Француз компанияси Ўзбекистонга сунъий йўлдошларни учириш ва бошқариш бўйича кўмак беради

11:46 27 Август 2018 Жамият
362 0

Ўзбекистон ва Франциянинг Thales Alenia Space компанияси сунъий йўлдошларни учириш ҳамда бошқаришни ўз ичига олган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий мутахассисларни ўқитиш технологик базаси ташкил этиш режалаштирилган.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Thales Alenia Space компанияси вице-президенти Эрик Имберт ўртасида Францияда ташкил этилган учрашувда айтиб ўтилди.

Томонлар космик ва сунъий йўлдош саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Француз компанияси Ўзбекистонда соҳани ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар, бу борада илм-фан ва инновациялардан кенг фойдаланилаётгани, халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Ўзбекистон делегацияси Thales Alenia Space компанияси ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюрди.

Маълумот учун, Thales Alenia Space аэронавтика, космос, мудофаа, йўлдош технологиялари ва ҳаво ҳаракатини бошқариш бўйича дунёдаги етакчи халқаро саноат компанияси ҳисобланади. 56 давлатда фаолият юритади. Йиллик ўртача маблағ айланмаси қарийб 16 млрд. еврога тенг. Ўзбекистонда ваколатхонаси бор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар