Фойдаланилмай турган майдонлар ўз эгасини топмоқда

10:19 22 Апрель 2020 Жамият
360 0

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон ҲУСАНОВ/Андижон. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси нечоғли муҳим аҳамият касб этишини яхши биламиз. Зеро, ота-боболаримиз мана шу заминнинг олтинга тенг тупроғи билан тиллашиб, тиллодан-да қиммат ноз-неъматлар етиштирганлар. Бугунги кунда ҳам бир қарич ернинг қадрини билган соҳа ходимлари етиштирган маҳсулотлар экспорт майдонида ўз харидорига эга.

Юртимизда ҳукм сураётган карантин даврида бу борадаги ишларни бир сония бўлсин кечиктирмаслик мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз турмуш тарзининг инқирозга юз тутишидан ҳимоя қилади. Шу йилнинг 14 апрель куни давлатимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу борадаги фикрлар олға сурилиб, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр юритилди. Жумладан, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, ипакчилик, боғдорчилик ва полизчилик йўналишларида кечиктириб бўлмайдиган масалалар муҳокама этилди. Шундан сўнг Андижон вилоятида ҳам изчил ҳаракатлар бошланди. Ҳар бир ҳудудларда ердан унумли фойдаланиш масаласи ўрганиб чиқилди. Айтиш жоизки, бу борада барча ишлар қувонарли, деб бўлмайди. Аксарият деҳқонларимиз орасида ерга беэътиборлик билан ёндашаётганлари ҳам йўқ эмас. Уларга бириктирилган майдонларни меҳнатга муҳтож юртдошларимизга ажратиб бериш эса муаммонинг энг тўғри ечимидир.

Жалақудуқ туманидаги Тошматов номли массивда олиб борилган ўрганишлар натижасида 7,5 гектар майдондаги боғ ва боғ оралари фойдаланилмай турганлиги аниқланди. Зудлик билан майдонлар Сўфиқишлоқ, Ўрғу, Дўнгқишлоқ, Намуна, Бойчеки, Жалақудуқ ҳамда Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи бандлиги таъминланмаган аҳолига тенг тақсимлаб берилди.

“Фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаганлигим сабабли боғ қатор ораларига полиз маҳсулотларини экиб, даромад топишим тавсия этилди. Бу ерда помидор, булғор қалампири экишга киришдим”,-дейди Дўнгқишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Орифжон Неъматов.

Карантин даврида аҳолининг ортиқча ҳаракатланишига чек қўйиш, уларнинг деҳқончилик ишларини хавфсиз ташкил этишлари учун туман ҳокимлиги томонидан 2 миллион туп кўчатлар етказиб берилди.

Бу борадаги ишлар вилоятнинг барча туманларида давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?