Фаоллар йиғилишидан сўнг Президент ижтимоий объектлар ва янги лойиҳалар билан танишди

20:26 01 Март 2019 Сиёсат
568 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарорлари натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги “ANAMED” хусусий диагностика маркази ана шундай субъектлардан биридир.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу диагностика маркази фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослаштирилган ушбу марказ “General Еlectric”, “Siеmens” ва бошқа компанияларнинг илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Малакали кадрлар жамоаси шакллантирилган. Бу борада Буюк Британия, Япония, Россиядаги етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бир гуруҳ шифокорлар ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтган. Ҳиндистон ва Россиядан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган.

Ҳозир бу ерда ўттиздан ортиқ киши ишлайди. Шу ойда стационар ва физиотерапия бўлимлари фойдаланишга топширилиши билан яна элликдан зиёд янги иш жойи яратилади.

Давлатимиз раҳбари касалликларни даволагандан кўра, уларнинг олдини олиш зарурлигини, тўғри ташхис қўйиш ва касалликларни эрта аниқлаш учун бундай диагностика марказлари муҳимлигини таъкидлади.

Шу ерда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш ва китобхонлик маданиятини ошириш концепцияси тақдимоти ўтказилди. Унга мувофиқ, вилоятда яна 50 та маҳаллада кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўконлари барпо этиш, 4 та “Библиобус” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

 

Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, Наманганда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Наманган шаҳрининг Юксалиш маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ва ҳудудни ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди.

Юксалиш маҳалласи кейинги икки йилда бунёдкорлик майдонига айланди. 2018 йилда бу ерда 588 хонадондан иборат 7 қаватли 14 та арзон уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилди.

Жорий йил охиригача тураржойлар яна 14 тага кўпайиб, хонадонлар сони 1 минг 176 тага етказилади. Уйлар билан бирга инфратузилмалар бунёд этилади, атроф ободонлаштирилади.

Шавкат Мирзиёев уй-жойларни сифатли қуриш билан бирга уларга хизмат кўрсатиш даражасини ҳам ошириш зарурлигини таъкидлади.

Маҳалла ёнида 80 гектарлик кичик саноат зонаси ташкил этилиши, бу ерда 7 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Hyundai” автомобиль заводи ҳам шу ҳудудда барпо этилади. Ҳам ҳудуд, ҳам ишлаб чиқариш салоҳияти ортиши ҳисобига Юксалиш маҳалласи юқори технологик ривожланган шаҳарчага айланади. Одамлар шу ҳудуддаги кичик саноат зонаси ва йирик корхоналарда ишлайди.

Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрини замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида янада обод қилиш, аҳолига қулай шароит яратиш бўйича режалар, А. Хўжаев кўчасидаги бўш турган бино ўрнида “IT-park” ташкил этиш лойиҳаси билан танишди.

Президентимиз шаҳар марказида барпо этилаётган “Афсоналар водийси” боғи қурилиши билан ҳам танишди. Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ўхшаши кам бўладиган мазкур боғ вилоятнинг ташриф қоғозига айланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019