Фарғонада рентген аппаратлари ишлаб чиқарилмоқда

13:12 16 Март 2019 Иқтисодиёт
321 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жанубий Корея билан ҳамкорликда иш бошлаган “LISTEM-FERGANA” масъулияти чекланган жамияти бугун тиббиёт учун зарур бўлган 8 турдаги рентген асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Умумий қиймати 5 миллион долларга тенг бўлган мазкур қўшма корхонада йилига 500 донагача рентген аппаратлари ишлаб чиқарилади.

– Бизнинг ушбу брендимиз бутун дунёда етарли обрў-эътибори, салоҳияти ва ўз бозорига эга, – дейди корхонанинг “тест” бўлими бошлиғи Ли Ин Хонг – Айни кунларда АҚШ, Германия каби 10 дан ортиқ мамлакатларда ушбу рентген асбоб-ускуналаридан фойдаланишади. Яқинда уч ой мобайнида фарғоналик ёшлар Жанубий Кореяда рентген аппаратларини ишлаб чиқариш, йиғиш ва реализация қилиш борасида малака ошириб қайтишди. Уларнинг сўнги якуний тест жараёнларида ҳам юқори натижаларни қайд этгани қувонарли. Ана шундай малакали ўзбек кадрлари билан янги иш бошлаган корхонамизда жорий йил 8 хил рентген аппаратлари, келаси йилда эса ултратовуш, электрокардиограмма мосламалари каби 18 турдаги юқори технологик, рақамли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори бўлмоқда. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Мазкур маҳсулотлар Ўзбекистон бозори учун ноёб ва инновацион маҳсулот. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида экспортбоп маҳсулотларни тайёрлаш, ички бозор талабларини қондириш учун “LISTEM-FERGANA” масъулияти чекланган жамияти келажакда йиллик ишлаб чиқариш қувватини 900 донага етказади. Бу эса аниқ ҳисоб-китобларга асосланган хулоса.

Фото: "Халқ сўзи" 

– Минтақамизда замонавий, ихчам рақамли рентген аппаратига бўлган эҳтиёж катта, – дейди Фарғона вилояти Соғликни сақлаш бошқармаси бошлиғиОдилжон Умаров. –Ўрта Осиё минтақасида ягона ушбу корхонанинг ишга туширилиши, биринчи навбатда, диагностика соҳасида касалликларни эрта аниқлашда натижадорликни таъминлайди. Қолаверса, эҳтиёж жуда юқори бўлган бирламчи тизим – қишлоқ оилавий поликлиникалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар , шошилинч тиббий ёрдам бўлимларини, турнақатор навбатга туришлардан ҳоли, рентген аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Сир эмас, бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги энг катта муаммолардан бири бу юқори технологик аппаратураларга малакали сервис хизмати кўрсатувчи техник ходимлар, инженерлар, муҳандисларнинг камлиги. Эндиликда корхонада Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали тиббий муҳандислик факультети юқори курс талабалари ҳам фақат назария билан чекланмасдан бевосита амалий машғулотлар ўташи, тажриба орттириши ҳам мумкин. Корхонада бугунги кунда лойиҳанинг навбатдаги босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб бориляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғонада амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадидаги ташрифи чоғида тиббиётнинг замонавий диагностика асбоб-ускуналарини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019