Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

10:56 27 Апрель 2018 Ҳужжатлар
1108 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, айрим туманларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари ушбу йўналишдаги фаолиятни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида:

1. Тегишли ҳудудда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш кўрсаткичларидан бири деб ҳисоблансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги вазири ҳамда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) раҳбарларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш таъминланмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилсин.

3. Белгилансинки, 2018 йил 1 июлдан:
барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгалари учун эса ихтиёрий ҳисобланади;
фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади;
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари қишлоқ хўжалигида шартнома мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ҳамда жамоат назоратини амалга оширади.

4. Кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Кенгашга аъзолик бадалларини қуйидагича белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:
пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида;
бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида;
деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кенгаш, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд талабларига мувофиқ Кенгашга аъзолик бадалларини ўтказиб бериш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

5. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
уйма-уй юриш орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини даврий мониторинг қилиб бориш;

Кенгаш аъзолари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш;

туман ҳокимларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ер қонунчилигига мувофиқ тугатиш зарурлиги тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш.

6. Барча қишлоқ туманларида асосий вазифаси қуйидагилар орқали фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобланган “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситалар етказиб бериш;

ерларни рекультивация қилиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш;
суғориш тизимини яратиш ва яхшилаш, сув насослари ўрнатиш, артезиан қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғоришни ташкил этиш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинларини ички ва ташқи бозорларда сотиш, шу жумладан, уларни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Кенгаш билан биргаликда қишлоқ туманларининг ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятини самарали ташкил этишда, шу жумладан, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини белгиланган тартибда ажратиш орқали кўмаклашсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Кенгашнинг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

9. Белгилансинки: 
а) қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан тегишлича 350 миллиард сўм ҳамда 150 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган бир марталик беғараз молиявий ёрдам;

аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи;
Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун фойдаланилади:
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига ресурслар жойлаштириш;

тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар бериш;

Жамғармани сақлаб туриш ва фаолиятини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш;
айланма маблағларга муҳтож бўлган “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантириш;

фермер, деҳқон хўжаликларига ва томорқа ерларини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа йўналишлар;

в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилган ҳолда берилади;

г) маблағларни тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобидан олинадиган даромадларнинг 30 фоизигача миқдордаги Жамғарма даромадлари Кенгашни моддий-техника ҳамда молиявий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, унинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.

10. “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан мазкур қарорга мувофиқ ажратилган кредит маблағлари ҳисобига етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозор нархлари бўйича харид қилинишини таъминласин.
Белгилансинки, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва “Томорқа хизмати” МЧЖлар ўзларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бошқа шахсларга ҳам сотиш ҳуқуқига эга.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Жамғарманинг Васийлик кенгаши, Низоми ҳамда 25 штат бирликдан, шу жумладан, 7 та бирлик марказий аппаратда, 18 та бирлик Жамғарманинг ҳудудий вакилларидан иборат бўлган Жамғарма ижро этувчи аппарати тузилмасини тасдиқласин.

12. Жамғарма Васийлик кенгаши ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиб борсин.

13. Қуйидагилар:
Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

“Томорқа хизмати” МЧЖлар давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб мазкур қарорга мувофиқ уларнинг асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари);

“Томорқа хизмати” МЧЖ ёки фермер хўжаликлари билан тузилган касаначилик шартномаси асосида фаолият юритаётган томорқа ер эгалари — жисмоний шахслар уларнинг касаначилик фаолияти доирасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинсин.

14. Белгилансинки, 2018 йил 1 июлдан:
деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади;

Кенгаш тизимида ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ тўланади;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов 5 фоиз миқдорида тўланади.

15. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг қўшимча йўналишлари деб ҳисоблансин:
енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар бериш;
касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун грантлар ажратиш.

16. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотлар давлат илмий-техник дастурларини шакллантиришда уларга фермер, деҳқон хўжаликларининг ер участкалари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича инновацион ишланмалар ва замонавий технологиялар ишлаб чиқишни назарда тутувчи илмий лойиҳалар киритилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Кенгаш билан биргаликда бир ой муддатда деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ерларини ривожлантириш асосида қишлоқ аҳолисининг даромадларини ошириш учун Жаҳон банки ҳамда бошқа халқаро молия институтларининг кредитлари ва заёмларини жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва Кенгаш билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
кичик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида мини-агротехнологияларни ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот марказини;
республика минтақаларида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги экинларини касалликлардан ҳимоя қилиш, зарур тавсия ва маслаҳатлар беришга кўмаклашувчи ва хизмат кўрсатувчи “Ўсимликлар клиникаси” МЧЖларни ташкил этиш бўйича таклифлар киритсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3318-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Кенгаш, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;
улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З. Т. Мирзаев, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О. Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти             Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 26 апрель

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар