Фольклор санъатимиз халқаро миқёсда намойиш этилади

12:01 21 Май 2018 Маданият
659 0

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказидан хабар қилинишича, жорий йилнинг 30-31 май кунлари  Навоий вилоятининг Нурота туманидаги қадимий ва муқаддас чашма қадамжоси ҳудудида анъанавий “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади.

Президентимизнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ва Хатирчи туманида ўтказилган йиғилишдаги кўрсатмалар ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирни юқори савияда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 

Маълумки, ушбу фестиваль илк бор 2016 йилда республика миқёсида ташкил этилган бўлиб, у жорий йилдан бошлаб  халқаро миқёсда ўтказилиши ва жаҳоннинг бир қатор давлатларидан вакиллар келиши кўзда тутилган. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасининг “Мейрас”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятининг “Қарси Орифон”, Жиззах вилоятининг “Ойпари”, Наманган вилоятидан “Уйчи тонги”, Навоий вилоятидан “Сардоба”, Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”, Фарғона вилоятининг “Гулёр”, Хоразм вилоятининг “Наврўз”, Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул” сингари энг намунали фольклор-этногафик жамоаларининг 200 нафардан зиёд қатнашчилари ўз ҳудудига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган дастурларини намойиш этадилар. 

Шунингдек, тадбирда қўшни давлатларда фаолият юритувчи этнографик халқ дасталарининг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.


Мавжуда ХОЛМАТОВА.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар