Фототанқид: Ғузордаги бетартибликни ким тартибга олади?

12:35 19 Июнь 2018 Жамият
632 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ғузор туманидаги Ўзбекистон кўчасидан Хўжагузар, Гулшан маҳаллаларига ўтувчи йўлда ҳар куни эрталаб юзага келаётган тирбандлик одамлар асабини синовдан ўтказмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Вилоятдаги мухбиримиз Аҳад Муҳаммадиев воқеага ойдинлик киритиш учун маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлди.

Йўллардаги тирбандликлар одатда йирик шаҳарлар кўчаларида кузатилади. Бу кўпинча йўллардаги таъмирлаш ишларининг олиб борилиши, транспорт оқимининг кўпайиши ҳисобига юзага келади. Аммо Ғузор туманида ҳар куни эрталабдан бошланадиган тирбандликка бу омилларни сабаб қилиб кўрсатиб бўлмайди.

Фото: "Халқ сўзи"

Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, бундай тирбандлик барча транспорт оқимининг Ғузор дарёсининг икки қирғоғини боғловчи ягона кўприкка бориб тақалаётгани ва қўшимча айланма йўлнинг йўқлиги сабабли юзага келмоқда. Устига устак реконструкция муносабати билан деҳқон бозорининг ёпилиши туфайли кўчма савдо расталари йўл устига чиқиб, транспортлар ҳаракатини тўсиб қўймоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

“Гоҳида шу йўлда соатлаб қолиб кетамиз. Ишга, боғча, мактабга борувчиларнинг кечиккани-ку майли. Тез ёрдам ёки ўт ўчириш машинаси ярим соат кечикса нима бўлишини тасаввур этинг. Чақирувчининг уйи куйиб кетади-ку”, - дейди ҳайдовчилардан бири.

Фото: "Халқ сўзи"

Одамларнинг айтишича, ушбу кўприкдан бошқа айланма йўлнинг йўқлиги туфайли барча машиналар шу йўлдан юради. Аслида айланма йўл бор. Лекин Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи яқинидаги эски кўприкнинг яроқсизлиги туфайли бу йўлдан фойдаланиб бўлмаяпти. Ҳолбуки, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам туман марказини Ғузор дарёсининг нариги қирғоғи билан боғловчи қўшимча айланма йўл зарур. Ушбу муаммонинг ечими эса туман раҳбариятининг масалага қай даражада ёндашувига боғлиқ, албатта.

Фото: "Халқ сўзи"

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар