Фарғонада ноёб ирғай ўсимлиги ўстириляпти

23:26 22 Май 2020 Жамият
485 0

Ирғайни яна қизил ҳам дейишади. У бутасимон дарахт, шифобахш ва ноё, турга мансуб бўлиб, асосан мамлакатимизнинг тоғли ва салқин ҳудудларида ўсади. Бу дарахт жуда сувсеварлиги билан бирга шароитга мослашсагина мўл ҳосил беради. Аслида унинг инжиқлиги ҳам мана шунда. Уй шароитига мослаштириш ва ўстириш игна билан қудуқ қазишдек гап.

Аммо Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Турдиали ота Валижонов ўсимликни “тили”ни топди. Бироз, иссиқ бўлган водий ҳудудига дарахтни мослаштирди.

— Бу дарахтни бир бемор учун тоғли ҳудуддан ўзим олиб келганман. Лекин 10 йил аввал бу мавжудотни топиш роса қийин бўлганди, ​ дейди Турдиали ота. ​ Тошда ўзига шароит яратган бу дарахт нега энди қуруқ таёқ гуллайдиган Фарғонада ўсмайди? Албатта ўсади! Ўсмаса шароит яратамиз, мослаштирамиз, тажриба синов тариқасида ишлаймиз, деган қатъий фикрга келдим. Мана,бир неча ўн йил бўлса-да уддасидан чиқдик. Аввало, ўсимликка тирик мавжудот сифатида қараш лозим,деган фикрдаман. Чунки, дарахт ва ўсимликлар ҳам ҳайвонлар каби меҳрни ҳис қилади. Бу дарахтни ҳам айтганимдек меҳр билан парваришладим.
 

Истараси иссиқ, сўзга чечан, ҳар қандай суҳбатдошини лутфи билан ўзига ром қилиб оладиган кекса боғбонни Фарғонада кўпчилик танийди. Саксон саккиз ёшни қоралаб қолган бўлса-да, ҳамон тетик, тиниб-тинчимайди.

Турдиали ота нафақага чиққач, уйда ўтиргиси келмади. Ишлаб, омма орасида юрган одам эмасми, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ўйлаб-ўйлаб, кичик ҳовлисига иссиқхона қурди. Кичик боғ яратди. Ота ҳар тонг набираларини ёнига олиб, ишга киришади. Бугун унинг ҳовлисида сабзавоту, меваларни, ҳаттоки цитрус меваларни ҳам учратишингиз мумкин. Маҳалладаги қўшниларга ота дарахт­ларни кўчатдан ўстириш сирларини ўргатади, томорқасига, ерига меҳр уйғотади.

Дарвоқе, боғбон ота умр йўлдоши билан биргаликда 5 нафар фарзандни тарбиялаб элнинг хизматига камарбаста қилган. Невараю чевара уларнинг атрофида парвона. Фарзандларига ҳам ўз меҳнатсеварлигидан юқтирган. Ота яшайдиган ҳовлидаги томорқада ҳам бир қарич бўш турган ерни кўрмайсиз. Оиладагиларнинг ҳаммаси меҳнат билан банд.

Бугун меҳнатдан қочмаган, машаққатдан чўчимаган одамнинг рўзғори обод, турмуши фаровон. Турдиали ота Валижонов каби меҳнатсевар, ўз умрини эзгу, савоб амаллар, фойдали ишларга сарф этаётган инсонлар фаолияти эса бунга ёрқин мисол бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?