Франция ўзбек қовунлари ва анорига қўйилган фитосанитар чекловларни олиб ташлади

18:56 02 Август 2018 Иқтисодиёт
309 0
Фото: mft.uz

Францияда Ўзбекистон Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки томонлама савдо алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва бу борадаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Айни пайтда республиканинг Францияга нохомашё экспорти у қадар катта ҳажмларга эга эмас. Бу асосан маҳаллий маҳсулотларни шу қадар талабчан бўлган Европа бозорларига чиқиш йўлидаги қийинчиликлар билан боғлиқ. Биз стандартларимизни ЕИ талабларига мувофиқлаштириш йўли орқали ўзбек маҳсулотларини Европа бозорларига чиқаришни максимал даражада енгиллаштириш учун Европа Иттифоқи, жумладан, Франция билан музокаралар олиб боряпмиз. Фақат шу йўл билан мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти салоҳиятини рўёбга чиқара оламиз”, - деди Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Бинобарин, сафар давомида Франция қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирликлари, Франция фитосанитария департаменти, Агрономия, ветеринария ва ўрмончилик институти мутасаддилари билан ҳам учрашувлар ташкил этилди.

Ўз навбатида мамлакатимиз делегацияси сархил маҳсулотлар улгуржи савдоси бўйича дунёдаги энг йирик бозор – “Ранжис”га ташриф буюрди. Бозор президенти Л.Лайани билан мулоқот чоғида ўзбек маҳсулотларини Францияда илгари суриш мақсадида семинарлар ўтказиш ҳамда аккредитация масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

“Ранжис” раҳбарияти мамлакат экспорт салоҳиятини ўрганиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича Франциянинг илғор тажрибасини жорий этиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Ранжис” мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси бўйича дунёдаги энг йирик улгуржи бозордир. У Париж жанубида, Орли халқаро аэропорти яқинида жойлашган бўлиб, давлатга қарашлидир. Лекин Semmaris кўп укладли хўжаликлари жамияти томонидан бошқарилади.

“Ранжис”нинг 2017 йилдаги товар айланмаси умумий қиймати 9 млрд. еврога тенг 3,5 млн. тонна турли озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил этди. Шундан 32 фоизи экспортга йўналтирилган. Бозорнинг 2500дан ортиқ етказиб берувчиси бор. Улар чакана савдо корхоналари ва овқатланиш масканлари билан ўзаро алоқани таъминлайди. Шундай қилиб маҳсулотлар кенг миқёсда ва ўз вақтида етказиб берилади.

“Ранжис”да илғор логистика инфратузилмаси, самарали менежмент тизими, сифат назорати, ветеринар ва фитосанитар текшируви бўйича доимий хизмат фаолияти мавжудлиги уни бутун Европа учун жозибадорлигини ошириб келади.

Музокаралар якунида Франция қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўзбек қовунлари ва анорига қўйилган фитосанитар чекловлар олиб ташланди. Ўзбекистондан беҳи, хурмо, олхўри, қорағат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ушбу давлатга олиб киришга қўйиладиган карантин талаблари кўриб чиқиш учун тақдим этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар