Фарғонада 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди

16:37 14 Июнь 2019 Жамият
436 0

Иллюстратив фото

Вилоятнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари учун очиқ ва амалий учрашувлар ташкил этилмоқда. Республика ишчи гуруҳига бириктирилган раҳбарлар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ишбилармон юртдошларимизни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишдилар.

Дастлаб Фарғона шаҳар ҳокимлигида Марғилон, Қувасой шаҳарлари ҳамда Фарғона ва Қува туманларидаги тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Унда ишбилармонлардан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди. 150 нафардан ортиқ тадбиркорлар очиқ мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволлар, турли мазмундаги мурожаатлар билан ишчи гуруҳ вакилларига юзланди. Уларнинг аксарияти амалиётда кўплаб муаммоларга дуч келяпти.Мурожаатларнинг салмоқли қисми ер ажратиш, бино олиш, аукцион савдолари билан боғлиқ машмашалар,банк кредитларини расмийлаштиришдаги ортиқча қоғозбозлик каби муаммолардан иборат.

– Бизнинг “Омад Озод” хусусий корхонамиз тикувчиликка ихтисослаштирилган.. 30 нафар аёллар иш билан таъминланган, – дейди Қува туманидан ташриф буюрган тадбиркор Дилфуза Бекназарова. – Бугунги учрашувда ер майдонимиз борасидаги муаммони ҳал этилиши бўйича ёрдам сўрадим. Ҳудудимиздаги умумтаълим мактаби билан айни шу масалада бўлаётган можаро сабаб анча хуноб бўлдик. Дахлдор идоралар билан биргаликда бу муаммога қисқа фурсатда ечим топиладиган бўлди.

Шу куннинг ўзида ишбилармонларни ўйлантираётган масалалар атрофлича ўрганилди. Уларни имкон қадар шаҳар-туманлар даражасида ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилди.

– Ишбилармонларимизнинг ўз фаолияти давомида айрим муаммолари мавжудлиги бор гап. Буни 2019 йилнинг биринчи чорагида республикамиз бўйича Президент халқ қабулхоналарига тадбиркорлардан 16 мингта мурожаат келиб тушгани ҳам тасдиқлаб турибди, – дейди Бош вазирнинг вилоятдаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Иброҳим Турғунов. – Ушбу янги тузилма бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорларнинг янги синфини шакллантириш, инвестициялар оқимини кўпайтиришда муҳим механизмга айланиши кутилмоқда. Зеро, бу қабулхоналар олдига тадбиркор ва инвесторларнинг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаси қўйилган.

Бу каби очиқ мулоқотлар Бувайда, Риштон, Сўх, Ёзёвон, Тошлоқ, Олтиариқ тадбиркорлар учун Бағдод ва Қўштепа туманларида ҳам ташил этилди.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019