Фарғонада 1181та норасмий ишчилар аниқланган, солиқ тушуми, 2,7 млрдга ошган

13:49 01 Июнь 2019 Иқтисодиёт
400 0

Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан турли назорат тадбирлари, хусусан, умумий овқатланиш шохобчалари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат чакана савдоси ва бошқа тадбиркорлик субъектлари кунлик тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, ҳақиқий ишчилар сонини аниқлаш мақсадида хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақда Фарғона ДСБ матбуот хизмати хабар берди.

2019 йил бошидан буён вилоятимиз барча шаҳар ва туманларида давлат солиқ идоралари томонидан 2130 та хронометраж ўтказилган. Натижада, мониторинг қилинган субъектларнинг кунлик тушумлари ҳафтанинг мос даврига нисбатан 2,7 миллиард сўмга ошишига эришилган, шунингдек, ноқонуний ишлаётган 1181 та норасмий ишчи аниқланган.

Хронометраж тадбирларида қандай натижаларга эришилаётганлиги юзасидан эътиборингизни қурилиш қиламан деган фарғоналиклар камида бир марта бўлсада кириб ўтган, усталарга маълум ва машҳур, халқ тилида “Польша бозор” деб номланувчи Фарғона шаҳридаги “Қурилиш моллари савдо комплекси”да олиб борилган назорат тадбирларига қаратсак.

Мазкур савдо комплексда фаолият юритувчи кафель, турли хил бўёқ маҳсулотлари каби қурилиш моллари савдоси билан шуғулланувчи “Fargʻona Husniddin kelajak savdo” хусусий корхонаси ўрганилганда маълум бўлдики, тадбиркор фаолияти қонуний йўлга қўйилган, терминал ва назорат касса машинаси соз ҳолда ишлаяпти. Лекин, битта муаммо – тадбиркор кунлик тушумлари бўйича тақдим этаётган ҳисобот амалдагиси билан фарқ қилмоқда. Яъни, 25 майга қадар ўртача кунлик тушум 2,5 миллион сўм дея ҳисобот топширилган бўлса, хронометраж кўздан кечириш тадбири ўтказилганда ҳақиқий кунлик тушуми 3,8 миллион сўм эканлиги ойдинлашди. Айтиш мумкинки, мазкур вазиятда бир кунда 1,3 миллион сўм, бир ойда эса дейлик 30 миллион сўмдан ортиқ тушум ҳисоботларда кўрсатилмаган ва солиқ тўлашдан ўзига хос усулда “айланиб ўтилган”.

Қурилиш материаллари билан савдо қилувчи яна бир “Compilation colors trade” хусусий корхонасида ҳам юқоридаги ҳолат – ҳисоботларга кўра, кунлик тушум ўртача 460 минг сўм, хронометраж якунларига кўра эса 1,3 миллион сўм. Бундан ташқари, ишчилар сони ҳам ўрганилганда 3 нафар ишчи расмийлаштирилганлиги, 1 нафари эса ноқонуний ишлаётганлиги маълум бўлди. Корхона сотувчиси Б.Сотволдиев вазиятни қуйидагича изоҳлайди:

- Тўғри, бизда бироз камчиликлар бор, солиқ ходимлари тушунтиришганидек, албатта, биз уларни бартараф этамиз, ҳисоботларни тўғри юритамиз. Шу ўринда битта нарсани унутмаслигимиз керак, биз ишлаб турган жой бу – бозор, бир кун ундай, бир кун бундай савдо бўлади. Кунлик тушумимиз мавсумга ва мижозларнинг келишига боғлиқ. Ҳозир савдомиз яхшиланяпти.

Эслатиб ўтамиз, хронометраж кўздан кечириш тадбирлари вилоят бўйлаб мунтазам равишда ўтказилмоқда ҳамда унда тадбиркорларга солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар юзасидан зарур ахборотлар берилмоқда, аниқланган камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019