Фарғонада 116 та кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар янги уй-жой билан таъминланди

21:36 08 Апрель 2019 Жамият
232 0

Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 649 нафар оиланинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Масалан, Фурқат тумани, “Қушчи” маҳалла фуқаролари йиғинидаги Амиробод қишлоғида яшовчи эшитиш ва гапириш қобилиятини йўқотган Мўйдинжон Йўлдошевга кўмак кўрсатилди. У ҳамда унинг оила аъзоларига касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан ўз ҳовлисида уй қуриб берилди. Худди шундай бахтли воқеа “Ҳаййит” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Нодирахон Кенжаева тақдирида ҳам юз берди.

Хайрли амалларнинг ҳаётдаги ифодасини Учкўприк туманида ҳам кузатиш мумкин. Туман марказидаги Шодлик кўчаси, 39-сонли кўп қаватли уйда касаба уюшмалари маблағлари эвазига квартиралар харид қилиниб, капитал ремонт таъмирланди. Ана шундай квартиралардан бири турмушида оғир вазиятга тушиб қолган Моҳирахон Қўчқоровага насиб этди.

— Иккинчи гуруҳ ногирониман, — дейди Моҳирахон Қўчқорова. — Турмуш ўртоғим ва ўғлим билан 6 йилдан буён ижарада яшаб юрардик. Уй-жой билан таъминлаш бўйича Фарғона вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси ва хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилгандим. Мурожаатим беэътибор қолмади. Бизга берилган уйда ҳамма шароит муҳайё. Қувончим жуда чексиз. Мутасаддилардан оиламиз миннатдор.

 

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самараси ўлароқ Тошлоқ тумани, “Қуйияккатут” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Ражаббой Мирраҳимов сингари инсонлар касаба уюшмалари кўмагидан фойдаланмоқдалар.

— 6 сотихда 21 жон истиқомат қилардик, — дейди унинг турмуш ўртоғи Ойдиной Мирраҳимова. — Ёзнинг иссиқ кунларида, айниқса, тор уйларда шароитларимиз жуда оғир бўлиб қоларди. Қишда-ку, ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан берилган уйларда ҳамма замонавий шароит мужассам. Биз бундан жуда миннатдормиз.

Ногиронлиги бўлган Муяссархон Маметашаеванинг кўзларида қувонч ёшлари. Бу ватандошимиз ҳам эндиликда ўз уйи — ўлан тўшагига эга бўлди.

Риштон тумани, “Тўраобод” маҳалла фуқаролари йиғинидаги бир гуруҳ ногиронлиги бўлган опа-сингилларимизга ҳам касаба уюшмалари томонидан янги уйларнинг калитлари тантанали топширилди. Эшитиш ва гапириш қобилиятини йўқотган олтиариқлик Манзурахон Парпиева ҳам бундан буён янги уйида истиқомат қилади.

— 2018 йил бошидан шу кунга қадар 4080 нафар кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларга маиший техникалар — чангюткич, микротўлқинли печь, кир ювиш машинаси, газплита ва газ баллонлари каби жиҳозлар манзилли етказиб берилди, — дейди Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Ваҳобжон Ҳошимов. — 116 та кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар янги уй-жой билан таъминланди. 221 нафар кам таъминланган оилалар вакиллари республика, вилоят ва шаҳар, туманлардаги тиббиёт муассасаларида даволанишига тўлиқ кўмаклашилди.

 

Эҳтиёжманд оилаларга янги уйларнинг топширилиши Боғдод, Қува, Бешариқ туманларида ҳам давом этмоқда.

Элёржон Эҳсонов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019