“Frankfurt Buchmesse”: Ғафур Ғулом нашриёти Канада ва Буюк Британия нашриётлари билан музокара ўтказди

14:34 18 Октябр 2019 Маданият
377 0

Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида анъанавий “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси давом этмоқда. Бу ҳақда АОКА хабар берди.

Халқаро китоб кўргазмасининг иккинчи кунида Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов ҳам иштирок этди ва мамлакатимиз ноширлари тақдим этган стенд, намойиш этилаётган китоб ва босма маҳсулотлари билан танишди.

Халқаро кўргазма доирасида ўзбекистонлик ноширлар бир қатор хорижий нашриётлар билан учрашувлар, музокаралар ўтказишмоқда. Учрашувларда китобларни нашр этиш, ўзбек адибларининг асарларини бошқа тилларга таржима қилиш, хорижлик адибларнинг ижод намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, китобхонларга етказиш, шунингдек матбаачилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги “Ғафур Ғулом” нашриёти вакиллари Канаданинг “BookLand Press” нашриёти раҳбари Роберт Морган, Буюк Британиянинг “Salaam Publishing” нашриёти раҳбари Муҳаммад Умар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу йилги кўргазмада дунёнинг 150дан ортиқ мамлакатидан ноширлар, ёзувчи-шоирлар ва бошқа ижодкорлар қатнашяпти. Тадбирда жами 285 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма ўз ишини 20 октябрга давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?