Франциянинг бир қатор шахсларига Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонлари топширилди

17:39 08 Октябр 2018 Сиёсат
965 0

8 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Париждаги элчихонасида Франциядаги “Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси” президенти, тарихчи олима Фредрик Бопертюс-Брессан хоним, Марказий Осиё тарихи жонкуяри, археолог олим Франц Гренс, таниқли француз ёзувчиси Амин Маалуфга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Франция давлат ва жамоат арбоблари, Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Рустамбеков, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва бошқалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, илм-фан, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бунда мамлакатимиз тарихи, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этаётгани, мазкур алоқалар давлатимиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифидан сўнг янада мустаҳкамланиши қайд этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев франциялик жамоат арбобларига фахрий унвонларни тантанали равишда топширди.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида француз мактаби, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида “Француз альянси“ филиалларини очиш борасида муҳим қадамлар ташланди. Бундан ташқари, театр, кино, илм-фан соҳаларида диққатга сазовор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

2015 йилда Ўзбекистон билан Франция ўртасида имзоланган келишувга биноан пойтахтимизда “Тошкент Француз альянси”га асос солинди. Унинг асосий мақсади маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, илм-фан, техника соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳар йили бу ерда 1000 дан ортиқ тингловчи француз тили бўйича таҳсил олади.

Францияликлар юртимизда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келади. Айни пайтда Париждаги Лувр музейида Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган махсус кўргазма ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

– Самарқанднинг фахрий фуқароси бўлиш мен учун шараф. Бу шаҳарга бежиз рўйи замин сайқали, деган таъриф берилмаган, – деди Фредрик Бопертюс-Брессан хоним. – Бундай юксак эътибор мени маданий ҳамкорлигимиз ривожи йўлида янада сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ривожида олимларимиз олиб бораётган тарихий меросни ўрганиш билан боғлиқ тадқиқотлар муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019