Онлайн тарзда кредит олиш имконияти яратилди

14:44 28 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1532 0

Эндиликда мамлакатимиз фермерлари онлайн тарзда масофадан туриб имтиёзли кредитларни ўзлаштириш имкониятига бўлдилар. “Агробанк” АТБ томонидан яратилган “Agrobankmobile-biznes” дастури шундай қулайликларга эга бўлиб, бу мижозларнинг вақтини тежаш, ортиқча сарф-харажатларни қисқартиришда қўл келяпти. Шу боис айни пайтда пахта ва бошоқли дон етиштиришга ихтисослаштирилган 28 мингдан зиёд фермер хўжаликлари ушбу мобиль илова ёрдамида  ҳисоб рақамларидаги маблағларини масофадан бошқаришмоқда.

Кейинги пайтда банк томонидан аҳолининг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш, тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида инновацион банк хизматлари жорий қилинмоқда. Натижада шу йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, тадбиркорлик субъектларига 674 миллиард сўмлик, шу жумладан, аҳолининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, уларни тадбиркорликка кенгроқ жалб қилиш учун 193 миллиард сўмлик микрокредитлар ажратилди.

Банк мутасаддиларининг айтишича, аҳолининг бизнесга қизиқишини оширишда давлатимизнинг раҳбарининг шу йил 7 июндаги қарорига асосан, ҳаёт татбиқ қилинаётган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Унга кўра, 50 та тайёр намунавий лойиҳа асосида банк кредитлари тақдим этиляпти. 

— Ҳозирги кунда фақат пахтачилик ва ғаллачилик билан чекланиб қолмасдан, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари,  айниқса, эътибордан четда қолган йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — деди “Агробанк” АТБ бошқаруви раиси Саидкамол Ходжаев “Халқ сўзи” мухбири Саид Раҳмонов билан суҳбатда. — Масалан, молиявий кўмагимиз билан фарғоналик фермер туячиликни йўлга қўйиб, хўжалик ёнида кичик меҳмонхона бунёд этмоқда. Худди шунингдек, ҳудудлар табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, пистачилик, бодомчиликни йўлга қўйиш, ёғочбоп дарахт — павлонияни кўпайтириш лойиҳалари молиялаштириляпти. Умуман олганда, ўрмончиликни ривожлантириш учун 100 миллиард сўмлик кредит линияси йўналтирилган. 

Булардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг қўшимча даромад манбаи шакллантириш, шунингдек, бозорларимизнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга кўмаклашишдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар