Фракциялараро муҳокамалар: Автомототранспорт воситалари ижараси хизмати кимларга берилади?

12:55 12 Май 2018 Сиёсат
851 0
Фото: Лимбери

Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида қатор қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилиб, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 
565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан биридир.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган тадбирда ушбу ҳужжат нормалари юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Мамлакатимизда миллий туризм индустриясини, автомототранспорт воситаларининг ижара бозорини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этиб, ушбу соҳага эҳтиёж тобора ортмоқда. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Каримовнинг маълум қилишича, транспорт воситаларини ижарага бериш масалалари нотариал тасдиқлаш талаб этиладиган битимлар турига киритилган. Жаҳон тажрибасидан аёнки, туристларга биринчи галда қулайлик яратиш мақсадида уларга автотранспорт воситаларидан фойдаланишда ҳеч қандай ортиқча маъмурий чекловлар, тўсиқлар белгиланмаган.

Бизнинг қонунчилигимизда эса мазкур жараён қўшимча вақт, харажат талаб қилади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, автомототранспорт воситаларини 30 кунгача бўлган муддатга нотариал тасдиқловсиз ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Эътиборли жиҳати, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи ихтисослаштирилган юридик шахсларга тақдим қилинаяпти. Бу мамлакатимизга келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаши баробарида, ички туризмни ҳам жадал ривожлантиради.

— Мақсад тушунарли, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили Саттор Раҳматов. — Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган, деган жумлага эътирозим бор. Бу ихтисослашув нимага керак? Дейлик, менинг ҳайдовчилик гувоҳномам бор, демак, машина бошқаришга ҳуқуқим бор, машина эгасидан машина олмоқчиман. Бу ерда қанақа ихтисослашув керак? Яна бир мунозарали савол, нега айнан юридик шахсларга бу имтиёз берилмоқда, жисмоний шахсларнинг ҳам қанчадан-қанча автомашиналари бор. Ушбу лойиҳада қатъий чегаралар қўйилган, буни аниқлаштириш керак.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров мазкур фаолиятда сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини ижарага бериш ҳуқуқи айнан юридик шахсларга тақдим қилинаётганини қайд этди.

— Ушбу таҳрирни қўллаб-қувватлаган ҳолда, айтиш мумкинки, бизнинг асосий вазифамиз техникани ижарачига соз ҳолатда бериб, уни шу ҳолатда қайтариб олиш, қисқача айтганда, фойда кўришга эришишдир, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев. — Шундай иш юритиш керакки, хориждан келаётган турист бўладими ёки мамлакатимиз фуқароси бўладими, мазкур хизматга бир маротаба эмас, кўп маротаба мурожаат қилсин. Шу талабларга ихтисослашмаган оддий фуқаро қандай жавоб беради? Фикримча, ушбу таҳрирни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов қонун қабул қилингандан кейин айрим камчиликлар юзага чиқиши эҳтимоли бўлган жиҳатларга эътибор қаратди. Айни чоғда автомототранспорт воситаларини юридик шахслар билан бир қаторда, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам ижарага бериши таклифини илгари сурди.

— Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси концепциясини тўла қўллаб-қувватлаймиз, — дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Нодир Мухторов. — Айтиш жоизки, мазкур фаолият билан шуғулланиш учун бир нечта ходимлар, яъни механик, инженер, транспорт созлигини текширувчи мутахассис, чет эллик турист бўлса, таржимон керак бўлади. Буларни жамласак, ушбу хизматни айнан юридик шахс йўлга қўйиши лозимлиги аёнлашади. Бизга маълумки, якка тартибдаги тадбиркор иккита ходим олиши мумкин, ўзи билан уч нафарни ташкил этади, холос.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ихтисослашган, деган сўзнинг қўшилиши, албатта, бу соҳада хизмат кўрсатувчилар доирасини торайтиради. Шу билан бирга, туристнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида уларнинг масъулиятини кучайтиради.
Автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқининг фақат юридик шахсларга тақдим қилиниши қизғин тортишувларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов буни унга тор доирада эътибор қаратилаётгани натижаси, деб таъкидлади. Депутатнинг фикрича, Фуқаролик кодексига киритилаётган ўзгартиш фуқаролик ҳуқуқи назариясига зиддир. Нима сабабдан? Ижара шартномаси, бу — фуқаролик-ҳуқуқий муносабат, мазкур шароитда томонлар тенг. Бунга зид равишда қўшимча киритилаётгани эса мана бу тарафгина шартнома туза олади, деган чекловни қўяяпти. Бу эса тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Қизғин кечган баҳс-мунозараларда қонун лойиҳасининг мамлакат туризм салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, мухолиф фракциялар уни қайта кўриб чиқиш ҳамда концептуал ўзгартишлар киритиш зарурлигини таъкидлаб ўтишди.
Йиғилиш якунида масъул қўмита ушбу қонун лойиҳасини мутахассислар ва кенг аҳоли иштирокида атрофлича муҳокама қилишга келишиб олди.
Зиёда АШУРОВА.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар