Фарғонанинг чирой очаётган манзиллари

11:53 31 Май 2018 Жамият
500 0

“Обод қишлоқ” дастури чекка ҳудудларда яшайдиган миллионлаб ҳамюртларимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилгани билан барчада катта мамнуният уйғотмоқда. Бугунги кунда Фарғонанинг 15 туманидан ўттизта маҳалла фуқаролар йиғини танлаб олиниб, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш пайидан бўлинмоқда.

Дастур доирасида олиб борилаётган ишлар кўлами Олтиариқ туманида ҳам кенг қулоч ёзди. Энг йирик қишлоқлар — Қапчуғай, Полосон, Тинчлик ва уларда жойлашган ўнта маҳалла айни пайтда бунёдкорлик майдонига айланган. Бу ҳудудларда йўлсозлар, қурувчи ҳамда меъморлар, тадбиркорлар, кенг аҳоли вакилларининг елкама-елка меҳнат қилаётгани туфайли янгидан-янги объектлар барпо этилиб, ишга тушириляпти.

— Бизнинг энг оғриқли нуқтамиз “Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Шарқ тонги кўчасидаги 19 та кўп қаватли уйнинг аҳволи эди, — дейди туман ҳокими Холмирза Ниёзов. — Аксарият уйларнинг томидан чакка ўтганлиги боис аҳоли ташқи фасадни умуман таъмирламай қўйганди. Қишлоқ кўчаларида фуқаролар ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмаларни ташкил этган, қишлоқ ичидан оқиб ўтувчи ариқ-зовурлар ахлат уюмларига тўлиб-тошган эди.

“Қапчуғай обод келажаги” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига банкдан 357 миллион сўмлик кредит берилиб, биринчи ишимиз, томларни шиферлашдан бошланди. Режасиз қурилган биноларни олиб ташлаш ва ободонлаштириш юмушларида аҳолининг ўзи фаол бўлди. Эртанги кун ободлиги уларда умид уйғотди. Хонадонларга кириш қисми ҳашар йўли ҳамда ҳомийлик маблағлари ёрдамида тўлиқ таъмирланди.

Полосон ва Тинчлик қишлоқларида жойлашган хонадонларнинг 10 580 метр квадрат том қисми янгиланди, 444 та хонадоннинг ташқи тарафи умумий ландшафтга хос тарзда бўялди. Ушбу ҳудуднинг 8 километрлик қисмидаги ёғоч таянчлар бетонлисига алмаштирилиб, 360 та кўча чироғи ўрнатилди.

Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 5,8 километр қувур тортилди, 4 километр оқова сув тармоғи тозаланиб, 300 метри янгидан ётқизилди. Асосий йўлдан маҳалла кўчаларига кириш жойининг 4 минг метри таъмирланди. Қолаверса, ҳудуддаги 48 та савдо дўкони, 18 та гўшт дўкони ҳамда 43 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти реконструкция қилинди.

Ташаббус ва шижоат

Қапчуғайдаги 19 та кўп қаватли уйнинг бугунги қиёфасига боқиб, унинг тароватини янада очиб юборган маскан — янги мактабгача таълим муассасасидан дил яйрайди. Кўп қаватли тураржойларнинг қоқ марказидаги собиқ 44-мактабгача таълим муассасаси биноси шу кунгача қаровсиз қолиб, харобага айланган эди. Объект тадбиркор Муҳаммаджон Абдураҳмоновга хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида “ноль” харид қийматида берилди.

— 3 миллиард 500 миллион сўмлик кредит асосида мазкур бинода замонавий 140 ўринли боғча ташкил этилди, — дейди тадбиркор. — Болажонлар учун ёзги чўмилиш ҳавзаси, спорт майдончаси, эртаклар олами маскани ҳам бунёд қилинди. Бундан ташқари, ушбу бир гектар майдон таркибида нон ишлаб чиқариш, тикув цехлари фаолият бошлади. Натижада кўп қаватли хонадонларда яшовчи элликдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланди.

Тадбиркор Сабринисо Ваҳобованинг саъй-ҳаракати билан яқинда бу ерда “Imona atlas” хусусий корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Тикувчиликка ихтисослаштирилган мазкур корхонада эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган, эътиборга муҳтож 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Умумий овқатланиш мажмуаси билан биргаликда очилган гўзаллик салони, келин либослари дўкони ҳамда бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида аксарият ёшлар ижтимоий фойдали меҳнат билан банд.

Тинчлик шаҳарчасидаги эзгу юмушлар ҳам қизғин паллада. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилганидан ҳудуд аҳли миннатдор. 300 ўринли тадбирлар зали замонавий кўриниш олди. Маданият саройи худудида тез кунларда болалар аттракционлари, шунингдек, кичик деҳқон бозори, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, китоб дўкони, интернет маркази фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

“Янги ҳаёт”нинг янги ҳаёти

Ҳаётбахш дастур яна бир қатор маҳалла хонадонларини ҳам қамраб олган. Хусусан, Тинчлик шаҳарчасида жойлашган “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинининг катта йўл бўйида жойлашган манзилларида ҳақиқий маънода янги ҳаёт бошланмоқда.

Мазкур йиғин раиси Тоҳиржон Раҳмоновнинг таъкидлашича, дастурга киритилган 257 хонадон, 4 та кўп қаватли уйда яшовчи юртдошларимизнинг талаб ва таклифлари, мақсадлари яқиндан ўрганилди. Эҳтиёжманд фуқароларнинг хонадонига ширкат ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалий ёрдам кўрсатилди. Кўплаб уйларда таъмирлаш-қурилиш ишлари бажарилди. Улкан янгиланишлар Шарқ, Қувурбоши, Беруний, Ёшлик, Ибн Сино, Дўстлик, Навоий ҳамда Ўзбекистон маҳаллаларида ҳам олиб борилаётир.

— Маҳалламизда ўтган йили 57 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган эди, — дейди “Қувурбоши” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳабибиддин Саидов. — Тушунтириш ишлари олиб бордик. Томорқадан фойдаланиш тажрибасини оммалаштирдик. Натижада ҳозирги пайтда кам таъминланган оилалар сони 20 тани ташкил этаяпти, холос. Мақсадимиз — аҳолини имкон қадар боқимандалик кайфиятидан чиқаришдан иборат.

Ана шундай хайрли ишларни, ободончилик тадбирларини бошқа маҳаллаларда ҳам кузатиш мумкин. Умуман, дастур доирасида вилоят бўйича 2864 та уй-жой ва 9,8 километр ички ҳамда хўжаликлараро йўллар таъмирланди. 23 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилди. 105,9 километр электр тармоғи янгиланиб, аҳоли хонадонларига 4440 та газ баллони етказиб берилди. Бир километр табиий газ тармоғи модернизация қилинди.

Қисқаси, “Обод қишлоқ” дастури асосида, одамларни рози қилиш йўлида ана шундай бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилаётир. Бундан, айниқса, эл-улус хурсанд. Улар қўл қовуштириб ўтирмасдан хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Бир йўлингиз тушганида, албатта, Қапчуғай, Тинчлик, Полосонга кириб ўтинг. Зеро, кундан-кун чирой очаётган ушбу масканни қайта кашф этасиз.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Хурсандбек Араббоев олган суратлар


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар