Фарғонадаги бир маҳаллада 500 та иссиқхона бор

09:53 22 Апрель 2020 Иқтисодиёт
458 0

Сарлавҳадан ҳайрон бўлманг! Бу айни ҳақиқат эканлигини мақола сўнгидаги интевьюдан билиб оласиз.

Шоирахон опа Қўрчиева Бағдод туманининг “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. Ўзига тўқ, кўнгли хотиржам ва рўзғори бут оиланинг бекаси. Бу хонадон аъзолари томорқадаги иссиқхонада сабзавотлар етиштириш ва уларни эрта баҳордан бошлаб бозор расталарига пешма-пеш етказиб бериш билан шуғулланиб келади. Кўзларимиз кўкка ташна бўлиб турган шу кунларда Шоирахон опанинг томорқаси кўрар дилни қувнатар даражада.

– Шукрки, ана шу меҳнатимиз ортидан иқтисодий тўкинликка эришдик, — дейди хонадон соҳибаси биз билан суҳбатда. – Эл-юртга, маҳалла-кўйга тўй бериб, қўша-қўша иморатлар кўтарадиган ёшдамиз. Бу харажатларни томорқамизда етиштирилган ҳосил билан қоплаймиз. Кимлардир бир парча ерга зор бўлиб турган вақтда бизнинг тасарруфимизда шунча экин майдони бўла туриб, ундан оқилона фойдаланмасак, берганнинг қўлини синдирган, Яратганнинг беминнат неъматидан юз ўгирган бўламиз, ахир.
 

Хонадон соҳибаси янгиликка ўч экан, денг, иссиқхонада томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйди.

– Маҳалламиз ўз номи билан дашт ҳудуди. Бу ерда бироз сув тақчиллигини ҳисобга олмаганда,алоҳида меҳр бериб тошни ҳам кўкартирса бўлади, — дейди Шоира опа. –Ўғлим сантехника ишларидан оз-моз хабардор. Телевизор орқали кўрганларини, яна, интернет орқали ўқиганларини амалда қўллаб, иссиқхонамизга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатди. Кўриб турганингиздек, озгина хафсала, қунт бўлса кифоя. Ҳеч қандай қийинчилиги, мураккаблиги йўқ экан бу усулнинг.

Ҳудуд аҳолиси боғдорчиликни ҳам яхши ўзлаштирган: кимдир томорқада хурмо, яна кимдир шафтоли, бошқа биров олма боғи барпо этиб, рўзғорининг тўкинлиги учун замин ҳозирламоқда.

Каримахон опа Қўчқорова ўтган йили иссиқхонасига лимон кўчатларини экди. Қатор ораси бўш қолмасин учун жўяк тортиб, қулупнай экди.

– Томорқамизда бир неча йиллардан бери иссиқхона мавжуд, – дейди хонадон соҳибаси. – Ҳар йили мўмай даромад оляпмиз. Экин-тикин ишлари билан асосан фарзандларим шуғулланишади, лекин мен ҳам жимгина қараб турмайман. Баҳоли қудрат, уларга ёрдам бераман, йўл-йўриқ кўрсатиб, иш ўргатаман. Бу йил қулупнай етиштиряпмиз. Худо хоҳласа, ҳосилимиздан барака топамиз.
 

МФЙ раиси Иброҳимжон Қўқоновнинг айтишича, аҳоли ўртасида томорқадан оқилона фойдаланиш кўникмалари йил сайин ривожланиб бормоқда. Ҳудудда 867 та хўжалик мавжуд бўлса, аҳоли тасарруфида 70 гектарга яқин томорқа бор. Ана шу томорқаларнинг 534 тасида иссиқхона ташкилланган. Шу йилнинг ўзида яна 100 дан ортиқ томорқада янги иссиқхоналар барпо этилмоқда.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?