Фарғонада халқаро ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда

09:29 11 Март 2019 Жамият
499 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Бугун Фарғонада “Келажакни терроризмсиз қурамиз!” шиори остида халқаро ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Фестивалда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг чегарадош ҳудудларидаги давлат бошқаруви органлари, ёшлар ташкилотлари, миллий-маданий марказлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, диний соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, экстремизм ва терроризмга қарши кураш йўналишида илмий-амалий тажрибага эга мутахассислар, талаба ёшлар қатнашишади.

Мақсад 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 5-бандида илгари сурилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган.

Икки кун (11-12 март) давом этадиган мазкур халқаро фестивалда “Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб масалалари” мавзусида ўқув-семинари ҳамда “Биз келажакни биргаликда бунёд этамиз!” шиори остида ёш олимларнинг инновацион ғоялари, тадбиркор ва ҳунарманд ёшлар кўргазмалари ташкил этилади. Шунингдек, “Дўстлик” кубоги учун фестиваль қатнашчиларидан иборат жамоалар ўртасида спортнинг минифутбол, волейбол, стол тенниси мусобақалари уюштирилади.

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида фестивал иштирокчилари ва 20 мингдан ортиқ ёшлар учун шоу-концерт дастури намойиш этилади. Бундан ташқари, фестиваль иштирокчиларини Фарғона шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, тарихий обидалар билан таништириш мақсадида вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилади.

Кутилганидек, бугун эрта тонгда Бешариқ туманидаги Андархон чегара постида Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти делегацияси, Водил чегара постида Қирғизистон Республикаси Баткент вилояти делегацияси ҳамда Ўш ва Жалолобод вилояти ёшлар вакиллари Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара постида ўзбекона урф-одатлар ҳамда анъаналар асосида шоду хуррамлик билан кутиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, бугун 11:00 да ”Тадбиркорлар маркази”да уюштириладиган фестивалнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг Фарғона туманидаги “Қабуллар уйи”да “Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар бўлиб ўтади.

Сайтимизни кузатиб боринг, халқаро фестиваль доирасидаги муҳим учрашув ва янгиликлар билан сизларни батафсил таништириб борамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019