Фарғонада ноёб отлар парваришланади

14:13 05 Июнь 2018 Жамият
404 0
Фото: xazinagz.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғонага ташрифи чоғида вилоятда Қорабайир отларини кўпайтириш борасида ўз тавсияларини берган эди. Шундан кўп ўтмай, Қувасой шаҳрининг Пакана маҳалласида Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган “Водий тулпорлари” наслчилик комплекси фойдаланишга  топширилди.

Хитой ёзма манбалари ва мамлакатимизнинг турли мавзеларидан топилган қоятош суратлар Қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканлигини тасдиқлайди.  Бундан ташқари, Эроннинг Беҳустун қоясидаги бўртма суратларда, Аҳамонийлар саройидаги деворий расмларда қадимги Турон заминидан келтирилган учқур арғумоқлар тасвири акс этган. Ушбу далиллар, шубҳасиз, она заминимизда тўрт минг йил аввал йилқичилик шакл-ланган деган тасаввур уйғотади. 

“Водий тулпорлари” наслчилик комплексининг тантанали очилиш маросимида ана шу тарихий далиллар ва бугунги кунда дунёда от спортига бўлган талабнинг ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни муддао эканлиги эътироф этилди. 

Шу маънода, Қувасой шаҳрида “Кварц” акциядорлик жамияти томонидан 2,5 гектар ҳудудда Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган мажмуа ташкил этилиши, бу ерда наслли ва спорт отлари тизимли равишда етиштирилиши келажакда юртимиз от спортининг ҳамда у билан боғлиқ миллий ўйинларимизнинг жаҳонга чиқишида асосий таянч бўлиб хизмат қилади. 

— Мажмуамиз 50 та Қорабайир зотли отларни парваришлашга мўлжалланган, — дейди мазкур наслчилик комплекси раҳбари вазифасини бажарувчи Саёдбек Зоҳидов. — Бундан ташқари, отларнинг кўргазмали чиқишларини намойиш этиш ва спорт мусобақаларини ўтказиш учун 180 ўринга мўлжалланган томоша майдони ҳам қурилди. Шунингдек, бу ерда ёш чавандозлар учун ўқув курслари ҳам олиб борилади.

Мажмуа ёзги ва қишки мусобақалар ўтказиш майдони, насл кўпайтириш ва отларни парваришлашга мўлжалланган махсус биноларга эга. 

Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар