Фарғонада 266 та хорижий давлат қўшма корхонаси фаолият кўрсатади

13:16 27 Ноябрь 2019 Иқтисодиёт
190 0

Ишбилармонларга бизнес юритишда барча шароитларини яратиб қўйдингизми,улар Мадагаскар оролидан келиб бўлса ҳам ўз иш фаолиятларини йўлга қўяди. Шунинг учун ҳам уларни тадбиркорлар деймиз.

Мамлакатимизда бизнесни йўлга қўйиш,уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда давлат хизматлари марказлари орқали барча бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Бу эса хориж сармоядорларини ўзига оҳанрабодек тортмоқда.

Кореялик тадбиркор Еум Жае Ёнг интернет нашрлар ва Кореядаги ўзбек дўстлари орқали мамлакатимизда ишбилармон доира вакилларига яратилаётган шароитлар ва экспорт қилишда берилган имкониятлар ҳақида хабар топди. Бизнесни йўлга қўйиш учун Фарғонага келди. Маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда Гулшан МФЙ Чорвадор кўчасида ноёб ёғоч буюмлар ишлаб чиқариш, оддий пўкак, похол ва тўқиш учун мўлжалланган материаллардан буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Фарғона туманилик ишбилармонларимиз ҳам бугун хорижий ҳамкорлар билан ўз тадбиркорлигини янада мустаҳкам йўлини танлашган.

Фарғона тумани Сой бўйи МФЙ Узумчи кўчасида яна бир кореялик тадбиркор Чу Хи Дон устав фонди 1 миллиард сўмни ташкил этувчи эфир мойлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Куни кеча Фарғона тумани Давлат хизматлари марказида жаноб Еум Жае Ёнг ҳамда Чу Хи Донга тадбиркорлик фаолиятига рухсат берувчи гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.

-Давлат хизматлари марказларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун барча шароитлар яратиб қўйилганлигининг гувоҳи бўлдим, -дейди жаноб Чу Хи Дон. -Ҳақиқатдан ҳам ҳужжатлар ҳаракатланишига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Бу эса бизнинг маҳаллий ҳамкорларимиз билан янада кенгроқ алоқаларни ўрнатишга мустаҳкам замин яратади. Чунки, 4 йил аввал ҳужжат ишларидаги ортиқча оворагарчиликлар ва босқичларнинг қийинчилиги туфайли воҳада ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаган эдик. Ҳозирда эса, ДХМ орқали 20 дақиқада гувоҳнома қўлингизга тегади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни кунларда Фарғона вилоятида Хитой, Россия, Германия, Туркия, АҚШ, Япония, Исроил каби 266 та хорижий давлат қўшма корхонаси рўйхатдан ўтган.

Масалан, Жанубий Корея давлатидан 12 йирик қўшма корхоналар Фарғонада кўп йиллардан буён барқарор фаолият олиб бормоқда. Уларга ўз вақтида қулай ва замонавий давлат хизматлари кўрсатилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?