Фарғоналик жиноятчига 12 марта суд ҳукми чиқарилди

19:04 21 Май 2018 Жамият
398 0
Фото: ecrypto.ru

Фарғона вилояти Бешариқ туманилик Йўлдош Маматқулов илгари ҳам бир неча бор жиноят содир этиб, судланган. 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбдор деб топилиб, 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судининг 2017 йил 5 январь кунги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 74-моддасига асосан ўталмай қолган 4 йил 7 ой 11 кун озодликни маҳрум қилиш жазоси шу муддатга яшаш жойини тарк этишни бутунлай тақиқлаган ҳолда озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. 

64 ёшни қоралаётган Й. Маматқулов бундан тегишли хулоса чиқармади. Яшаш хонадони ички ишлар бўлими ходимлари томонидан текширилганда, у ўз жойида бўлмаган. Улфатлари билан спиртли ичимлик ичиб, озодликни чеклаш билан боғлиқ жазодан қасддан бўйин товлаб юрган. 

Хавфли рецидивист бўлгани ҳолда 2018 йил 9 апрель куни соат 22:00 ларда ўзига аввалдан таниш бўлган Холматжон Ниёзов билан яшаш уйида учрашиб, ўртасидаги пул олди-берди масаласи юзасидан ўзаро оғзаки жанжаллашиб қолиб, уришади. Жанжал давомида Й.Маматқулов яшаш уйи токчасида бўлган ошхона пичоғи билан Х.Ниёзовни икки қўли, чап оёқ сон қисмларига қасддан санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган. 

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани суди раиси Ф. Собировнинг ЎзАга хабар қилишича, мазкур жиноят юзасидан Й. Маматқуловга нисбатан суд ўз ҳукмини чиқарди. 12 марта судланган Й. Маматқуловга 4 (тўрт) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар