Фарғонада нарх-наво барқарорлиги таъминланадими? — вилоят ҳокимининг ҳисоботи эшитилди

12:14 20 Октябр 2020 Жамият
230 0

Айни кунларда Фарғона вилоятида кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасида алоҳида чора-тадбирлар режаси белгиланган.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бўйича ҳисоботи эшитилди.

Маълум бўлишича, шу кунларда вилоятга Беларус Республикасидан музлатилган, ҳалол сертификатига эга гўшт олиб келиш режалаштирилган. Бу гўштнинг ҳар бир килосини вилоят бозорларида анча арзон нархда сотиш кўзда тутилмоқда. Вилоятга ҳар ойда ўртача 300 тонна ана шундай гўшт маҳсулотини импорт қилиш орқали маҳаллий бюджет ҳисобида 22 миллиард сўм тежаб қолиш мумкин.

Шунингдек, бугунги кунда картошка, шакар ва бошқа энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам қўшимча равишда хориждан олиб келиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Картошкани қўшни Қирғизистондан, шакарни Украина ва Беларус Республикасидан импорт қилиш борасида мавжуд имкониятлар ўрганилмоқда.

Ўз навбатида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза қилиш мақсадида ҳокимлик жамғармаси ташкил этилади. Бу борада вилоят марказига яқин ҳудудларда улгуржи, саралаш ва тақсимлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ердаги омборларда захира маҳсулотлари сақланиб, талаб ва эҳтиёжга қараб савдога чиқарилади. Шу тариқа бозорларда нарх-наво барқарорлиги таъминланади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шу кунларда Фарғона вилоятида республика ОАВ вакиллари ва бошқа мутасадди идоралар масъуллари иштирокида пресс-тур ўтказиляпти. Журналистлар вилоят туманларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва захирасини яратиш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар.

Ташриф давомида журналистлар ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокида юзма-юз мулоқот ҳам бўлиб ўтди.

Б. Мадиёров,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?