Фарғонада уй томида кўчатлар етиштирилмоқда

12:24 27 Февраль 2019 Жамият
612 0

Бешариқ туманининг Ропқон қишлоғида истиқомат қилувчи Дилмурод Абдусалиев ўз хонадони томорқасидан улкан даромад олиш борасидаги тажрибаси эътиборга лойиқ. Бу оила иссиқхоналарида кўп йиллардан буён помидор-бодринг, цитрус мевалар парваришланади. Уй том қисмида турли кўчатлар етиштириб сотиш орқали ҳам яхшигина даромадга эга бўлишади.

– Изланган имкон топар дейди, доно халқимиз. Мол-қўй боқадиган оғилнинг том қисми эрта баҳордаёқ қишга захира қилинган хашаклардан бўшайди, –дейди Д.Абдусалиев. – Кеч кузга қадар бўш ётишига қараб тура олмадим. Уй шароитидан келиб чиқиб енгил вазнли иссиқхона қилдим. Ҳозир томда алоҳида қоғоз ва целлофан идишларда 3 минг тупдан ортиқ помидор кўчатлари ва Россия давлатидан олиб келинган, тўрт фаслда ҳам мева берадиган қулупнайнинг “Роментальный” навини ҳам шу томда кўпайтиряпмиз. Ҳар йили биргина лимон етиштириш орқали 30 миллион даромад оламиз. 10 турдаги хонаки гуллар, кўкат етиштиришни ҳам канда қилмаймиз. Лимон кўчатлари остида булғор қалампири, тарвуз кўчатлари етиштирамиз. Тажриба сифатида апелсин кўчатини уй шароитида парваришлаяпман. Бу йил бир дона мева тугди. Натижа кутилганидек бўляпти. 

Дилмурод Абдусалиев хонадонида балиқ боқиш учун ҳовуз ҳам ташкил қилган. Ем-озуқалар билан минерал ўғитларга бойиган ҳовуз суви эса иссиқхоналарга йўналтирилади.

Айтиб ўтиш жоизки, Куни кеча Рапқон маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган амалий семинар мавзуси ҳам томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ютуқларни оммалаштириш ва йўл қўйилаётган камчиликларга барҳам беришга бағишланди. Унда маҳаллий ҳокимлик ва дахлдор идоралар мутасаддилари билан биргаликда 400 нафарга яқин аҳоли-томорқа ер эгалари иштирок этди.

–Бундан буён томорқадан фойдаланишда ялқов ва дангасалик қиладиган оилалар асло кечирилмайди, –деди Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев. – Аслида бугунги давр талаби ҳам шу – ҳар бир оилада томорқани улкан даромад манбаига айлантириш. Туманимизда гулчилик, кўчатчилик, боғдорчилик сингари тармоқлардаги илғор тажрибаларни фақатгина оммалаштириш орқалигина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Шу боис барча фуқаролар йиғинларида хўжакўрсинга эмас, амалий семинарлар ўтказиляпти.

Феврал ойида ҳудудларда 100 дан ортиқ ташкилланган шу мавзудаги семинарлар Фарғона вилояти аҳолисининг томорқаларидан максимал даражада фойдаланиш ва фойда олиш қобилиятини шакллантиришга қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2018 йил давомида тарғибот тадбирлари ва кенг жамоатчилик вакилларининг тушунтиришларига қарамасдан ўз томорқаларидан фойдаланишни истамаган 250 дан ортиқ хўжаликларга нисбатан сўнги чора -белгиланган тартибда томорқасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чоралари қўлланилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019