалар, қуда-андали бўлган ватандошларимиз ва чегара ёпиқлиги туфайли қийналаётган, азият чекаётган оилалар жуда кўп сонни ташкил этади. Минг шукур! Энди бемалол қўшни мамлакат билан борди-келди қиламиз. Бозорларимизда савдо-сотиқ, тижорат,дўстона муносабат тикланади. Муаммоларимиз нари кетди.

– Ўзбек ва қирғиз халқлари бир-бири билан азалдан қондош, қадрдон, қуда-анда бўлиб келган, – дейди Қадамжой тумани Қайтпес қишлоғида истиқомат қилувчи Ўғилой Қодирова. –Биз туркий бир тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Ўтказиш масканларининг очилиши бу азалий яқинлигимиз, борди-келдимиз яна бардавом бўлишига хизмат қилади.

Меҳмон ва мезбонлар тўкин дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашишди. Саҳнада ўзбек ва тожик куй-қўшиқлари, жозибали рақслар ижро этилди.

Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев ҳамда Боткент вилоятии губернатори Акрам Мадумаров иштирок этди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019