Фарзанд азизми ёки автомашина?

12:06 09 Октябр 2020 Жамият
312 0

Кимлардир тирноққа зор бўлиб юрган бир пайтда фарзандларини хор қилиб қўяётган айрим юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Оилавий низолар туфайли ажрашаётган эр-хотинлар ўртасидаги азият аксарият ҳолларда фарзандлар чекига тушмоқда. Қолаверса, уларнинг таъминоти охир-оқибат аёлнинг зиммасида қоляпти. Бу эса, оталарнинг ўз мажбуриятини бажармаслиги натижасида юзага келаётгани сир эмас.

Ана шундай замондошларимиздан бири Азаматжон Арслонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи билан ажрашгач, 2017 йилнинг 19 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг қарорига биноан икки нафар фарзандлари учун алимент тўлаши белгилаб қўйилган. «Меҳр кўзда» деганлари рост экан. Оила парокандаликка юз тутгач ота ҳам жигарбандлари олдидаги масъулиятни тан олгиси келмади. Шу боис ҳуқуқий идораларнинг бир неча маротаба огоҳлантиришларига қарама вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб юрди. Бу орада тўланмаган алимент миқдори 30 миллион сўмга етди.

Шу йилнинг 18 август куни Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздор отага тегишли бўлган «Матиз» русумли автомашина хатлаб қўйилди. Транспорт 36 миллион 705 минг 715 сўмга баҳоланди ва давлат ижрочисининг қарорига асосан 9 сентябрь куни электрон онлайн-аукцион савдоси орқали сотувга қўйилди. Буни қарангки, автомашинасидан айрилиб қолишни истамаган ота 26 сентябрь куни болалари учун тўлаши керак бўлган маблағни олиб келди.

Ҳақли савол туғилади: инсон учун фарзанд азизми ёки мулк? Биз қачондан буён бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатни жонсиз матоҳдан юқори қўядиган бўлдик? Биз ўзи қаёққа қараб кетяпмиз? Одимлаётган сўқмоғимиз бошлаб борадиган манзилда нима кутиб турибди? Ҳар бир инсон шу каби саволларни ўзига бермоғи ва унга жавоб топмоғи керак. Токи, инсон шаклидаги шайтонга айланиб қолмайлик.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?