Фарғонада уйнинг том қисми ҳам иссиқхонага айлантирилди

14:02 16 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1407 0

Бувайда туманининг Бештерак қишлоғилик Маҳаммаджон Йўлдошев 4,5 сотих томорқасида ҳар йили гул етиштириб, 20-25 миллион сўм атрофида даромад қилади. Уддабурон, меҳнаткаш, янгиликка интилувчан оила аъзолари бу йил яшаш уйининг том қисмини ҳам иссиқхонага айлантиришди. Излаган имкон топар,дейди доно халқимиз. Айни кунларда Йўлдошевлар хонадони томидаги 1 сотих иссиқхонада баҳорий гуллар қийғос очилган. Мана буни ердан унумли фойдаланишда ўзига хос инновацион ғоя, деса бўлади.

–Йирик биноларнинг том қисмида ҳатто дарахт етиштирилгани тарихдан маълум. Айниқса,замонавий архитектурада ҳам бу тажрибадан кенг фойдаланмоқда, –дейди Мардонбек Йўлдошев. –Уйларимизнинг том қисми бекор ётишига қараб тура олмадим. Уй шароитидан келиб чиқиб енгил вазнли профиллардан фойдаланиб иссиқхона қилдим. Ҳозир томда алоҳида қоғоз ва целлофан идишларда 3 минг тупдан ортиқ гул кўчатлари навини кўпайтиряпмиз. Ҳар йили 10 турдаги хонаки ва ноёб гуллар, кўкат етиштиришни ҳам канда қилмаймиз.

Умуман олганда, Фарғона томонларда кўчатчилик,узумчилик ва полиз маҳсулотларини етиштиришда томдан фойдаланиш услуби кенг тарқалган.

Бешариқ туманининг Ропқон қишлоғида истиқомат қилувчи Дилмурод Абдусалиев ўз хонадони томорқасидан улкан даромад олиш борасидаги тажрибаси ҳам эътиборга лойиқ. Бу оила иссиқхоналарида кўп йиллардан буён помидор-бодринг, цитрус мевалар парваришланади. Уй том қисмида эса турли кўчатлар етиштириб сотиш орқали ҳам яхшигина даромадга эга бўлишади. Унинг хонадонида балиқ боқиш учун ҳовуз ҳам ташкил қилинган. Ем-озуқалар билан минерал ўғитларга бойиган ҳовуз суви эса иссиқхоналарга йўналтирилади.

–Бундан буён томорқадан фойдаланишда ялқов ва дангасалик қиладиган оилалар асло кечирилмайди, –дейди Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев. – Аслида бугунги синовли ва мураккаб, карантин шароитида давр талаби ҳам шу – ҳар бир оилада томорқани улкан даромад манбаига айлантириш. Туманимизда гулчилик, кўчатчилик, боғдорчилик сингари тармоқлардаги илғор тажрибаларни фақатгина оммалаштириш орқалигина кўзланган мақсадга эришилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2020 йил давомида Фарғона вилоятида аҳоли томорқаларидан жами 924 минг тонна сабзавот, картошка,полиз, дуккакли ва мойли экин маҳсулотлари етиштирилади. Ушбу маҳсулотларнинг 608,8 минг тоннаси ички истеъмолга, 233,3 минг тоннаси экспортга ҳамда 64,4 минг тоннаси қайта ишлашга йўналтирилади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?