Фарғонада хориж компаниялари сони яна иккитага кўпайди

18:28 13 Март 2020 Иқтисодиёт
123 0

Фарғона вилоятида айни кунларда 250 дан ортиқ хорижий компаниялар фаолияти йўлга қўйилган. Вилоятга энг йирик сармоя киритган мамлакат Хитой давлати бўлиб қолмоқда.  Туркия эса 20 та компания ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйгани билан ҳудудда иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Сўнгги кунларда Фарғона вилояти инвестицион муҳитига Россия Федерациясидаги тадбиркорларнинг қизиқиши тобора ортиб боряпти.

Яқинда, Фарғона вилояти билан Россия Федерациясининг ҳудудлари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг янги истиқболларини белгилаш мақсадида жорий йил 24-27 февраль кунлари Россия Федерациясининг Красноярск, Пермь ўлкалари ва Вологда вилоятига Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев раҳбарлигидаги делегациянинг хизмат сафари амалга оширилган эди. 
Сафар давомида Красноярск ва Пермь ўлкалари ҳамда Фарғона вилоятилик тадбиркорлар иштирокида 14 та учрашув ўтказилди. Унда вилоятнинг иқтисодий имкониятларини намойиш этиш орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича уларнинг мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.

Инвестицион лойиҳалар доирасида Красноярск ўлкасидаги “Сибирь” ишлаб чиқариш инвестиция жамғармаси билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида лойиҳа қиймати 150,0 млн. АҚШ долларилик магний ва қиймати 10,0 млн. АҚШ долларилик мебель ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, Красноярск ўлкасидаги “Командор” савдо тармоғига Фарғона вилоятининг “Uz-Segang” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 10,0 млн. АҚШ доллари миқдорида, шунингдек, вилоятда фаолият юритаётган экспортёр корхоналар томонидан 60,0 млн. АҚШ доллар, жами 70,0 млн. АҚШ доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.

Ана шундай ҳамкорликлар бугун вилоятда ўз самарасини бера бошлади. Куни кеча Фарғона шаҳар давлат хизматлари марказида Россиянинг “FRUKTOVIE SADI FERGANI” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. 400 млн. сўм сармояга эга ушбу корхона эндиликда Қувасой шаҳридаги Ҳувайдо маҳалла фуқаролари йиғинида мамлакатимизда етиштирилган тотли, шириндан-шакар мева сабзавотлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайди ва экаспортга йўналтиради.

Эътиборли жиҳати шундаки, Россиялик хорижий йирик сармоядор Евгений Попчук ушбу корхона фаолияти билан биргаликда мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган шароитлар ва имтиёзларга янада қизиқиш билдирди.Туризм соҳасида ҳам жиддий фаолият бошламоқчи эканлигини таъкидлаб,Фарғона шаҳар Давлат хизматлари марказида масъулияти чекланган жамият шаклидаги, яна 400 млн. сармоя йўналтирилган “SHOHIMARDON TOUR-CITY”  хорижий корхонасига асос солди.

Эслатиб ўтамиз ўтган йилда “Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига асосан, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилган эди.

Дирекциянинг асосий вазифаларидан бири Фарғона тумани “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” МФЙларда туризмни ривожлантириш, концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш, ушбу МФЙларнинг экотуризм салоҳиятини инобатга олган ҳолда, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқишдан иборат.

Элёр ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019