Фолбин қандай қилиб “берк йўл”ни очди?

17:46 12 Апрель 2019 Жамият
465 0

Иллюстратив фото

Ҳаёт қизиқ. Кўнгил деганлари ҳам. У нималарни тусамайди, дейсиз? Мана, Ғиждувон туманида яшовчи Шуҳрат Саидовни олиб кўринг. Унинг кўнгли ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги хизматига ишга киришни тусаб қолди.

Ўша пайтларда Когон туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги хизмати қисм бошлиғи вазифасида ишлаб турган Аъзам Тоғаевга дарду ҳол қилди. Ишга кириш учун нима қилиш кераклигини сўраганди, А. Тоғаев унга ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Бунинг учун 1500 АҚШ доллари берса, бас. Иш хамирдан қил суғургандек осон битармиш. 

Шуҳрат рози бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай Вобкент туман Шакаркент маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Аъзам Тоғаевнинг уйига келиб пулни “ҳожатбарор”га қўшқўллаб тутқазди. 

Буни қарангки, орадан бирр йилча ўтиб, Шуҳрат Вобкент туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлимига эркин ёлланган ўт ўчирувчи вазифасига ишга қабул қилинди. Табиийки, Шуҳрат буни А. Тоғаевнинг “хизмат”и деб билди. Ҳолбуки, у ҳеч бир кишининг “кўмаги”сиз, мавжуд меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ ишга қабул қилинганди. Аммо орадан уч ойдан сўнг Шуҳрат ўз хохиши билан ишдан бўшади. Уни эркин ёлланган ўт ўчирувчига тўланаётган маош миқдори қониқтирмаган эди. Ваҳоланки, Аъзам Тоғаев порани оларкан, уни шаҳодатланган ходим лавозимига ишга қўяман, деб ваъдани қуюқ қилганди. Шуҳрат Аъзам Тоғаевдан пулни қайтаришни сўради. “Ҳожатбарор” эса “Тушингни сувга айт” қабилида иш тутди. 

 Агар бир воқеа рўй бермаганида икки ўртадаги сир сирлигича қолиб кетиши мумкин эди. 

Гап шундаки, ишлари юришмаётганидан хуноб бўлган Шуҳрат фолбиннинг ҳузурига борди. Фолбин деганлари бу Ғиждувон туманида яшовчи Нурулло Қудратов эди. Содда одамларни “чув” тушириш ҳадисини олган бу чаламулла Шуҳратга “Ишинг юришмаётгани сабаби шундаки, йўлинг беркилиб қолибди. Йўлингни очаман” деб дуохонлик қилган бўлди. Шу аснода Шуҳрат ҳам бошидан кечган савдони унга оқизмай – томизмай сўзлаб берди. Аъзам Тоғаевдан пулини ололмай юрганини айтишни ҳам унутмади, албатта. Шунда фолбин унга бу пулни олиб берадиган ва ҳатто уни ишга жойлаштириб қўядиган бир таниши борлигини билдирди. Эртаси куни учовлон учрашдилар. Фолбин Бозор Эргашевни таништираркан, “Бу одам олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаган, Аъзам деганларидан пулни олиб бериб, сени яхши бир ишга жойлаштириб қўяди” деди. Шундан сўнг Бозор Эргашев Шуҳратдан бўлган воқеаларнинг ҳаммасини ёздириб олди. Уяли телефонда пулни қайтармай юрган Аъзам Тоғаев билан гаплашди. Бозорнинг сўзлари олдида андак – мундак актёр ҳам ип эшолмай қоларди. Аъзам деганлари эртасигаёқ айтилган жойга ҳозиру нозир бўлди. Бозор Шуҳрат ёзган аризани унга кўрсатиб, пулни қайтармаса тегишли жойга мурожаат қилишини билдирди. ”Тегишли жой”нималигини яхши билган “ҳожатбарор” эртасигаёқ 1500 АҚШ долларини Бозорнинг кўзи ўнгида Шуҳратга қайтариб берди. 

Шу билан ҳаммаси жойига тушиб кетгандир, деб ўйласангиз хато қиласиз. ”Уддабурон” Бозор Эргашев Шуҳратга “Сени “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятининг Навоий вилояти бўлимига ишга жойлаштираман”, деб қолди. Бунинг учун шифокор кўригидан ўтиши керак экан. Дарҳол шифохонага боришди. Шуҳрат ечиниб, юрак текширувидан ўтаётган чоғда Бозор “холис” хизмат қилиб, бояги пулни ундан олди. Кейин эса фолбиннинг уйига боришди. Фолбин ҳам анойи эмас. ”Менинг улушимни беринглар” деб қолди. 100 долларни бозорга бориб сўмга айлантиришди. Шуҳрат тишини суғургандай бўлиб фолбинга 500 минг сўм узатди. 100 долларни эса ўзининг чўнтагига солди. Қолган 1300 АҚШ доллари эса Бозор Эргашевда қолди. ”Сени шу пул эвазига темир йўлдаги танишларим орқали ишга жойлаштираман” дея ваъда берди Бозор. 

Ўшанда Шуҳрат ёмғирдан қочиб, дўлга дуч келганини хаёлига ҳам келтирмаганди. 

Орадан бир, икки ой ўтди. Ишдан эса дарак йўқ. Буёғини сўрасангиз ўғрини қароқчи ургандан ҳам баттар иш бўлганди. Шўрлик йигит фолбин билан Бозорнинг уйига қатнайвериб ҳолдан тойди. Уларнинг Аъзам деган фирибгардан қолишадиган жойлари йўқ эканига, пулни қайтариб ололмаслигига кўзи етгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

— Яқинда бу иш атрофлича кўриб чиқилди ва ҳар учала жиноятчига қилмишларига яраша жазо тайинланди, — дейди жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси вазифасини бажарувчи Бобораҳим Ачилов. — Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини кўрсатувчи бу воқеани баён этишдан мақсадимиз шуки, одамларимиз ҳушёр бўлишсин. Ўз ҳақ – ҳуқуқларини билишсин. Фирибгарларнинг тузоғига тушиб сарсон – саргардон юришмасин. 

Истам ИБРОҲИМОВ

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019