Фарангиз Режаметованинг сўнгги куни қандай ўтган эди? (Фото)

14:19 27 Июль 2018 Маданият
1981 0

«Ойижон» фильмидаги бош рол ижрочиси, актриса Фотима Режаметованинг қизи Фарангиз Режаметова (Жамолхонова) 20 июль куни ЙТҲ оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. «Darakchi.uz» воқеа жойида гувоҳ бўлган, Фарангиз ҳаётининг сўнгги дақиқаларида ёнида турган дугоналари билан боғланди. Шунингдек, унинг вафотидан 3 дақиқа аввал олинган сурат билан бўлишди.

Фарангизнинг вафотидан 3 дақиқа аввал олинган сурат. Фото: «Darakchi.uz»

Дилноза Бобомирзаева: — Фарангиз билан курсдош бўлганмиз. Худди опа-сингилдик эдик. Нимани ўйласа ёки сиқилса доим бўлишарди, сирлашардик.
Май ойида дадасининг ўлимидан сўнг Фарангиз ўзини йўқотиб, кўнгли кемтикиб юрарди. Ўлимидан бир ҳафта олдин эса уйига бордим. Ярим тунгача мазза қилиб суҳбатлашиб, кулишиб ўтирдик. Эртаси куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонга тайёрланди. Аммо минг афсус, ўша гувоҳномани қўлига олиш ўзига насиб этмабди (йиғлайди)...
Наргиза Бобомуродова: — Биласизми, Фарангиз истироҳат боғини жуда яхши кўрарди. Ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам «Кетдик паркка, юринглар айланиб келамиз» деб кўп гапирганди.Ўша мудҳиш кун беш дугона йиғилиб, Мирзо Улуғбек боғига бордик. Лекин у ҳеч қайси аттракционда учмади. Фақат сайр қилди ва уни ўша ҳолат қониқтираётганини сезардик. Боғдан чиқиб, овқатланишга йўл олганда, боғ яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлакчасида... ундан айрилиб қолдик (йиғлади)...
Дилноза Бобомирзаева: — Мен ва икки қиз орқада, Фарангиз эса Моҳинисо билан биздан олдинроқда кетишаётганди. (Боғдан чиққан бошқа кўпчилик одамлар ҳам ана шу йўлни кесиб ўтаётганди) Дугонамиздан ярим қадамгина олдинда қадам ташлаб юрган Фарангизни айнан ўша қора машина уриб кетди.
Наргиза Бобомуродова: — (Хўрсиниб йиғлаб) Бугун ўша ҳолатни кўз олдимдан умуман кетмаяпти. Фарангиз катта тезликда келаётган машинанинг зарбидан шу қадар юқорига учиб кетдики... Ерга икки уч марта думалаб тушди. Бошидан жуда кўп қон оқарди. Тез ёрдамга қўнғироқ қилдик, аммо уларнинг вақтида келолмаганидан, ўша ерда йўл ҳаракатини назорат қилиб турган милиция ходими, Фарангизни уриб кетган машина эгасига айтиб, бизни шифохонага юборди. Фарангизни Дилноза билан бирга олиб кетдик. Биринчи Тиббиёт Академиясига борганимизда шифокорлар дугонамизни вафот этганини маълум қилишди.
Дилноза Бобомирзаева: — Биласизми, йўлда кетаётганимизда Фарангизнинг юраги уриб турганини сезгандим. Аммо шифокорларнинг айтишича, мияга теккан қаттиқ зарб унинг ҳаётига нуқта қўйган экан. Тасаввур қилинг, жисм ўлган, аммо юрак уриб турибди... (йиғлаб) Бу ҳам бежизга эмас. Чунки Фарангиз ҳаётни севар, ҳар бир кунидан завқ олиб яшашни истарди. Фариштадек беозор, беғубор қиз эди. Унинг бир олам орзулари бор эди, афсус...
21 июль куни соат 13:00 да Фарангизимизни сўнгги йўлга кузатдик. Ўша кундан бери унинг хонадонидамиз. Фотима опанинг ёнида далда бўлиб туришга ҳаракат қиляпмиз. Зеро, бу фожиада онанинг қалби каби азобда қийналаётган, дард чекаётган инсон бўлмаса керак.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар