Фарғона вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқлари қандай ҳимояланмоқда?

13:14 23 Июнь 2020 Жамият
565 0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий органлари томонидан эса аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар тизимли асосда ва бир маромда давом эттирилди. Бугун Фарғона вилоятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлардан айримларига тўхталиб ўтсак.

Фарғона. Риштон тумани Жалаер қишлоғида яшовчи У.Мелиқўзиев 2018 йилнинг 16 ноябрь кунида “UMID SAVDO FAYZ INVEST” МЧЖ билан 4 тонналик ISUZU QR 71PL юк ташиш машинасини лизинг шартларида сотиб олиш учун шартнома имзолайди. Шартномада кўрсатиб ўтилган 114 980 000 (бир юз ўн тўрт миллион тўққиз юз саксон минг) сўм пулни ҳам тўлаб беради. Шартномага кўра юк автомашинаси 180 кунлик муддатда етказиб берилиши белгиланади. Орадан шартномада кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб бораётган бўлса-да, истеъмолчининг юк автомашинасидан дарак бўлмайди. Истеъмолчи мурожаатини ўрганиб чиққан Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, мазкур масалада судга даъво аризаси киритилгач, томонлар ўртасида келишувга эришилиб, лизинг ташкилоти томонидан 114 980 000 сўм маблағ истеъмолчининг шахсий банк пластик карточкасига тушириб берилди.

Истеъмолчи Е.К. Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилиб келишига қадар икки йил давомида унга нуқсонли телевизор сотган сотувчи билан курашган, унинг берган ваъдаларига ишониб юраверган. Лекин барибир ушбу ишлардан натижа чиқмаган, бу орада 450 АҚШ долларига олинган “LG” русумли телевизор сотувчининг ҳузурига беш марта олиб келиниб таъмирланган. Телевизорда яна нуқсон чиқаверган. Шаҳар жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижалари билан эса истеъмолчининг нуқсонли товари янги, мақбул сифатдагисига алмаштирилишига эришилди.

Қўқон. Фурқат туманида яшовчи М.Хайдарова ҳам Қўқон шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Ж.Расуловдан сотиб олган "Samsung Smart 43" русумли телевизори кафолат муддати ичида яроқсиз ҳолатга келиши натижасида сотувчининг ҳузурига қатнаб чарчаган. Сотувчи томонидан 2.600.000 сўмга сотилган мазкур телевизорнинг «платаси кетганлиги»ни айтилиб, истеъмолчига бир муддат сабр қилиб туриш, «заводдан запчасти келса» платасини бошқа қўйиб берилишини, унгача эса телевизорни вақтинчалик кўриб туриши учун таъмирлаб берилиши ваъда қилинган. «Вақтинчаликка» деб тузатиб берилган телевизор 15 кунгина ишлаб, яна бузилган. Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан сотувчига амалдаги қонун талаблари тушунтирилгач, нуқсонли товар янги, мақбул сифатдагисига алмаштирилган.

Марғилон. Қўштепа туманилик Н.Ю. шаҳар марказидаги савдо мажмуасидан Indesit русумли музлатгич сотиб олган. Лекин маълум вақт бир маромда ишлаб турган музлатгичда 2020 йилнинг апрель ойларига келиб нуқсонлар юзага чиққан. Шундан сўнг у бир неча кун давомида сотувчию сервис устахонаси ўртасида овораю сарсон бўлган. Муаммога Марғилон шаҳар жамияти мутахассисларининг аралашуви билан бир кун ичида, кафолат муддати давомида товарда юзага келган нуқсонлар бепул бартараф этилишига эришилган.

Ёйилма маҳалласида яшовчи Т.А. эса электр таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликдан норозилигини маълум қилган. Масала шаҳар жамияти ўрганилиши ва мутахассислари иштирокида ўтказилган қайта ҳисоб-китоб ишлари натижасида унинг ҳақиқатда қарздорлиги 299 110 сўм 37 тийиндан иборатлиги ёки корхона томонидан даъво қилинаётган қарздорликдан 400 минг сўмга камлиги исботини топган.

Зуҳро маҳалласида яшовчи А.Абдуллаевнинг Президент виртуал қабулхонасига қилган электрон мурожаатини ўрганиш давомида эса шаҳарда жойлашган Ойгул савдо мажмуаси ичидаги «777» телефон устахонасига FLO IQ 4504 русумли уяли телефони дисплейини таъмирлатиш учун топширганлиги, лекин телефон таъмирлаб берилгандан сўнг унинг экранида доғ пайдо бўлиб қолганлиги маълум қилинган эди. Мурожаатни ўрганиш давомида, юқоридаги сабаб билан истеъмолчининг мурожаатлари уч ойдан буён қаноатлантирилмасдан келаётганлиги маълум бўлиб, тезкорликда устахона бош устаси саъй-ҳаракатлари билан зарурий эҳтиёт қисм топиб келиниб, телефонга ўрнатиб берилди.

Худди шунингдек, Федерацияга мурожаат қилган Б.Исақовнинг авиачипта билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиб, унинг фойдасига 1 640 000 (бир миллион олти юз қирқ минг) сўм, О.Қамбаровнинг «Сувоқава» ДУКнинг Марғилон шаҳар филиалидан ҳисоблагичнинг 00442 метр куб кўрсаткичигача ёки 140295 (бир юз қирқ минг икки юз тўқсон беш) сўм миқдорида ҳақдорлиги, М.Тухтаеванинг кафолат муддати ўтган музлатгичида юзага келган нуқсонни бартараф этиб берилиши натижасида унинг фойдасига 350 000 (уч юз эллик минг) сўм ҳал этиб берилган.

Фарғона тумани. Фарғона тумани Аввал қишлоғида яшовчи М.Н.нинг мурожаатида Фарғона шаҳридаги қурилиш моллари бозори ҳудудидан сотиб олинган маҳсулотнинг ортиқчаси сотувчига қайтарилганлигини, лекин пулини ололмаётганлиги масаласи кўтарилган эди. Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижасида сотувчи истеъмолчига 200 минг сўм пулини қайтарилиб, улар ўртасида қолган 240 минг сўмини карантин тадбирлари енгиллаши ва тадбиркор ўз фаолиятини бошлаб олиши билан қайтарилиши бўйича муросага эришилди.

Фарғона тумани Чимён қишлоғида яшовчи Х.Тошбеков ўзи яшаб турган хонадони 8 сотих (0,08 га) бўлиб, унга жорий йил учун кўпроқ сотихга солиқ тўловлари чиқарилганидан норозилигини билдириб, ҳолатга аниқлик киритилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраганди. Туман жамияти томонидан "Ермулккадастр" Фарғона туман филиали ҳамда туман Давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда масала ижобий ҳал этилиб, фуқаронинг кадастр ҳужжатларидаги камчиликлар тўғриланди ва ер майдони 8 сотихлиги тўғрисида янги кадастр рақами берилиб, маълумотлар базасига киритилишига, солиқ тўловларини базада кўрсатилган янги кадастр рақами ва 8 сотих бўйича белгиланишига эришилди.

Лоғон қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Тоштемиров МИБ туман бўлимининг хонадони табиий газ тўловларидан 336339 сўм қарздорлиги ҳақида талабномасидан норози бўлиб ёзма ариза билан мурожаат қилганди. Мурожаат МИБ туман бўлими ходимлари иштирокида ўрганилиши жараёнида тушунмовчиликларни бартараф этилишига эришилиб, хонадондаги ҳисоблагичнинг 2944 метр куб кўрсаткичига 51000 сўм қарздорлиги мавжудлиги тасдиғини топди. Фуқаро томонидан мазкур қарздорлик бартараф этилганлиги маълумот учун қайд этилди.

Тошлоқ. Тошлоқ шаҳарчасида истиқомат қилувчи В.Эрматовнинг мурожаатида хонадонида истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларда юзага келган тушунмовчиликларга аниқлик киритиб берилиши масаласи кўтарилганди. Мурожаатни ўрганиш жараёнида истеъмолчининг 2018 йил 7 ноябрь кунида истеъмол қилинган ичимлик суви учун банк пластик карточкаси орқали тўлаган 300 000 (уч юз минг) сўм тўлови «Фарғона сув таъминоти» МЧЖ туман филиали ходимининг (ҳозирда собиқ) совуққонлиги оқибатида корхона компьютер базасига киритилмасдан қолиб кетганлиги маълум бўлди. Олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари натижасида хонадоннинг 1146 метр куб ёки 68180 (олтмиш саккиз минг бир юз саксон) сўм олдиндан тўловдалиги қайд қилинди.

Қумариқ маҳалласида яшовчи Т. Абдуллаеванинг мурожаатида «Тошлоқ-Қумариқ» йўналишида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган бир гуруҳ «Дамас» ҳайдовчилари йўналиш бўйлаб йўл-йўлакай чиқиб, бир-икки бекат юрилгач тушиб қолаётган йўловчилардан ҳам охирги бекатгача белгиланган йўл кира ҳақини олиниши бўйича талаб қўяётганлиги юзасидан норозилик билдирилган эди. Мурожаат юзасидан туман марказидаги автошоҳбекатда ўрганиш ўтказилиб, унинг натижаларига кўра бир-икки бекат юриб тушиб қолган йўловчидан қатъий 500 сўмдан ҳақ олиниши бўйича келишувга эришилиб, йўл кира ҳақларини олинишида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиниши йўлга қўйилди.

Конизар маҳалласида С. Раҳмонованинг оғзаки мурожаати асосида унинг “TRUST CREDIT TRADE” хусусий корхонасига қарашли кредит дўконидан сотиб олган қиймати 1 190 000 сўмлик бўлган «Милана» номли сув иситгичини ҳеч қанча фойдаланилмасдан, яъни уч ой ўтгач иситгичда нуқсон кузатилиб, яроқсиз ҳолатга келиб колганлиги ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Натижада икки кунлик муддат ичида нуқсонли сув иситгичини бепул таъмирлаб берилишига эришилди.

Бағдод. Бағдод тумани Қирқволида қишлоғида истиқомат қилувчи Ш.Азизов ва З.Мирзаакбаровларнинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатларида ҳудудда электр таъминоти масаласида юзага келаётган муаммо кўтарилган эди. Мурожаатни ўрганиб чиқиш давомида, туман электр таъминоти корхонаси ва туман истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиш жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида қишлоққа умумий қиймати 6 500 000 (олти миллион беш юз минг) сўм бўлган, янги, ТП-63 кВА русумли ток тақсимлагич билан таъминланишига эришилди.

Шунингдек, Чўринди қишлоғида яшовчи Махкамовлар оиласининг 4 нафар вакили жорий йилнинг март ойида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига олинган авиачиптадан форс-мажор ҳолат юзага келиб фойдалана олмаганликлари сабабли пулини қайтариб ололмаётганликлари масаласида мурожаат қилган эдилар. Ўрганишлар натижаси билан истеъмолчиларнинг авиачипта учун тўлаган 6 280 000 (олти миллион икки юз саксон минг) сўм пулларини қайтаришга эришилди.

Навоий вилояти Хатирчи туманида истиқомат қилувчи Собиржон Рўзиев уй шароитида асаларичилик билан шуғулланиш учун Бағдод туманидан махсус яшик (асалари уйи) сотиб олганлиги, лекин етказиб берувчи томонидан ишлар пайсалга солиб келинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ҳам ижобий этилиб, унга ҳар бир донаси 200 000 (икки юз минг) сўмдан жами 20 дона яшикларни етказиб берилишига эришилди. Оиласи ва тадбиркорлигим учун зарур бўлган умумий қиймати 4 000 000 (тўрт миллион) сўм бўлган яшикларни уйига етказиб берилганлигидан миннатдор бўлган истеъмолчи Хатирчидан Бағдодга миннатдорчилик хати юборди.

Бувайда. Фуқаро Х. Абдуллаев янги қураётган уйининг том қисмини ёпиш мақсадида Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган қурилиш савдо дўконларининг биридан сотиб олинган ва томга ўрнатилган шиферларнинг ёмғирдан сўнг ёрилиб кетганлиги юзасидан қилган мурожаати асосида ўтказилган ўрганиш якунлари билан, сотувчи ташаббуси ва истеъмолчининг розилиги асосида умумий қиймати 3200000 (уч миллион икки юз минг) сўм бўлган 100 дона шифер бошқа корхона маҳсулотига алмаштириб берилишига эришилди.

Орамизда «Мен танга пул олмайман», деб харидорни ранжитувчи сотувчилар ҳам учраб қолар экан. Федерацияга мурожаат қилган фуқаро А.Жўрабоев ўзи яшаб турган ҳудуддаги савдо дўконлари сотувчилари томонидан 500 сўмлик тангани тўловга қабул қилмаётганликлари юзасидан шикоят қилганди. Туман жамияти ходимлари томонидан мазкур ҳудудга ташриф буюрилиб, бу борадаги амалдаги норматив ҳужжатлар талаблари юзасидан тушунтиришлар берилгач, сотувчилар ушбу ҳолатни қайта такрорламаслигини билдириб, миллий пулимизнинг амалда муомалада бўлган банкнота ва тангаларини ҳеч қандай монеликларсиз тўловга қабул қилиб олишлари бўйича ваъда бердилар.

Қува. Туманда истиқомат қилувчи З.С. Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган оғзаки мурожаатида жорий йилнинг март ойида ўзи яшаб турган ҳудуддаги эҳтиёт қисмлари дўконидан «TEXA» русумли чилангарлик аппаратини 950 000 (тўққиз юз эллик минг) сўмга сотиб олганлиги, лекин аппарат кафолат муддати ичида икки марта куйиб қолганлиги, натижада икки марта таъмирлатишга мажбур бўлганлиги, мазкур аппаратни алмаштириш ёки пулини қайтарилишида ёрдам кўрсатилишини сўраганди. Мурожаатни ўрганиш доирасида фаолиятини тумандаги «Раста» буюм бозори ҳудудида амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор Б.Б. билан учрашилиб, қонун талабларидан келиб чиқиб, нуқсонли товарни мақбул сифатлисига алмаштириш, бунинг имкони бўлмаган тақдирда эса товар учун тўланган пулни қайтариш таклифи билдирилди. Сотувчи нуқсонли товар учун тўланган 950 000 сўм пулни истеъмолчига қайтариб бериб, ўзининг зиммасидаги мажбуриятини адо қилди.

Хонобод қишлоғида яшовчи фуқаро Н.Худойбердиева тумандаги истеъмол кредити савдо дўконидан сотиб олган мантиқасқони сифатсиз чиққанлиги юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилганди. Маълум бўлишича, у “IDEAL MEGA SAYQAL” МЧЖга қарашли кредит савдо дўконидан 250 000 (икки юз эллик минг) сўмга пулини тўлиқ тўлаш йўли билан мантиқасқон сотиб олган, лекин биринчи маротаба ишлатиш жараёнидаёқ мантиқасқоннинг ички қисми қорайиб қолган. У савдо дўконига келиб мазкур ҳолат юзасидан ўз эътирозларини билдирган ва товарни мақбул сифатдагисига алмаштиришни талаб қилган. Лекин унга рад жавоби берилган. Ўтказилган ўрганишлар натижаси билан мазкур истеъмолчидан нуқсонли товарни сотувчига қайтарилиб, унинг учун тўланган пулни тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Биз юқорида вилоятда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги айрим-айрим мисолларнигина келтириб ўтдик. Умуман олганда вилоят бўйича жорий йилнинг ўтган 5 ойи ичида истеъмолчиларнинг 280 млн сўмдан ортиқ ҳақ-ҳуқуқлари тиклаб берилишига эришилган бўлиб, ҳозирда мазкур йўналишдаги ишлар тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?