Фарғона вилояти мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта топшириш шартномавий режасини бажарди.

23:11 12 Октябр 2019 Жамият
566 0

Вилоятда фермер хўжаликлари томонидан238 минг 600 тоннадан ортиқ пахта мўл ҳосили етиштирилди.

Айни кунларда анъанавий деҳқончилик мактаби ярата олган фарғоналикларнинг миришкорлиги янада яққол намоён бўлди.Октябр ойининг 12 санасидаёқ пахта топшириш режасини муваффақиятли уддалай олган вилоят пахтакорларининг эришган зафари бугун барчани беҳад мамнун этмоқда. Бир сўз билан айтганда, улар пахтачилик кластерида Фарғона мўжизасини ярата олди, десак муболаға эмас.

Бу ютуқлар, албатта ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Аграр тармоққа инновацияларни кенг татбиқ қилиш, заминимизда етиштирилаётган хом ашёни ўзимизда қайта ишлашни чуқурлаштириш бугунги замон талабидир. Зеро, қишлоқ хўжалиги қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади. Шу боис вилоятда кейинги пайтда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга жиддий эътибор қаратилди.

2018 йилда илк бор Риштон туманида ушбу тизим қўлланган бўлса, 2019 йилда вилоятнинг 9 та туманларида пахта-тўқимачилик кластерлари амалиётга татбиқ этилди. Жорий йилда 2 минг 149 та фермер хўжаликлари 82 минг 80 гектар майдонга чигит қадади.

Пахта-тўқимачилик кластерининг бошқа ишлаб чиқариш тузилмаларидан афзалликлари шундаки, бу ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуйи ва аҳоли турли қатламларини ўзида жамловчи боғлам, айни пайтда соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир. У илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишда долзарб аҳамиятга эга.

Аввало, Фарғонада ғўзанинг “С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” , “С-6524” навлари бўйича жойлаштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотлари ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари таклифлари инобатга олинди.

Жорий йилда ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари алоҳида назорат асосида босқичма-босқич олиб борилди. Бунда аввало, кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захирасини тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига ўз вақтида узлуксиз етказиб берилиши ўз самарасини берди. Ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш мақсадида 113 та чорвачилик фермер хўжаликлари, 79 та паррандачилик корхоналари ҳамда аҳоли хонадонларидаги 465 минг тонна маҳаллий ўғит ва 127 минг тонна фекал захираси ғўза майдонларига чиқарилди. Шунингдек,ғўзани суғоришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 176 та “суғориш отрядлари“ ташкил этилди ҳамда 331 гектар майдонда томчилатиб, тупроқ шароити сувни кўп сарф қилинадиган майдонларда 176 комплект эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий этилди.

Бундан ташқари, вилоятда ғўза парваришида инновацион технологияларни қўллаш, ғўзани ривожини тезлаштириш ва ҳосилдорликни 3-5 центнерга ошириш мақсадида биологик фаол моддалар-биостимуляторларни қўллаш кенг татбиқ этилди.

Ҳудудда пахта йиғим-терими ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 1 минг 370 терим отрядларида 215 мингдан ортиқ теримчи ихтиёрий пахта йиғиштириб олишда иштирок этмоқда.

–Фермерлар бугун кўплаб оворагарчиликдан холи бўлди,–дейди “Файзли ой тонги кўрки” фермер хўжалиги раҳбари Тожиддин Ҳайдаров. – Минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда, керагича олмоқда. Ишчилар ўз вақтида ойлик маош билан таъминланаётир. Бу йилги терим аввалида ғўзанинг ривожи ва ҳолати жамият мутахассислари томонидан доимий назорат қилинди.Албатта, манфаат бўлган жойда ишга ҳам муносабат ўзгаради. Кластернинг афзаллигини бугун барчамиз ўз фаолиятимизда яққол кўрмоқдамиз. Бу йил “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзолаб, 35 гектар майдондан 45 центнердан пахта ҳосилини олдик.

“Ғалвирлар сувдан кўтариладиган пайт”да юқоридагидек саъй ҳаракатлар ўз самарасини берди.Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа ва Риштон туманлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, 15 иш кунида пахта топшириш шартномавий режасини бажарди. Ортидан Тошлоқ, Учкўприк, Бағдод, Бувайда,Бағдод туманлари ҳам бирин кетин контрактация шартномаларини уддасидан чиқди. Натижада вилоятда жорий йил 82 минг 100 гектар майдонда пахта мўл ҳосили етиштирилди.

– Кластер усули пахтачилик соҳаси истиқболини белгиловчи инновацион ғоя эканлигини тажрибада яққол намоён бўлди. 14 минг 800 тонна пахта топшириб, белгиланган режани қисқа муддатларда бажардик, – дейди Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов. – Бу усул самараси сифатида туманимиз фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти чўл ҳудуди бўлишига қарамай жадал ривожланишга юз тутди. “Баҳодир Лоғон текстил ” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда инновацион лойиҳа асосида илк марта пахта етиштиришда кластер усули қўлланилди. 119 та фермер хўжалиги билан 5 минг 210 гектар майдонда агротехник талаблар асосида пахтанинг серҳосил, эртапишар навларини парваришлади. “Баҳромбек”, “Хумо”, “Ҳайрулло” каби ўнлаб фермер хўжаликлари биринчи теримда 45-50 центнердан ҳосил олиб, шартномавий режани бажардилар.

Риштон туманидаги“Rus oʻzbek teks” масъулияти чекланган жамиятида илгарилари фақатгина калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди. Кластер усулининг жорий этилиши жамиятга кўплаб имтиёз ва имкониятларэшигини очди. Келгусида улар пахта етиштиришдан тортиб, то хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан якунланадиган тўлиқ тўқимачилик иш жараёнини яратади. Жамият директори Олимжон Олимовнинг таъкидлашича, эндиликда корхонада хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Чунки инновацион кластерда ерларни шудгорлашдан тортиб хом ашёни қайта ишлашгача бўлган босқич корхоналарни ишлаб чиқариш услуби билан бирлаштиради. Ҳисоб-китоблар қараганда, жорий йил якуни билан “Rus oʻzbek teks” масъулияти чекланган жамияти 20 миллиард соф даромад олишни кўзда тутган.

Фарғона вилоятидаги 384 хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар орасида Ўзбекистон – Сингапур “Indorama Kokand Textile” ип йигириш қўшма корхонаси етакчилик қилади. Бу ерда йилига 2 минг тонна юқори сифатли пахта ипи ишлаб чиқарилади. “Indorama Group” компанияси директорлар кенгаши раиси жаноб Пракаш Лохия бошчилигидаги бошқарув аъзолари ушбу ойда Фарғонада бўлди. Вилоят раҳбари ўртасидаги самимий мулоқот чоғида вилоятда компания сармояси иштирокидаги янги саноат корхоналари ташкил этиш истиқболлари муҳокама этилди. 

–Муҳокамалар чоғида жаноб Ғаниев узоқ йиллик изланишлар туфайли ниҳоят бу йил пахтанинг янги “Фарғона” нави яратилганлиги ва у вилоятингиз далаларида синовдан муваффақиятли ўтганлигини айтди, –дейди жаноб Пракаш Лохия.–Бу нав юқори сифатли, микронейери юқори, тортими қаттиқ ва пишиқ толалидир. Биз уни бажонидил Индорама корхонасида сайқалланган ип ишлаб чиқиш учун тақдим этамиз. Бу биз учун катта совға бўлди. Индорама дунёда сайқалланган ип ишлаб чиқарувчи энг йирик компания ҳисобланади. Биз янги “Фарғона” навли пахта толасини мамнуният билан жаҳон бозорига тақдим этамиз. Ўйлайманки, у ғоят харидоргир бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фарғона азалдан миришкор пахтакорлар, уста бободеҳқонлар юрти. Бугунги кунда ҳам бу эзгу анъананинг муносиб ворислари бўлган фарғоналик фермер ва пахтакорлар жорий йилги ютуқлар сарҳисобидан мамнун бўлиб, эртанги кун истиқболи умидида улкан орзу-мақсадлар билан янги марралар сари интилмоқда. Вилоят бўйича етиштирилган пахта ҳосилидан фермер хўжаликлари кесимида 1 трлн. сўм даромад ёки 270 млрд.сўм фойда олиниши кутилмоқда.

Ўзгаришлар палласида ўша давр нафасини ҳис қилиб, юрт тараққиётини тўғри ўзанга солиб юборган ҳақиқий миллат етакчилари дунёда кам топилади. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан биргина қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда кластер тизимини қўллаш бўйича илгари сураётган ғоялари ҳамда новаторлик фаолияти бунинг ёрқин тасдиғидир. Бундай изчил сиёсат ҳамда шиддатли замон талабларига ҳамоҳанг ташланаётган шахдам қадамлар уч-тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг дунёни ривожланган давлатлари сафидан жой олишига шак-шубҳа йўқ.

ЭлёржонЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019