Фарғонада “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви вақтида икки қўлидан ажралган ёш йигит ўзига муносиб иш билан таъминланди

16:16 08 Январь 2020 Жамият
1729 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Тошкент шаҳрида ёшлар билан ўтказган учрашувида билдирилган мулоҳазалар бугун барчанинг диққат марказида бўлиб турибди.

Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниевнинг янги йилдаги илк иш кунлари ҳам Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара, Бағдод, Бувайда туманлари ҳамда Қўқон эркин иқтисодий зонасида ёшлар билан юзма-юз мулоқотдан бошланди. Учрашувларда вилоятининг барча бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарларидан тортиб таниқли ижодкорлар, жаҳон чемпионлари, олий таълим муассасалари ректорлари, давлат мукофоти совриндорлари, нуронийлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг Фармонига асосан ташкил этилган 710 гектарли “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида машинасозлик, тўқимачилик, электр техникаси, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 180 миллион долларлик 95 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувининг бу галгиси одатдагидан бошқачароқ кўринишда ташкил этилди. Вилоятнинг фаол, ташаббускор ёшлари билан биргаликда эътиборга муҳтож, иш излаб юрган, ногиронлиги бор ёшлар махсус автобусларда иқтисодий ҳудудда янги ташкил этилган корхоналар билан таништирилди.

“Great Kokand” корхонасида 50 турдаги қадоқлаш учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Эътиборли жиҳати, бу ерда 100 га яқин ногиронлиги бор ёшлар доимий иш билан таъминланган.

Корхоналарга саёҳат давомида ишталаб ёшлар ҳокимга мурожаати туфайли муқим иш ўринлари билан таъминланди.

— Иккала қўлимдан айрилганман. Тасаввур қилинг, бундай ногиронга қаердан ҳам иш топилиши мумкин. Ёки, ким бу ҳолатда мени ишга олади? Ишониш қийин, — дейди “Great Kokand” корхонаси назоратчиси Достон Эгамбердиев. — Лекин вилоят раҳбарига бевосита мурожаатим ерда қолмади. Шу корхонага ишга жойлашдим. Онамнинг хурсандчилигини айтмайсизми? Энди мен ҳам ўзимни жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этяпман. Бу мен учун туганмас бахт.

Ўтган йил ёз ойида Президент Шавкат Мирзиёев “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги “Шаффоф омадли саноат” қўшма корхонаси фаолияти билан танишган эди. Бу ерда йилига 230 минг дона метан ва 250 минг дона пропан ускуналари, 300 минг дона бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Фаол ёшлар корхона фаолияти билан ҳам танишиб бу ердаги бўш иш ўринлари ва корхона имкониятлари билан қизиқишди. Шундан сўнг иқтисодий зона маъмурий биносида Ш. Ғаниев ёшлар билан юзма-юз мулоқотларга киришди.

“Бир вақтлар дашт бўлган ушбу ҳудудда бугун ҳаёт қайнаяпти. Ҳудуд атрофлари янги қурилган ва қурилаётган яшаш манзилларидан иборат. Марказий қисми эса ишлаб чиқариш корхоналаридан ташкил топган. Бу ерда ўзлаштирмаган имкониятларимиз жуда юқори. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, шу иқтисодий зонада 10 минг иш ўрни бор ёшларимиз учун. Бугундан эътиборан, ҳозир сизлар билан учрашиб турган маъмурий бинода ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси доимий тарзда фаолият олиб боради”, деди вилоят ҳокими.

Бешариқ ва Ўзбекистон туманлари марказида кенг миқёсли бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Вилоятнинг йирик тадбиркорлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти тадбирда иштирок этдилар. Ҳоким ва ёшлар учрашувида барча муаммолар рўй-рост айтилди.

Муаммолар оз эмас. Икки туманнинг ҳар бирида уч минг нафардан ишсиз ёшлар бор. Яна уч минг нафар ёшлари хорижга иш излаб чиқиб кетган. Ёшлар орасида жиноятчилик ўтган йилларга нисбатан камайган бўлсада, ҳали бу борада муаммолар бор. Экстремистик, террористик гуруҳлар сафида, Сурияда юрганлар ҳали бир неча юз нафарни ташкил этади.

“Бу очиқ-ошкора мулоқот майдони. Мен сизларни тинглагани келдим. Биз ака-ука, ота-бола бўлиб гаплашайлик”, деди ҳоким барча расмиятчиликларни бир четга суриб.

Мулоқотлар давомида яйпанлик уч карра Ўзбекистон чемпиони Зебохон Қаҳҳорованинг таклифи билан байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорти сув ҳавзаси қуриладиган бўлди.

Худойберди Тўхтабоев номидаги болалар кутубхонасига вилоят ҳокимлиги захира жамғармасидан 700 млн. сўм пул ажратилди.

Ёш тадбиркорларнинг асосли лойиҳаларига банк олдида ҳокимликлар, жумладан Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи ҳам кафил бўлишини билдирди.

Данғара туманида бўлиб ўтган учрашув ҳам ортиқча расмиятчиликлардан ҳоли самимий руҳда ўтди. Шу ўринда айтиш керакки, 2019 йил якунлари сарҳисобига кўра Данғара тумани “Вилоятдаги энг намунали туман” деб эътироф этилган.

— Мен тадбиркорлик билан шуғулланаман. Лекин шунга қарамай менда чорвачиликка ҳам қизиқиш пайдо бўлди. Шу йўналиш бўйича имтиёзли кредит ажратилса, — деди Икром Абдуллаев.

Ёш тадбиркорнинг бу мурожаати ўз ўрнида ечимини топди. Унга Агробанк томонидан 50 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

— Туман ҳокимлиги қошида ёшларнинг инновацион ғоя ва таклифларини ва муаммоларини доимий моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди, — деди ёшлар етакчиси Маҳлиё Худойбердиева.

Вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан бу ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди. Бу жамғармага вилоят бюджетидан 4 млрд. ва туман бюджетидан 1 млрд. сўм ажратилиши белгилаб қўйилди.

Вилоят ҳокими, вилоят фаоллари ва фахрийларининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Фурқат туманида давом этди.

Ёш тадбиркор Ш. Рўзматов ўз маблағи ҳисобига туман марказида ёшлар учун “Эко парк” ташкил этиш учун ер ажратиб беришга рухсат сўраб мурожаат қилди. Туман ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун шароит, қўшимча иш ўринлари яратаман деган тадбиркорни барча олқишлади ва қўллаб-қувватлади.

Фурқатликларнинг фахру ифтихори бўлган боксчи Бектемир Мелиқўзиев ҳам янги ташаббус билан чиқди:

— Туманимизда республика миқёсида Бокс мактабини ташкил этишни хоҳлайман. Имконият бўлса туман Агросаноат касб-ҳунар коллежининг бўш турган қисмидан жой ажратилса. Мамлакатимиз бўйича ягона бўлган тажриба бокс мактабини яратмоқчиман, — деди БектемирМелиқўзиев.

— Туманимизда уста Юсуфжон наққош мактабини кенгайтириш учун ер майдони ажратилса 1000 дан ортиқ ёшларни иш билан банд қилиш имконияти ва салоҳиятига эга бўламиз, — деди Хамидилло Муҳаммадалиев. — Бу борада кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган уста наққошлар мактаби бор.

Бағдод тумани ёшлари билан учрашувда ҳам кутилмаган креатив таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Туманнинг Янгиобод қишлоғида янгидан қад ростлаган “Ҳазрати Ҳазиний” зиёратгоҳи ҳудудида “Ёшлар боғи” барпо этиладиган бўлди. Бунинг учун 250 млн. сўм маблағ сарфланади. Навбатдаги илмий сафарлар, изланишлар ҳамда ижодий ишлар учун туманнинг 8-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси, ёш илмий изланувчи Равшанбек Абдуллаевнинг шахсий ҳисоб рақамига 50 млн. сўм ажратиладиган бўлди.

Туманларда давом этган учрашувларда эътиборли ва қизиқарли таклифлар ҳам ўртага ташланди. Масалан, “Ёш тарихчилар” кўп босқичли танловини ўтказиш, маҳалла фуқаролар йиғини биносида ҳуқуқий саводхонликни тарғиб этиш хонаси очиб, уни зарур ҳужжат ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга бўш ётган қир-адирлардан тутзор ташкил қилиш учун ер ажратиб бериш ҳам ёшлар эътиборидан четда қолмади.

— Бу самимий учрашувлар ёшларга бўлган ишонч ва муҳаббат давлат ва ҳукумат томонидан чексиз эканидан далолатдир, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. — Лекин, азиз ёшларимиз қарс икки қўлдан чиқишини ҳеч қачон ёддан чиқармаслиги керак. Доимо инсон инсондан яхшилик, эзгулик ахтариб, ўрганиб яшаса жуда катта ютуқлар эгаси бўлади.

Ўзбекистон Президентининг янги йил арафасидаги ёшлар билан учрашуви мамлакатга янгича руҳ, кайфият олиб кирди. Вилоят ёшлари билан учрашувлар ана шундай улкан режалар ва эзгу ниятлар билан давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019