Франциянинг "Le Figaro" нашри саҳифалари Ўзбекистонга бағишланди

17:55 24 Сентябр 2020 Сиёсат
1164 0

Франциянинг етакчи "Le Figaro" газетаси ўз нашрининг бир саҳифасини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқишига бағишлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Газета саҳифаларида давлатимиз раҳбари томонидан пандемия пайтида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳит ва Марказий Осиё салоҳиятини ривожлантириш бўйича илгари сурилган муҳим халқаро ташаббусларга алоҳида ўрин берилган.

Мақола пандемия пайтида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятларини акс эттирувчи халқаро кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусига бағишланган.

"Президент Шавкат Мирзиёев БМТ юксак минбаридан туриб халқаро ҳамжамиятни пандемия шароитида бирдамликка чақиради ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида намоён бўлди”.

Нашрда Ўзбекистон Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, пандемия шароитида Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ижобий ўсишга эриша олган ягона мамлакат бўлгани келтирилади. Мақола муаллифларининг фикрига кўра, ушбу ташаббусни амалга ошириш глобал соғлиқни сақлаш протоколларини ишлаб чиқишга имкон беради.

“Le Figaro” нашри Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида инсон ҳуқуқларига алоҳида аҳамият бергани ҳақидаги фикрларни давом эттиради. Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мақсад ва вазифаларига содиқ ҳаракат қилаётгани таъкидланади. Жорий йил июнь ойида биринчи бор барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан боғлиқ 78 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани айтилади.

Мамлакат миллий ва халқаро мажбуриятларини бажариш учун қатор муҳим қонунчилик, институционал, сиёсий ва маъмурий чораларни кўрди. Миллий ва глобал миқёсда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишга ҳисса қўшишга қаратилган устувор вазифалар мамлакатнинг муҳим ютуқларидан биридир.

«Бугунги кунда мамлакатда хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу сиёсат жамиятда гендер тенглигини таъминлашга ва қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизлар иштирокини таъминлашга имкон бермоқда. Бунда Гендер тенглиги комиссияси муҳим ўрин тутмоқда. Қайд этиш керак, Ўзбекистонда илк бор аёл киши парламент юқори палатасини бошқармоқда. Мамлакатда "Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ижроси бўйича миллий ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда”, деб хабар беради “Le Figaro”.

“Президент Шавкат Мирзиёев БМТ доирасида дунёда камбағалликни тугатиш масаласига ҳам тўхталди. Давлат раҳбари ушбу мавзу бўйича жаҳон саммитини ўтказишга чақирди. Шу билан бирга, экологик шароити ноқулай бўлган олис минтақаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигига эътибор қаратди», деб таъкидлайди француз газетаси.

Францийанинг етакчи нашри Президент Шавкат Мирзиёев экологик тоза технологияларни, шунингдек, яшил иқтисодиёт тамойилларини, хусусан, табиий ресурсларни сақлаш усулларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича илмий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Оролбўйи ҳудудини «Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси»га айлантириш бўйича БМТ махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф қилганини келтиради.

Материалда ушбу таклиф, биринчи навбатда, Орол денгизи минтақасида экологик барқарорликни сақлаш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланган. Марказий Осиё мамлакатлари ва халқаро ҳамжамиятни инновацион технологияларни жорий этиш, Орол денгизи минтақасига инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш учун ўзаро манфаатли, узоқ муддатли механизмларни ишлаб чиқиш учун доимий маслаҳатларни ўтказишга имкон бериши қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?